Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:33

Футбол, нон-чой ва 5 миллион доллар


Мутахассисларга кўра, ўзбек футболини жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун ҳукумат ажратаётган маблағ етарли эмас.
Мутахассисларга кўра, ўзбек футболини жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун ҳукумат ажратаётган маблағ етарли эмас.

Ўзбекистон футболини қўллаб қувватлаш фонди 2010 йилда профессионал клублар қошидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабларини қайта қуриш, янгилаш учун 8 миллиард сўм, ёки 5 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 3 декабр куни бу борадаги қарорни имзолади.

Ўзбекистондаги футбол мавзуси эски мавзу. Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинини кузатмайдиган ўзбек кам топилса керак. Бироқ 1994 йилги Осиё чемпиони бўлганлигини ҳисобга олмаганда¸ Ўзбекистон футбол терма жамоаси бошқа бирор марта ҳам халқаро мусобақаларда ғолиб чиққани йўқ. Ўзбекнинг машҳур қизиқчиси Ҳожибой айтганидек:

“Зўр ўйнаган пайтлари кўп бўлаяпти. Айниқса¸ катта-катта мамлакатларнинг терма командаси келиб қолса Ўзбекистонга¸ ҳаммасини¸ кўз тегмасин, энасини кўрсатиб чиқариб юбораяпти. Лекин ўзлари четга чиқса¸ энасини кўриб қайтиб келаяпти-да”.

Ўзбек футболинининг, қизиқчи айтмоқчи, халқаро мусобақалардан "энасини кўриб" қайтмаслиги учун нима қилиш керак? Мана, Ўзбекистон ҳукумати беш миллион долларга яқин пул ажратди. Бу пулга, жумладан, Фарғонанинг “Фарғона”, Наманганнинг “Навбаҳор”, Самарқанднинг “Динамо” стадионлари капитал таъмирдан чиқарилиши ва халқаро стандартлар талабига мослаштирилиши назарда тутилган. Шунингдек, бу пул вилоятларда болалар футболини ривожлантиришга сарфланади.

Тошкентдаги футбол жамоаларидан бирининг мураббийси сўзларига кўра, шаҳардаги футбол клубларининг моддий базалари жуда яхши ва бундан нолимаса ҳам бўлади.

- База энди қурилаяпти¸ шаклланаяпти. Олдингига қараганда анча яхши. База шаклланаяпти. Ҳозир жуда катта ишлар олиб борилаяпти. Болаларни футболга қизиқтириш ҳозир Ўзбекистонда сиëсат даражасига чиққан деса бўлади. Ҳар битта клубнинг футбол академияси бор. Футбол академияларида болалар нафақат футбол¸ тил ўрганади¸ футболни профессионал даражада ўрганади. Олий лига футболчилари билан учрашиб¸ катта футболга ўша ердан қадам қўяди. Бу катта иш¸ дейди ўз исмини ошкор этилмаслигини сўраган тренерлардан бири.

Бироқ кузатувчиларнинг айтишларича, пойтахтдаги номдор футбол жамоаларининг шароитлари яхши бўлиши мумкин. Лекин бу соҳада вилоятлардаги аҳвол жуда ачинарли.

- Мана, яқинда чет элдан бир мутахассис келди. Газетада бир мақоласини берди. “Ўзбекистонда ниҳоятда зўр ëшлар бор. Футболни жуда яхши ўйнайдию¸ буларнинг асосий айби жисмоний ҳолати. Болалар 45 минут ўйнайди¸ кейин ўйнамай қўяди”, деган. Бу нима дегани? Масалан¸ боланинг ривожланиши 8-10 ëшидан бўлса¸ шунда калорияси кучли овқатларни еб катта бўлган болалар жамоага ўтгандан кейин ҳам кучли-кучли овқатларни ейди. Чет элдаги футболчилар ейдиган овқатнинг калориясини ўлчаб-ўлчаб беради. Бизда қишлоқдаги болалар нон билан чой ичиб катта бўлиб¸ футбол лицейларига келади-да¸ ҳозир лицейлардаги аҳволни кўрсангиз¸ раҳмингиз келади.

Бизнинг Наманганда футбол лицейлари бор¸ битта-иккита мактаблар бор. Уч маҳал овқат берилади¸ лекин калориясиз. Бу билан боланинг жисмоний ҳолати, у минг кучли ўйинчи бўлгани билан яхши бўлмайди. Ўзбекистон терма жамоасининг жуда кўп ўйинларини кузатамиз. Болалар 45-50 минут ўйнагандан кейин чарчаб¸ ҳаллослаб қолаяпти. Ҳукумат 5 миллион доллар ажратипти. Бу ҳеч нарса бўлмайди¸ дейди наманганлик Носир Зокир.

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида истиқомат қилувчи ўқитувчи Шукуржон аканинг фикрича, бразилиялик тренер Сколарига берилган 25 миллион долларлик маошни Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга сарфласа яхшироқ бўларди. Ўқитувчи бу пулга вилоятларда учта футбол академияси ташкил қилиш мумкинлиги ҳақида гапиради.

- Менинг назаримда¸ ўшанинг ўрнига учта вилоятда учта академия қуриш керак. Мактаблардан танлаш керак. Ота-онасини кўриш керак. Жисмонан бақувват бўлиши керак. Мана, европаликларни кўраяпмиз. Ҳатто европаликлар ҳам ярамай қолаяпти. Мана, Африкадан олишаяпти. Ҳозир кўпроқ асосий юлдуз футболчилар Африка томондан келаяпти. Бизда ҳам мана шунақа болаларни танлаш керак. Кейин буларни боқиш керак.

Бизнинг болаларимизда бунақа нарсалар етишмайди. Фақат чой-нон¸ чой-нон¸ топганда гўшт. Гўштимиз ҳам холестерин. Катталарини танлаб олиш керак-да. 25 миллион долларни вилоятларга бериб¸ мутахассисларни таклиф қилганда¸ болаларнинг отасини¸ онасини кўриш керак. Олманинг тагига олма тушади. Майда болаларни олаяпмиз¸ мана кўраяпмиз ҳеч нарса қила олишмаяпти. Чет эллик футболчиларнинг оëғини атрофида айланиб юриб қайтиб келишаяпти¸ дейди Шукуржон ака.

Унинг сўзларига кўра, футбол учун ажратилаётган пуллар нотўғри сарфланмоқда.

Гап яна ўзбекларнинг ўзидан чиқиши мумкин бўлган тренерларга тақалиб қолмоқда. Тошкентлик футбол мураббийси фикрича, ҳозир Ўзбекистон футболи жаҳон футболи тажрибасига эга бўлмаган мураббийсиз ривожлана олмайди. "Шунинг учун ҳам, - дейди у¸- бу мураббийлар тажрибасини ўрганиб, ўз мураббийларимизни яратишимиз керак".

- Ҳали эрта. Жаҳон футболи мутахассисларини олиб келиб¸ шуларнинг амалиëти билан тренерларни ўқитсак бўлади. Жуда кучли тренерларни етиштирса бўлади. Эски футболистларимиздан Игор Шквирин¸ Фарҳод Магаметов¸ Азамат Абдураимов¸ Геннадий Денисов¸ Миржалол Қосимов. Буларнинг ҳаммаси Хиросимада чемпион бўлган. Булар ўзбек футболида ўзига яраша из қолдирган одамлар. Ҳозир уларнинг вақти ўтди¸ мураббийлигини бошлади. Булар ўзбек футболи учун жонини берадиган одамалр. Ўшаларга ëрдам бериш керак¸ дейди тошкентлик футбол мураббийси.
XS
SM
MD
LG