Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:31

Туркманистон-Хитой қувури ишга туширилди


Янги қувурнинг ишга туширилишга бағишланган маросимда Хитой¸ Қозоғистон¸ Ўзбекистон президентлари иштирок этди.
Янги қувурнинг ишга туширилишга бағишланган маросимда Хитой¸ Қозоғистон¸ Ўзбекистон президентлари иштирок этди.

14 декабр куни Туркманистон ўзининг газ экспорт қилувчи қўшнилари билан ҳамкорликда Хитойга катта ҳажмда табиий газ элтувчи қувурни ишга туширди. Шундай қилиб Россиянинг бу соҳадаги яккаҳокимлигига барҳам берилди.

Кранни буриб, қувурга газ очиш билан Россиянинг Марказий Осиё табиий газини экспорт қилиш соҳасидаги яккаҳокимлиги тугатилди.

Узунлиги 1833 километрли Туркманистон – Хитой газ қувури уни ётқизиш тўғрисидаги битим имзоланганидан уч йил ўтибоқ ишга туширилди. Бу ўнлаб йиллар давомида ётқизилган биринчи муқобил газ қувуридир.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов янги газ қувурининг очилишини “мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг янги даври”, деб, уни “олтин давр”, деб атади.

Нефт ва газ бозори соҳасида шотландиялик эксперт Женнифер ДиЛей (Jennifer DeLay) Озодлик мухбири билан суҳбат чоғида янги қувурнинг аҳамияти тўғрисида гапирар экан, “Бу Россиядан бошқа томонга катта ҳажмда экспорт қилиш имконини берувчи биринчи йўналиш эканлиги билан Туркманистон учун катта аҳамиятга эгадир”, деди.

У, айни пайтда, Туркманистон – Эрон газ қувурининг мавжудлигини, бироқ ундан ўтадиган газ йилига 8 миллиардгина бўлиб, Россияга сотилаётган газ ҳажмига қараганда жуда оз эканлигини ҳам айтиб ўтди.

- Буни Россияга экспорт қилинаётган газ ҳажмининг йилига 50, 60, 70 миллиард куб метрни ташкил қилишига қиёсланса¸ анча кичик ҳажмдир. Хитойга газ ташувчи қувур эса йилига 30-40 миллиард куб метр газ ташишга мўлжалланган. Бу, албатта, Эронга сотиладиган 8 миллиарддан анча кўпдир¸ деди нефт ва газ бозори соҳасида шотландиялик эксперт Женнифер ДиЛей.

Режага кўра, Туркманистон-Хитой газ қувури ўзининг лойиҳа қуввати – йилига 40 миллард куб метрга 2012-йилда чиқади.

Россиянинг “Газпром” ширкати кейинги йилларда Туркманистон газининг 90 фоизини – 50 миллиард билан 65 миллиард куб метр ўртасидаги ҳажмни сотиб олаётган эди.

Жорий йил апрелида Туркманистон – Россия газ қувури яқинида юз берган портлашдан буён газ оқими тўхтаб қолган эди.

Томонларнинг газ оқимини қайта тиклаш устида сўзлашувлари якунига етай деб қолди, бироқ оқим тикланган тақдирда ҳам Газпром энди аввалги ҳажмнинг 50 фоиздан сал кўпроғини ола билади холос.

Айни пайтда Эронга қўшимча 8 миллиард куб метр газ элтувчи қувур ётқизилмоқда. Унинг жорий ой охирида очилиши кутилмоқда. Бундан ташқари¸ жанубий қўшнига Туркманистон яна 4 миллиард куб метр газ сотмоқчи. Демак, Эронга экспорт қилинадиган газнинг умумий ҳажми йилига 20 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.

Шундай қилиб, Эронга сотиладиган газ Хитойга сотиладиганга қўшилса, Россиянинг Туркман гази экспортидаги ҳиссаси кескин озайиб кетади.

Туркманистоннинг Сомонтепа газ конидан бошланиб Хитойнинг Шинжонигача чўзиладиган қувурнинг узунлиги 1833 километрни ташкил қилади.

Унинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган қисми 530 километр бўлади.

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ҳам Туркманистон-Хитой газ қувури орқали ўзининг 10 миллиард куб метр газини сотади.

Туркманистон – Хитой газ қувури Қозоғистон ҳудуди орқали ҳам ўтади ва бу мамлакат ҳам худди шу қувур орқали Хитойга йилига 10 миллиард куб метр газ сотади.

Туркманистон – Хитой газ қувурининг ишга туширилиши лойиҳада қатнашаётган барча давлатлар учун яхши имкониятларни очиб беради, демоқда таҳлилчилар.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин газ қувурининг тўла ишга туширилиши учун бир неча йил ва катта сармоялар талаб қилинса-да, бу лойиҳа бир томондан Марказий Осиёдаги газни экспорт қилувчи давлатлар учун ҳам, Хитой учун ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади, дейди.

- Минтақа давлатлари учун бу Хитой бозорига чиқишнинг янги имкониятини беради. Шунинг газни фақатгина Россия орқали экспорт қилишга муқобил йўналиш очилмоқда. Лекин ҳар доим ўз манфаатини кўзлаб иш қиладиган Хитой бу газ учун Европа нархларида тўламаслиги ҳам аниқ. Ҳатто ярмини ҳам тўламаса керак. Шунинг учун яқин куларда очиладиган янги қувур, бу мамлакатлар учун экспорт йўналишлари ва ресурслар манбасини диверсификация қилиш, Россия газ монополистларига ва Европадаги истеъмолчиларга босим ўтказиш нуқтаи-назаридан манфаатлидир. Яъни бу лойиҳа Марказий Осиё табиий ресурслари, хусусан, газ учун борадиган курашнинг бир элементига айланади, дейди москвалик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG