Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:39

Эркин микрофон - Амалга ошмаган адолат қомуси


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

7 декабр куни Озодликнинг “Эркин микрофон” рукнига сим қоққан тингловчи ва муштарийларимизга "8 декабр Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун сифатида нишонланади. Сиз учун Конституция нимани англатади? Сиз ўзингизни "Конституция ҳимоясидаман", деб ҳисоблайсизми?” деган саволларни бердик.

Биринчи суҳбатдошимиз назарида Конституция Ўзбекистондаги ëлғончи тузум ижод қилган бир қоғоз.

- Ассалому алайкум , Абдулла Искандар! Яхшимисиз?

Озодлик: Раҳмат. Менинг бир саволим бор эди. Ўзбекистон Конституцияси деган тушунча сиз учун нимани билдиради?

- Энди, ака, мана чет мамлакатларни кўриб ëтибмиз. Чет мамлакатларда ўша Конституция билан иш қилади. Ҳаммаси ҳимояланган бўлиб¸ ҳаммаси ўзининг ишини олиб бораяпти. Бу ерда номи Конституция бўлгани билан бунақа бўлмаяпти-ку. Билиб турибсиз. Конституцияни олиб борадиган одамлар тоза бўлиши керак, тўғрими? Тоза бўлмаса¸ қандай қилиб у нарса бўлади? Чет мамлакатларни кўраяпмиз¸ эшитаяпмиз. Қонун-қоидаларнинг ҳаммаси тўғри кетаяпти. Уни ишлайдиган¸ олиб борадиган одамлар тоза бўлиши керак.

Озодлик: Конституцияда “Бир одам икки мартадан кўп президент бўлмайди. Цензура йўқ” деб ëзиб қўйилган. Шу нарсалар амалда қандай?

- Амал қилиш йўқ ,ака¸ амал қилиш йўқ. Амал қилса¸ шулар шу нарсани қилармиди? Оилага бир одам бошчилик қилиб¸ пулларни олиб келиб бериб¸ айтиб турса болаларига¸ ўша нарса бўлади. Агар пулни олиб бориб бермаса¸ бир нарса бўладими? Қарамайди¸ қулоқ солмайди. Конституция Конституция бўлгани билан амалга ошмаса¸ ҳеч ким қарамайди-да. Ҳақини ололмаса¸ гапира олмаса. Бари ëлғон-да, энди. Ëлғон бўлаяпти, ака. Конституция бундай бўлмайди. Чет элникини кўраяпмиз. Ҳар бир бандига амал қилаяпти. Бу ерда банди у ëқда турсин¸ ëзилган нарсага амал қилмаяпти¸ дейди илк суҳбатдошимиз.


"Конституциянинг ҳамма моддасига амал қилинмайди"

Тошкентли нафақаҳўр амаки назарида эса бу амалга ошмаган адолат қомуси.

- Менинг фикримча¸ Ўзбекистон Конституциясида Ўзбекистон Республиакси ҳудуди ва Ўзбекистон халқининг ҳақ-ҳуқуқлари белгиланиб қўйилган. Мен шундай деб тушунаман.

Озодлик: Конституция мавжудлиги боис ўзингизни¸ жамиятни ҳимояланган ҳис қиласизми?

- Мен ўзимни ҳимояланган деб тушунаман. Сабаб деганда, мен бир ножўя иш қилмасам¸ менга ҳеч қандай ташқи томондан салбий таъсир йўқ. Аммо умуман Конституциянинг ўзини олганимизда¸ қисман¸ баъзи бир пунктлари ижро этилмайди-да, гапнинг қисқаси. Буни сиз ҳам яхши биласиз¸ кўпчилик оқ билан қорани танийдиган одамлар ҳам яхши билади.

Озодлик: Қайси бандлари¸ қайси моддалари?

- Конституцияда “Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи тенг” деб қўйилган. Шу тенглик аломатлари лавозими катта бўлган одамларнинг ва фуқароларнинг орасида катта фарқ бор. Қонун шу вақтда яхши ишламайди.

Озодлик: Конституцияда “Цензурага йўл қўйилмайди. Фуқаролар ўз норозиликларини намойишлар орқали билдириши мумкин” деган гаплар бор. Амалда шу нарсани кўрганмисиз?

- Бу нарсани амалда кўрмаганман. Сабаби¸ бу нарсани амалга ошириш учун, масалан, Тошкент ҳокимиятидан рухсат олиш керак-ку. Бу рухсат кўпинча¸ умуман берилмайди-да. Мустақилликдан олдин мустақиллик учун¸ ўзбек тили давлат тили бўлиши учун бўлган митингларга ҳеч қанақа тўсқинлик йўқ эди¸ ундан кейин мен умуман кўрмаганман. Бўлганларини ҳам қандай қилишганини сизлар радиода айтиб тургансизлар¸ дейди тошкентлик амаки.


"Бошлиқларга инсоф берсин"

Ҳозир Россияда мардикорлик қилаëтган бухоролик йигит учун эса Конституция эмас, балки тирикчилик муҳимроқ

- Ўзбекистон Конституциясини унчалик яхши билмайман-да мен.

Озодлик: Ўзбекистонда Конституция борлигини¸ байрам қилинишини биласизми?

- Биламан. 8 декабр Конституция куни.

Озодлик: "Менинг Конституциям бор", деб ўзингизни ҳимояланган ҳис қиласизми?

- Қандай қилиб ҳимояланган ҳис қиламиз? Қилиб бўлмайди-да. Мана, мен ҳозир Россияда юрибман. Ўзбекистонда иш йўқ. Шунинг учун оилани боқайлик, деб чет элларда юрибмиз. Қўпол бўлса ҳам мардикорлик қилиб юрибмизда. Конституция бўладими, йўқми қизиғи ҳам йўқ. Ўзбекистон ҳам тамом бўлган. Бойвачча яшаяпти¸ камбағаллар яшамаяпти. Президентимиз “Баркамол авлод йили” деб эълон қилди. Ҳеч ўзгариш бўлмайди, барибир. Шунча йил ўзгариш бўлмаган¸ бундан кейин ҳам ўзгариш бўлмаса керак деб ўйлайман. Катталарга ҳам¸ бошлиқларга ҳам инсоф берсин¸ дейди бухоролик йигит.


Ваъдаси қоп-қоп Конституция ёки сериал бошланганда ёнадиган чироқ

Қашқадарëлик амаки эса Конституция ваъда қилган фаровон ва тенг ҳуқуқли турмуш ўрнига чироқлар сўрамасдан ўчириб қўйилаверадиган зулмат ва ҳатто врачлар ҳам йиллаб ойлик олмайдиган тушуниксиз бир тизимда яшаëтганидан нолиди.

- Бу давлат одамлари учун қонун қабул қилинган кун. Лекин халқ ўртасида ҳеч ким бу нарсани сезмайди ҳам¸ қизиқмайди ҳам. "8 декабр Конституция куни экан", деб қўяди, бўлди... Бошқа ҳеч нарсани билмайди.

Бизнинг Чироқчи туманига қарашли марказий шифохонанинг ходимлари ҳали август¸ сентябр¸ октябр¸ ноябр ойликларини пул кўринишида ҳам¸ пластик кўринишида ҳам олгани йўқ. Мана, бешинчи ой кетаяпти. Пенсиячилар ҳам шунақа. Қарияларнинг сентябр пенсиясини уч кун бўлди узганига. Ëш болаларнинг нафақа пули¸ икки ëшгача олинадиган пулни ҳали уч ойлаб ҳеч кимга бергани йўқ. “Банкда пул йўқ” дейди.

Светлар ҳали ҳам ëнгани йўқ. Конституция муносабати билан Ўзбекистоннинг илғор одамларига Ўзбекистон қаҳрамони¸ меҳнатда ўрнак кўрсатган ходим¸ хизмат кўрсатган артист¸ ўқитувчи ва бошқа унвонлар берди. Президентимиз сўзга чиқди¸ нутқ сўзлади. Кейин концерт бўлди. Свет ўчганлиги учун биз уни телевизорда кўра олмай радиода эшитдик. Телевизор кўриш имконияти бўлмади. Ҳозир ҳам свет йўқ. Кечқурун соат 9 да корейсларнинг "Шерюрак "деган сериали бошланади. Ўшанда ëнади¸ дейди қашқадарëлик тингловчимиз.

Навоийдаги суҳбатдошимиз ҳам Ўзбекистон Конституциясини ижроси йўқ қонун деб билишини айтади.

- Конституция деганда қонунни тушунамиз. Амалда бўлмаса ҳам қонунни тушунамиз.

Озодлик: Конституция билан ўзингизни ҳимояланган деб ҳис қиласизми?

- Йўқ , албатта. Мен қатор Европа давлатларида¸ Россияда бўлганман. Ўзбекистончалик аҳвол қийинлигини ҳеч кўрмаганмиз¸ дейди навойилик тингловчимиз.

*********************************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG