Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:07

Эронликлар Тожикистонда ГЭС қуради


Тожикистон ва Эрон президентлари учрашувида асосан иқтисодий масалалар муҳокама қилингани хабар қилинмоқда.
Тожикистон ва Эрон президентлари учрашувида асосан иқтисодий масалалар муҳокама қилингани хабар қилинмоқда.

Эрон Ислом жумҳурияти президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод 4 январ куни икки кунлик расмий сафар билан Тожикистонга келди. Унинг Тожикистонда қурилаётган Сангтўда-2 ГЭСи майдонида ҳам бўлиши кутилмоқда.

4 январ куни эрталаб бўлиб ўтган яккама-якка учрашувдан сўнг Тожикистон ва Эрон Ислом жумҳурияти президентлари қўшма баёнот имзоладилар.

Шунингдек, икки мамлакат ўртасида фуқароларни экстрадиция қилиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, геодезия миллий ахборот марказини таъсис қилиш, “Истиқлол” туннели ва Тожикистонда яна бир янги гидроиншоот - Айний ГЭСини қуриш каби олтита ҳамкорлик шартномаси имзоланди.


Сўнгра кўп сонли маҳаллий ва хорижий журналистлар учун матбуот анжумани берган Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз давлати Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини давом эттираверишини ва дунёдаги бирор-бир давлат бу икки қўшни давлат муносабатларини бузолмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Тожикистон ва Эрон ягона тарих, маданият ва динга эгалигини кўпчилик билади. Бу икки миллат асрлардирки, бир-бирига дўсту биродар. Биз эронликлар ўзимизни Тожикистонда худди уйимиздагидек ҳис қиламиз. Шуни назарга олган ҳолда айтмоқчиманки, бизнинг дўстлигимиз, муносабатларимиз самимийдир. Бизнинг алоқаларимизни ҳеч бир давлат ва ҳеч қандай омил буза олмайди, дея таъкидлади Эрон президенти.

Жаноб Аҳмадийнажод Теҳрон Душанбега энергетика мустақиллигини қўлга киритишдаги режасининг амалга ошишига яқиндан кўмаклашишини маълум қилар экан, Эрон ширкатлари Айний ГЭСи қурилишини ҳам ўз зиммасига олишини ва Тожикистон шимолида қурилаётган “Истиқлол” туннели учун яна 6 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратганини билдирди.

Ўз навбатида, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Маҳмуд Аҳмадийнажодга миннатдорчилик билдириш баробарида Тожикистон Эроннинг тинч ядровий дастурини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

- Бугунги музокараларимизда ҳам Тожикистон Эроннинг тинч ядровий дастури тарафдори эканини яна бир бор очиқладик. Бизнингча, бу мавзуга доир барча масалалар сиёсий ва дипломатик усуллардан фойдаланган ҳолда, музокара йўли билан ҳал қилиниши шарт, деди Тожикистон президенти Имомали Раҳмон матбуот анжуманида сўзлай туриб.

Аснода айрим мустақил таҳлилчилар: “Маҳмуд Аҳмадийнажод қайта ҳукумат тепасига келганидан сўнг Эронда кетма-кет юз берган қонли тўқнашувлар ҳамда Эрон ядровий дастури атрофидаги тортишувлар Аҳмадийнажоднинг кутилмаганда Марказий Осиёдаги қатор давлатларга сафар қилишга ундаган бўлса ажабмас”, дея мулоҳаза юритмоқдалар.

- Менимча, Аҳмадийнажоднинг Тожикистонга, ундан сўнг Марказий Осиёдаги қатор давлатларга сафар қилишининг асосий сабаби бу Эрондаги бугунги сиёсий вазият ва Эрон ядровий дастурига нисбатан АҚШ ҳамда Ғарб давлатлари томонидан амалга оширилаётган тадбирлардир. Дарҳақиқат, Эрон учун дунёдан ажралиб қолиш хавфи кучаймоқда. Шуни назарга олган ҳолда, Эронда Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва изоляция хавфидан қутилиб қолиш истаги кучли. Аҳмажийнажоднинг бугунги сафарининг асосий мазмуни ҳам шунда, деб биламан, дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Мулложонов.

Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Аҳмадийнажод ўтган йил ёзида иккинчи марта президентликка сайланганидан кейинги бу Тожикистонга илк расмий сафаридир.

Икки кунлик расмий сафар билан Душанбеда бўлиб турган Эрон президенти 5 январ куни Сангтўда-2 ГЭСи майдонидаги қурилиш жараёни билан танишиши кутилмоқда.

Эрон ширкатлари томонидан қурилаётган 220 МВтли мазкур гидроиншоот лойиҳаси қиймати 220 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, бу маблағнинг 180 миллион доллари Эронга тегишлидир.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод эртага куннинг иккинчи ярмида Ашхободга жўнаб кетади.
XS
SM
MD
LG