Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:09

Зулм кучайса, экстремист кўпаяди


Тожикистон қамоқхоналаридаги шароитнинг оғирлиги ва маҳбусларнинг таҳқирланиши уларнинг нажот истаб турли экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Сўғд вилоят прокуратураси маълумотларида айтилишича, яқинда 3-қамоқхонада маҳбус Руҳниддин Шаропов бошлиқ қуролланган диний-экстремистик гуруҳ аниқланиб, зарарсизлантирилган. Экстремистлар ҳозиргача аниқланмаган йўллар билан қамоқхонага қурол-аслаҳа олиб кирган. Кейинчалик мана шу қуроллар ёрдамида улар қамоқхонадан чиқишни кўзлаган. Эслатиб ўтамиз, Руҳниддин Шаропов 2008 йилда Гуантанамо қамоқхонасидан Душанбега ўтказилган эди.

Яқинда авф этилган Индира исмли аёл қамоқхонадаги вазият ҳақида гапирар экан, Тожикистон қамоқхонасига тушишни душманига ҳам раво кўрмаслигини айтади.

- Тожикистондаги вақтинчалик сақлаш изоляторлари ҳам, қамоқхона ҳам - ҳаммаси бир гўр. Маҳбус у ерда инсон эмас. Уришади, номусга тажовуз қилишади. Жисмонан чиниққан кишиларгина соғлом чиқиши мумкин у ердан. Қолганлари эса албатта касалманд кимсаларга айланади, дейди Индира.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қамоқхонага тушганларнинг аксарияти - асосан илгари мусулмончилик қонун-қоидаларига риоя этмаган маҳбуслар бугунги кунда динга қизиқиши кучайиб бормоқда. Диндорга айланганда ҳам Ҳизбут-Таҳрир, Салафия, Байъат ёки бошқа оқимларга қўшилиб кетаяпти. Бу оқимлар аъзолари бугунги давлат сиёсатини қабул қилмайдилар.

Таҳлилчи Мирзоанвар Мирзокалоновнинг сўзларига кўра, қамоқхоналарда ҳукм сураётган адолатсизлик, қонун-қоидаларга риоя этилмаслиги оқибатида сўнгги пайтларда маҳбуслар аҳлоқи салбий томонга ўзгармоқда.

- Улар қамоқхонадан бугунги давлат сиёсатига, раҳбарларга нисбатан нафрат ҳиссиёти билан чиқмоқда. Турли диний гуруҳларга қарши курашиш учун жаҳолат йўлини эмас, балки маърифат йўлини танлаш керак. Ислом уламоларига катта минбар бериш, одамларга ҳақиқий исломни тушунтириш каби йўллар билан бу диний оқимларнинг кучини заифлаштириш мумкин, дейди Мирзоанвар Мирзокалонов.

Таҳлилчининг фикрича, собиқ маҳбуслар озодликда ҳам диний оқимлар аъзолари билан алоқани давом эттирмоқда. Шу боис ҳам мамлакатда йилдан йилга ҳозирги давлат сиёсатига қарши бўлган турли диний оқимлар сони ортиб бораяпти.

Тожикистон Ислом ўйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий “Азия плюс” ахборот агентлигига берган сўнгги интервюсида мамлакатда ҳанузгача шўролар методи қўлланилаётганлиги сабаб жуда кўплаб бегуноҳ одамлар қамалиб кетаётганлигини таъкидлайди.

- “Бугун Тожикистон қамоқхоналарда сақланаётган маҳбусларнинг 40 фоизи турли диний ташкилотларга аъзоликда гумонланиб қамалганлар” десам, хато бўлмайди. Қамоқхоналарда ҳақиқий экстремистлар жазо муддатини ўтаётганлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Бироқ бегуноҳ қамалганлар ҳам кам эмас.Мана шу бегуноҳ намозхон ёшлар биринчи навбатда экстремистлар домига тушмоқда. Ва ишонинг, охирги йилларда бегуноҳ қамалаётган ёшлар сони ошиб бормоқда. Қизиғи шундаки, бугун қамоқхоналар ўзига хос норасмий масжидларга айланиш билан биргаликда экстремистлар фаолияти учун жуда қулай масканга айланмоқда, дейди Муҳиддин Кабирий.

Ҳозирда Тожикистонда 10 дан ортиқ диний оқим фаолияти таъқиқланган. Бу ташкилотларга аъзоликда гумонланиб озодликдан маҳрум этилганлар сони 400 кишига етиб қолди. Улар орасида Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Ҳизбут-Таҳрир ташкилотлари аъзолари кўпчиликни ташкил этади. Расмий маълумотларга кўра, биргина Сўғд вилоятида жорий йилда йигирмадан ортиқ ЎИҲ ва қирққа яқин Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзоси маҳкамага тортилиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Айни пайтда вилоятда яна 30 га яқин тожикистонлик диндор устидан маҳкама бошланиши арафасида.
XS
SM
MD
LG