Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:18

"Ўзбекистон - Россия учун энг ишончсиз ҳамкор"


Кўпчилик ўзбекистонликлар учун Владимир Путин¸ ишончли ҳамкорнинг ишончли етакчисидир.
Кўпчилик ўзбекистонликлар учун Владимир Путин¸ ишончли ҳамкорнинг ишончли етакчисидир.

Россияликлар орасида ўтказилган сўнгги ижтимоий сўров хулосаси шундай янграйди. Айни пайтда¸ аксар ўзбекистонликлар назарида Россия Ўзбекистон учун постсовет ҳудудидаги энг ишончли ҳамкор¸ Бош вазир Путин эса¸ бу ҳудуддаги энг машҳур етакчидир.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш Умумроссия маркази "Россия учун МДҲ даги энг ишончли ҳамкор давлат ва давлат раҳбари ким?", деган саволга россияликлар фикрини ўрганди.

Олинган жавобларга кўра, россияликларнинг асосий қисми Беларус ва Қозоғистонни ўз давлати учун ишончли ҳамкор, деб билади. Сўралганларнинг 43 фоизи Беларусни МДҲ ҳудудидаги энг ишончли ҳамкор¸ деган бўлса¸ 31 фоизи бу мақомни Қозоғистонга беришни маъқул топган.

Россияликлар учун МДҲ давлатлари орасида ишончли раҳбарлар рейтингида ҳам шу икки давлат етакчиси — Александр Лукашенко ва Нурсултон Назарбоевлар етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистон эса россияликлар кўз ўнгида энг ишончсиз ҳамкор давлат, Ўзбекистон президенти энг ишончсиз давлат раҳбарларидан бири сифатида қолмоқда. Ўзбекистон ва унинг раҳбарига ишонч билдирган россияликлар сони атиги 3 фоизни ташкил қилмоқда.

Ушбу сўровни ўтказган Жамоатчилик фикрини ўрганиш Умумроссия маркази бош директори Валерий Фёдоров, Беларус ва Қозоғистоннинг россияликлар назарида энг ишончли ҳамкорга айлангани ортидаги сабабларни изоҳлайди:

- Аслида Қозоғистон ва Белaрус россияликлар назарида сўнгги 3-4 йилдан буён ишончли ҳамкорга айланди. Сабаблари жуда оддий. Ҳар икки давлат Россия билан ҳар томонлама интеграция ва ҳамкорлик ниятини билдирмоқда. Улар Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти, Божхона иттифоқи ва умуман, шу каби Россия билан бирликдаги барча ташкилотларга аъзо, дейди Валерий Фёдоров.

Ўзбекистонга нисбатан россияликлар ишончининг сустлиги сабабларини эса мутахассис шундай изоҳлайди.

- Ўзбекистонга оид бундай муносабатнинг уч сабаби бор. Биринчи сабаби¸ Ўзбекистон ёпиқ давлат ва Лукашенко ҳамда Назарбоевдан фарқли равишда¸ биз Россияда президент Каримов ҳақида жуда оз эшитамиз.

Иккинчи сабаби¸ Каримовнинг Россия билан муносабатлари россияликлар учун жуда зиддиятли туюлади. Чунки, бир қарасангиз Ўзбекистон Ғарб билан, бир қарасангиз Россия билан алоқаларни кучайтиришга уринади. Россияликлар айнан шу боис Ўзбекистон тимсолида ишончли ҳамкорни кўрмасликларини айтмоқда.

Учинчи сабаб эса¸ Россияда юрган ва мутлақо ўзгача маданиятда бўлган ишчи муҳожирларнинг нуфузидир. Яъни, жуда оз ойликли ишларда юрган, ҳоли хароб муҳожирларнинг давлатига ишонч паст бўлмоқда, дейди Жамоатчилик фикрини ўрганиш Умумроссия маркази бош директори Валерий Фёдоров.

Энг ишончли ва нуфузли давлат раҳбарлари сифатида ҳам айнан Александр Лукашенко ҳамда Нурсултон Назарбоевнинг танланиш сабаблари эса, Фëдоров фикрича, юқоридаги омиллардан келиб чиқади.

- Россияликлар назарида МДҲ ҳудудида энг хавфсиз ҳамда ҳаёт яхши бўлган икки давлат бор ва бу Беларус ҳамда Қозоғистондир. Бу асосий икки омил. Бошқа ҳолатлар бўйича эса бу давлатларда ва бошқа давлатларда ҳам аҳвол қанақалиги ҳақида россияликларда етарли ахборот йўқ, менимча. Масалан, Ўзбекистонга ҳам ишончнинг сустлиги айнан ахборотнинг етишмаслиги билан боғлиқ, деб ҳисоблайман. Россияликлар Ўзбекистонда нима бўлаётгани ва президенти нималар қилаётганидан шунчаки бехабар, холос, дейди Валерий Фёдоров.

Айни пайтда, россиялик таҳлилчи фикрича, бу халқаро ташкилотлар томонидан сўз эркинлиги бўғилган, деб эътироф этилган Россия матбуотининг йўналиши билан боғлиқ эмас. Балки айнан Ўзбекистоннинг хориж учун ёпиқ давлат экани ва Россия билан муносабатлари қатъий бир йўналишда олиб борилмаётгани билан боғлиқдир.

Биз Умумроссия маркази ўтказган мана шу қизиқарли сўровдан сўнг Озодликка сим қоққан тингловчиларимиздан баъзиларга мавзу билан боғлиқ ўз саволларимизни беришни лозим топдик.

Умумроссия сўров марказидан фарқли биз Ўзбекистон учун МДҲ даги энг муҳим, ишончли ҳамкор давлат ва давлат раҳбари ким, деган саволни ўртага қўйдик.

"Сизнингча¸ Ўзбекистон учун энг ишончли ҳамкор давлат қайси?" деган дастлабки саволимизга Озодлик респондентлари берган жавоблар ҳам россияликлар фикрининг қарийб акси бўлди

Биринчи суҳбатдош:

- Бу Ўзбекистоннинг ўзига боғлиқда. Ҳозир ўзини ҳаммадан алоҳида тутаяпти.

Озодлик: Майли раҳбарларни қўя турайлик. Сизнинг назарингизда қайси давлат ишончли ҳамкор бўла олади?

- Масалан, Қозоғистон билан яқинлашса бўлади. Мен ўзим Қозоғистонда яшаяпман. Қозоғистон билан алоқани яхши қилсак¸ жуда яхши бўлади. Ўрта Осиëдаги бешта туркий давлатлар бирлашса¸ яхши бўлади. Ҳозир Ўрта Осиëдаги бешта давлатни четдагилар талаяпти. Бу ëқдан Америка¸ бу ëқдан Россия¸ бу ëқдан Хитой. Биттаси газини олиб кетаяпти¸ биттаси нефтини олиб кетаяпти. Мана кеча Хитойга труба ëтқизилди. Улар бирлашмаса¸ уларга ҳеч қанақа шанс йўқ. Бештаси бирлашса¸ бутун дунëга сиëсатини ўтказадиган катта давлат ҳам бўлиши мумкин. Бизда бунақа бўлмаяптида. Европа иттифоқидай бўлмаяпти.

Иккинчи суҳбатдош:

- Россия. Мен ўзим ҳам ишлаб келдим шу ерда.

Озодлик: Демак¸ энг ишончли ҳамкор Россия?

- Алдаса ҳам пул беради. Бир ойдан кейин бўлса ҳам¸ икки ойдан кейин бўлса ҳам қўлингга пул беради.

Учинчи суҳбатдош:

- Қозоқ билан ўрисдан бошқа ҳеч ким бизга ëрдам қила олмайди¸ бизни боқа олмайди. Ленин акамиз бор эди. Чироқни ким олиб борган сенга? Ленин олиб борган¸ ўрис олиб борган. Агар Россия бўлмаса¸ Ўзбекистон йўқ бўлиб кетади.

Тўртинчи суҳбатдош:

- Энг ишончли ҳамкор¸ муомала яхши бўлса¸ президентга боғлиқ. Агар президент яхши сиëсат олиб борса¸ ëнидаги қўшни давлатларнинг ҳаммаси ишончли ҳамкор бўлиши мумкин. Ўзбекистон президенти бугун Қозоғистон билан яхши бўлса¸ эртага Россия билан яхши. Ишончли ҳамкор бўла олмайдида бу.

Озодлик: МДҲ мамлакатларининг ҳеч бири Ўзбекистон учун ишончли ҳамкор бўла олмайди демоқчисиз?

- Шундай. Чунки МДҲ мамлакатлари Ўзбекистондан ҳамкорликни кутмайдида.

Озодлик: Яхлит давлат сифатида олганимизда¸ сизнинг фикрингизча¸ қайси мамлакат бизга яхши ҳамкор бўлиши мумкин?

- Туркий давлатлар. Қирғизистон¸ Қозоғистон¸ Туркманистон яхши ҳамкор бўлиши мумкин. Булар ҳаммаси туркий давлатларда. Тили бир¸ дини бир.

Бешинчи суҳбатдош:

- Қозоғистонга ҳам ишонч йўқ. Эшитаяпмиз Қозоғистонда қандай бўлишини. Россияни ҳам эшитаяпмиз.

Озодлик: Қайси маънода эшитаяпсиз? У ерда ўзбекларнинг қийналганими?

- Шундай. Одамлар Қозоғистонга бориб келаяпти. Бир хилларининг расвоси чиқиб келаяпти¸ бир хилларининг ўлиги келаяпти. Тўғри гапда. Одамлар Россияга бориб яхши бўлиб келмаяпти. Ўзимизнинг Ўзбекистондан яхши ер йўқ. Худога шукур ўзимизнинг Ўзбекистонда амалласак бўлади.

Озодлик: Давлатлар даражасида қўшничилик алоқалари ҳам керакку.

- Керак эмас бизга. Ўзбекистоннинг ўзи мана шундай етиб ортади бизга.

Олтинчи суҳбатдош:

- Тўғри бизнинг раҳбарларимиз кескин ўзгариб қолиши мумкин. Шунинг учун бир пайт жанубга¸ иккинчи пайтда шимолга қараб қоламиз. Барибир руслар. Ҳозир русларнинг ҳамма нарсасининг рейтинги бизда баландку. Энг ишончли бўлган шериклар руслар бўлса керакда¸ дейди олтинчи суҳбатдош.

Кўриниб турибдики¸ Озодлик сўровида қатнашганлар назарида Ўзбекистон учун энг ишончли ҳамкор давлат аввало Россия¸ сўнгра Марказий Осиёдаги қўшни, туркий давлатлардир.

Иккинчи саволимиз - "МДҲ даги энг ишончли, нуфузли раҳбар ким?", деган саволга берилган жавоблар ҳам аввалгисидек ҳам кутилган¸ ҳам кутилмаган бўлди.

Биринчи суҳбатдош:

- Биринчи Медведев¸ иккинчи Назарбоев¸ учинчи Лукашенко. Учтаси яхши¸ ақлли одамлар.

Озодлик: Нимага?

- Булар божхона иттифоқига қўшилишдию. Бу халқ учун яхши бўлди.

Иккинчи суҳбатдош:

- Ҳозирги кунда энг етакчиси Владимир Путин бўладида. Чунки бу инсоннинг ўзига яраша тактикаси бор.

Озодлик: Шу тактика сизга маъқулми?

- Энди маъқул келадиганлари кўпроқда. Маъқул келмайдиган тарафлари ҳам бор.

Озодлик: Ўзбекистонлик сифатида сизга қайси жиҳатлари ëқди?

- Бор пайтларда ишлаш мумкин эди у ерларда. Мисол учун қанча одамларимиз ишлаяптику. Ҳазил аралаштириб гапирганда иш бераяптида.

Озодлик: Яъни Путин ўзбекка иш берди.

- Ҳа¸ шундай.

Учинчи суҳбатдош:

- Қизим¸ ким менга пул берса¸ шу етакчи.

Озодлик: Ким шунда?

- Ким менга пул бериб ишлатса¸ шу етакчи.

Озодлик: Сизга ким пул бераяпти?

- Кимнинг ишида ишласам¸ шу пул бераяпти.

Озодлик: Бу энди ҳазилига олганда. Жиддий олгандачи?

- Йўқ¸ ҳазил эмас. Ҳозир жиддий муаммо шу.

Тўртинчи суҳбатдош:

- Мен кейинги 10 йилликнинг ичида Путинни оламан. Ҳозир Бош вазир бўлиб турган бўлиши мумкин. Аслида МДҲ мамлакатларининг ичида сиëсатчилар орасида Путин биринчи ўринда турибди. Тўғри Назарбоев эски коммунист одам тез ўзгариб нима қилиб олди. Беларус раҳбари тўғрисида ҳам кескин фикрлар бўладику. Ғарбликлар учун унча ишончли эмас. Кўпчилик ўзбекистонликларнинг фикрича¸ Путин русларнинг иқтисодиëтини кўтарган¸ халқининг яшаш тарзини кўтарган.

Озодлик: Россия иқтисодиëтини кўтаргани учун Путинни етакчи деб ҳисоблайсиз-а?

- Ҳа¸ шундай.

Бешинчи суҳбатдош:

- Аниқ битта шахсни айта олмайман. МДҲ давлатларининг ҳаммасида ҳозир диктатура бор. Раҳбарларнинг сиëсатлари ҳам ëқмайди. Аниқ бир демократ етакчи йўқ¸ дейди бешинчи суҳбатдош.

Озодлик ўтказган кичик сўровдан аëн бўлишича¸ МДҲ даги энг ишончли ва нуфузли етакчи¸ ўзбекистонликлар кўз ўнгида¸ ҳануз Владимир Путин бўлиб қолмоқда.

Сиз нима дейсиз:

Постсовет ҳудудларида Ўзбекистон учун энг ишончли ҳамкор давлат қайсию МДҲ даги энг ишончли, нуфузли раҳбар ким?
XS
SM
MD
LG