Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2022, Тошкент вақти: 21:40

Халқаро хабарлар

Рим папасига ўқ узган шахс озод қилинди

Туркияда бундан қарийб 30 йил муқаддам Рим папаси Иоанн Павел II га ўқ узиб, тан жароҳати етказган туркиялик Меҳмет Али Ағжа қамоқдан озод қилинди.

52 га кирган Меҳмет Али Ағжа умрининг 29 йилини қамоқда ўтказди.

Ағжа Рим папасига 1981 йилнинг 13 майида Римнинг Муқаддас Пëтр майдонида ўқ узган эди.

Бу ҳужум мотивлари шу кунгача қороғулигича қолмоқда.

Ағжа Папага ўқ узгани учун Италияда 19 йилга қамалган, 1983 йили Иоанн Павел II у билан учрашиб, гуноҳини кечирган эди. Италия қамоғидан озод қилингач, Ағжа Туркия ихтиëрига топширилган ва бу ерда у 1979 йили туркиялик журналистни ўлдирганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Хабарларга кўра, озод қилингач Али Ағжа Анқарадаги ҳарбий бўлинмалардан бирига олиб кетилган. Айтилишича, Али Ағжа ёшлигида армияда хизмат қилмагани учун мажбурий ҳарбий хизматга чақиртирилиши мумкин.

Кун янгиликлари

Россия: Мухолифатчи Алексей Навальний жарима изоляторига ташланди

Алексей Навальний

Россиянинг Владимир вилоятидаги колонияда 9 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган мухолифатчи Алексей Навальний жарима изоляторига тиқиб қўйилган.

Навальнийнинг Инстаграмдаги саҳифасида сиёсатчи уч суткага қамалгани тўғрисида хабар пайдо бўлган. Навальний номидан ёйинланган постда сентябрь ойи ўртасида унинг қариндошлари билан учрашуви борлиги, агар “муносабатини ўзгартирмаса”, унинг бу учрашувдан маҳрум бўлиши қайд этилган.

Мухолифатнинг жарима изоляторига қамалишига унинг иш вақтида коржомаси тепа тугмасини ечиб олгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Ўтган ҳафта Навальний колонияда касаба уюшмаси ташкил этганини маълум қилган эди.

Москва суди “Озод Европа/Озодлик радиоси” МЧЖни банкротлиги процедурасини бошлаш ҳақида қарор қабул қилди

“Озод Европа/Озодлик радиоси” медиакорпорациясининг Прагада жойлашган қароргоҳи

Москва арбитраж суди 15 август куни “Озод Европа/Озодлик радиоси” масъулияти чекланган жамияти банкротлиги процедурасини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Банкротликка оид ариза судга шу йил 4 мартида Федерал солиқ хизмати томонидан йўлланган. Суд кредиторлар талаблари реестрига МЧЖнинг 2021 йилги 7 миллион рубль атрофидаги солиқларни тўлаш бўйича қарзини киритган.

“Озод Европа/Озодлик радиоси” МЧЖ Россияда RFE/RL медиакорпорациясини тамсил этган ва “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунчилик талабига мувофиқ равишда 2020 йилда ташкил этилганди.

2021-2022 йилларда Роскомнадзор Озодликнинг рус хизмати таҳририяти ҳар бир журналистик материал остига медиакорпорация “хорижий агентлар” рўйхатига киритилганини илова қилишдан бош тортгани учун МЧЖ ва унинг бош директорига қарши мингдан зиёд маъмурий иш очган.

Бу ишлар бўйича судлар томонидан солинган жарималарнинг умумий суммаси қарийб миллиард рублни ташкил этган.

RFE/RL раҳбарияти фикрича, Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунчилиги сиёсий цензуранинг намоён бўлиши бўлиб ҳисобланади ҳамда журналистларга ўз касбий фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилади. Медиакорпорация Россия расмийлари хатти-ҳаракатларига қарши мамлакат судлари ва Европа инсон ҳуқуқлари судида ўз манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.

“Буларнинг ҳеч бирига қарамай, биз аудиториямизга Россия ва жаҳондаги воқеалар ҳақида ахборот етказишда давом этмоқдамиз. Вазият кўнгилсизлигича қолмоқда, бироқ корпорациямизнинг 70 йиллик тарихи вақт эркинлик фойдасига ишлашига далилдир, ҳатто Путин Россиясида ҳам”, дея билдирган аввалроқ RFE/RL президенти Жейми Флай.

Халқаро журналистик ташкилотлар ҳамда кўплаб мамлакатлар расмийлари аввал бир неча бор Озодлик радиоси ва Россиядаги сўз эркинлигини дастаклаб чиқишган.

“Толибон” Россиядан айирбошлаш йўли билан Афғонистонга миллион баррель нефть сотишни сўрамоқда

Ўтган йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” террор гуруҳи Россияга бир миллион баррель нефть сотишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Толибон” шакллантирган ҳукуматда саноат ва савдо вазири вазифасини бажараётган Нуриддин Азизий “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Азизийга кўра, “Толибон” бу ерда бартер савдоси вариантини кўриб чиқмоқда, яъни Россия томони Афғонистонда ишлаб чиқарган бирор маҳсулотга қизиқиш билдирса, ўша маҳсулот нефтга алмаштирилиши мумкин.

Шу йил июнида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда Афғонистон савдо-саноат палатаси раҳбари толиблар Россиядан беш минг тонна нефть ва икки миллион тонна ғалла сотиб олиш истагида эканини билдирган.

Хабарларга кўра, “Толибон” вакиллари нефть сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказиш учун 14 август куни Москвага боришган.

Афғонистонда ҳокимият тепасига бундан роппа-роса 1 йил муқаддам, яъни 2021 йил 15 августида келган толиблар кейинроқ ўз ҳукуматларини тузишганини эълон қилишган, бироқ бу ҳукумат жаҳон ҳамжамияти томонидан легитим дея тан олинган эмас. “Толибон” ҳаракатининг ўзи дунёдаги кўплаб мамлакатларда, шу жумладан Россияда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган. Шунга қарамай, ҳаракат вакиллари Москвага бот-бот ташриф буюриб туришганини қайд этиш мумкин.

Еревандаги савдо марказида қурбон бўлганлар сони 6 нафарга етди

Ереваннинг "Сурмалу" бозорида иш олиб бораётган қутқарувчилар, 2022 йил 14 августи

Арманистон пойтахтидаги “Сурмалу” улгуржи бозорида якшанба куни юз берган портлашда ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди. Олдинроқ ҳодиса чоғида 3 одам нобуд бўлгани хабар қилинган эди.

Вазирлик қайдича, портлаш чоғида 60 дан зиёд одам жароҳатланган, яна 16 киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда.

Айни пайтда ёнғин ҳалигача тўла ўчирилмагани айтиляпти. ФВВ маълумотига кўра, аланга 8-9 минг квадрат майдондаги барча нарсанинг кулини кўкка совурган, 21 та автомобиль ёниб кетган. Ҳозир воқеа жойида 185 нафар қутқарувчи ва 150 чоғли кўнгилли иш олиб бормоқда.

Портлашга айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ аввалроқ бозордаги пиротехника омборига ўт кетгани айтилган. Воқеа ортидан Арманистон Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатган.

Қоҳирадаги қибтийлар черковида рўй берган ёнғинда 40 дан зиёд одам нобуд бўлди

Миср пойтахтида жойлашган қибтийлар черковида 14 август куни содир бўлган ёнғин чоғида 41 киши ҳалок бўлган, яна 14 киши тан жароҳати олган. Қурбонларнинг кўпи болалар экани тахмин қилинмоқда.

Черковда ёнғин маҳаллий вақт билан соат 8:57 да ибодат ўтказилаётган пайтда чиққан. Ҳодисага қисқа туташув ёки кондиционердан чиққан ўт сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ал-Сиси ҳодиса ортидан Қибтийлар черкови патриархи Феодор II га таъзия билдирган.

Reuters агентлиги манбалари ёнғин чоғида 45 киши жароҳатлангани, Al Jazeera манбалари эса улар сони 55 нафарга етиши ҳақида маълум қилишган. Агентлик хабарига кўра, ибодат чоғида черковда беш минг атрофида одам бўлган.

Латвия россияликларга бериб бўлинган визалар ва яшаш учун рухсатномаларни бекор қилишни таклиф этмоқда

Эгилс Левитс

Россияликларга берилган виза ва яшаш учун рухсатномаларни бекор қилиш таклифи Латвия президенти Эгилс Левитс томонидан олға суриляпти.

“Аввалги ҳукуматлар томонидан яшаш учун рухсатномалар сотилгани, уларнинг россиялик фуқароларга бундай рухсатнома беришдаги ўринсиз ҳотамтойлиги (бунинг ортида айрим сиёсий тадбиркорларнинг ғаразли манфаатлари яширинган эди, холос) хавфсизлик учун таҳдидлар туғдирган ҳамда икки тиллиликка имкон яратган. Бу муваффақиятсиз ва хатарли сиёсатдан оқибатларини тафтиш қилиш вақти келди”, деган Левитс.

Бу ерда гап 250 минг евродан кам бўлмаган пулга Латвияда кўчмас мулк сотиб олганларга бу мамлакатда яшаш учун рухсатнома беришга оид аввал амалда бўлган дастур устида кетмоқда.

Ҳозирда Европа Иттифоқида россияликларга туристик визаларни беришни бекор қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Россия фуқароларига бу каби визалар беришни Латвия Украинада уруш бошланган 24 февралдаёқ тўхтатиб қўйган эди.

Уруш бошидан бери россияликлар Грузиядан 4 мингдан зиёд квартира сотиб олишган

Тбилиси манзараси

Украинада уруш бошланганидан бери Россия фуқаролари Грузиядан, асосан пойтахт Тбилиси ва Батуми шаҳридан 4 мингдан ортиқ квартира сотиб олишган. Улардан 3 минг 200 таси июль ойида харид қилинган. Бу ҳақда Михаил Саакашвилининг “Яхлит миллий ҳаракат” партияси маълум қилди.

Июль ойида Грузияга келган россияликлар сони рекорд даражага етган — Россиядан 150 минг киши келган. Январь ойидан бери эса Грузияга узоқ ёки қисқа муддатга келган россияликлар сони 350 минг нафарга етган.

Партия маълумотига кўра, ўтган ойлар мобайнида россияликлардан 16 минг 480 нафари Грузияда яшаш учун рухсатнома олган, бу ерда гап, афтидан, кўчмас мулк сотиб олганларнинг яқинлари ҳақида бормоқда. Грузия қонунчилигига мувофиқ, кўчмас мулк сотиб олиш мулк эгасига мамлакатда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини беради.

Аввалроқ Transparency International Georgia ташкилоти ўз ҳисоботида сўнгги ярим йил мобайнида Россиядан Грузияга 700 миллион доллардан кўпроқ кириб келгани ҳақида маълум қилган эди. Бу 2021 йили бутун йил давомида Россиядан келган пулдан ҳам кўпроқ.

Иддаоларга кўра, пул ўтказмалари кўплаб россияликларнинг Грузияга кўчиб ўтаётгани билан бевосита боғлиқ. Бу вақт оралиғида Россия фуқаролари Грузияда 6 минг 400 дан зиёд ширкатни рўйхатдан ўтказганлар.

Мухолифатдаги “Яхлит миллий ҳаракат” партияси “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясидан “россияликларнинг шубҳали даражада кўп оқиб келишига қарши” чора кўришни талаб қилиб келмоқда, бироқ бу чақириқ ҳали бирор амалий натижа бергани йўқ. Мухолифатчилар таклифлари орасида Россия фуқароларига квартира сотиб олишни тақиқлаш, уларга нисбатан виза тартибини жорий қилиш ҳамда чегарадан ўтишда россияликларга Грузия ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олишни кўзда тутувчи анкеталарни мажбурий равишда тўлдиртириш кабилар бор.

Назарбоев йил бошидан бери илк бор оммавий тадбирда иштирок этди

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида 12 август куни Марказий Осиёдаги энг катта ибодатгоҳлардан бири экани иддао қилинаётган масжид очилди. Уни собиқ президент Нурсултон Назарбоев очиб берди. Бу Назарбоевнинг йил бошидан бери Қозоғистонда ўтказилган оммавий тадбирда илк бор кўринишидир.

Informburo.kz сайтининг ёзишича, 10 гектар майдонни эгаллаган масжиднинг гумбази баландлиги 83,2 метрни, диаметри эса 62 метрни ташкил этади. Унинг чор тарафида баландлиги 130 метр келадиган миноралар бор.

Масжиднинг тамал тоши 2019 йилнинг март ойида – Назарбоев истеъфога кетишидан бир кун олдин қўйилган.

Собиқ президент жума кунги чиқишида унинг “айрим фуқаролар ва сармоядорлар ҳисобидан” қурилган “фундаментал масжид” эканини урғулаган. Назарбоевга кўра, мажмуа учун давлат маблағлари сарфланган эмас.

Масжиднинг очилиш маросимида Назарбоевга яқин бўлган айрим собиқ амалдорлар, шу жумладан, Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Асқар Мамин, президент ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиянинг собиқ раҳбари Қуаниш Султанов, Жамбил ва Олмаота вилоятларининг собиқ ҳокимлари иштирок этишган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати олти нафар қрим татарини қўлга олди

Қрим татарларининг уйларида ўтказилган тинтувлардан бири (архив сурати)

Аннексия қилинган Қрим яриморолининг Жанкўй туманида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) олти нафар қрим татарини тутиб кетди. Уларга Россияда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти фаолиятида иштирок этганлик айблови қўйилган.

Жиноят иш қўзғатишга оид қарорда «ташкилот иштирокчилари конспиратив учрашувларга боришиб, Россияга қарши фаолиятни амалга оширишган»и ҳамда маҳаллий аҳоли вакилларини “Ҳизбут-Таҳрир”га мойиллаштиришга уринишгани айтилган.

“ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумотига кўра, бу ерда гап Энвер Крош, Мурат Мустафаев, Сеитий Аббозов, Эдем Бекиров, Ринат Алиев ҳамда журналист Вилен Темерьянов ҳақида бормоқда. Бу одамларнинг ҳамда яқинларининг уйларида тинтувлар ўтказилган. Шундан сўнг қўлга олинганлар Симферополдаги ФСТ бошқармасига олиб кетилган. 12 август куни суд уларга нисбатан эҳтиёт чорасини тайин қилиши кутилмоқда.

“Грати” нашри Симферополга кетишда ФСБ ходимлари Энвер Крошдан мобиль телефонини ўчириб қўйишни талаб қилиб., уни калтаклашгани ҳақида хабар қилган.

Қрим яримороли 2014 йили Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин қрим татари миллатига мансуб юзлаб одам “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти фаолиятида иштирок этганликда айбланиб, жиноий таъқибга учраган. Улар орасида ўнлаб одам узоқ муддатга қамалган, қолганлари судни кутишмоқда.

Россияда “Ҳизбут-Таҳрир” фаолияти 2003 йилдан буён тақиқланган. Украина ва Европадаги кўплаб мамлакатларда ташкилот фаолияти ман қилинган эмас. Ҳаракат аъзоларининг террор хуружларини тайёрлаш ёки амалга оширишда иштирок этгани бирор марта ҳам қайд қилинган эмас.

Шольц: Украинадаги уруш учун шахсан Путин жавобгар

Германия канцлери Олаф Шольц (ўртада)

Германия канцлери Олаф Шольц 11 август куни Берлинда ўтказилган матбуот анжуманида Украинадаги уруш учун шахсан Россия президенти Владимир Путин масъул эканини билдирди.

Россия томонидан амалга оширилган муҳтамал ҳарбий жиноятларни қоралаган Шольц, dpa агентлиги хабарига кўра, “Путин судга тортилиши керакми?” деган саволга жавоб берган эмас.

Германия канцлери фикрича, Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлангани учун жавобгарлик оддий россияликларнинг эмас, балки мамлакат раҳбариятининг зиммасидадир. Бу ҳақда у Россия фуқароларига виза беришни тўхтатишга оид саволга жавоб бериш асносида сўзлаган.

“Агар санкциялар айбсиз бўлганлар дохил барчага қарши қаратилган бўлганида, бу уларнинг самарадорлигини сусайтирган бўларди”, деган Шольц.

Сиёсатчи виза беришни бутунлай тўхтатишни тасаввур қилиши қийинлигини айтган. “Бу Путиннинг урушидир”, дея қўшимча қилган у.

Шольцнинг айтишича, Европа Иттифоқи Россияга санкция босимини давом эттирмоқчи, Германия эса Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишда давом этади.

“Биз ўзимизни бу уруш Европа ва бизнинг мамлакатимиз дохил бутун дунёга таъсир кўрсатишига ҳозирладик”, деган Германия канцлери.

Аввалроқ Германия Ташқи ишлар вазирлиги санкцияларнинг галдаги пакети доирасида ЕИ Россия фуқароларига виза беришни бекор қилиш таклифини муҳокама қилиши ҳақида маълум қилган.

Қозоғистонда танк ҳайкалига Z ҳарфини ёзиб кетган фуқаро ҳибсга олинди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Сарань шаҳрида суд танк ҳайкалига Z белгисини ёзиб қўйган маҳаллий фуқарони етти суткага ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, шахси очиқланмаётган саранлик киши майда безориликда айбланган. Суд матбуот хизмати қайдича, 54 ёшли эркак ўзига қўйилган айбловни тан олиб, қилган ишидан афсусда эканини айтган.

Z ҳарфи Россия томонидан Украинага уюштирилган босқиннинг норасмий рамзи бўлиб ҳисобланади. Бу белгидан урушни дастаклаш учун ўтказилган акцияларда кўп бора фойдаланилган. Z ҳарфи Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кирганига қарши чиққанларнинг хонадонлари эшикларига чизиб кетилган.

Қозоғистонда Z белгиси Украинадаги жанговар ҳаракатларни дастаклаш рамзи сифатида расман тақиқланган эмас. Бироқ бу белги ёпиштирилган автомобиль эгалари транспорт воситалари эксплуатацияси қоидаларини бузганлик моддаси бўйича жаримага тортилган.

Эстония шенген визаси бўлган россияликлар учун чегарасини ёпмоқчи

Расмий Таллин шенген визасини олган россияликларга ўз чегараларини ёпиш ҳақида қарор қабул қилган.

Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалунинг 11 август куни билдиришича, айни пайтда бу борада “айрим истиснолар кўзда тутилган”.

“Бир ҳафтадан кейин Эстония томонидан берилган шенген визаларига нисбатан санкциялар қўлланилади. Бу визалар ҳақиқий бўлиб қолишини англатади, бироқ виза олганларга Эстонияга киришда санкциялар жорий қилинади, яъни уларга Эстонияга кириш тақиқланади”, деган вазир.

Аввалроқ Латвия Россияни террорчиликни дастакловчи давлат ўлароқ тан олиб, ЕИни россияликларга виза беришни бас қилишга чақирган.

АЭХА раҳбари Запорожье АЭСига шахсан бормоқчи

Запорожье атом электр станцияси

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси Запорожье атом электр станциясига бориши керак бўлган экспертлар миссиясига етакчилик қилишни истайди.

“Мен БМТ Хавфсизлик кенгашини яқин келажакда АЭХАнинг мазкур объектга ташрифига шахсан раҳбарлик қилиш ниятим борлиги ҳақида ҳам хабардор қилмоқчиман”, деган Гросси эҳтимолий ядровий фалокат хавфини камайтириш учун агентлик вакилларининг Запорожье АЭСида бўлиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини урғулаган.

Халқаро агентлик раҳбари Запорожье атом электр станциясига ташрифдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг АЭСдаги вазиятга оид мажлисида иштирок этиб, объект атрофидаги ҳолат ҳақида гапириб беришни режалаган.

Запорожье АЭСи жорий йилнинг март ойида Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган, ўшандан буён объект россияликлар назорати остида бўлиб турибди. Айрим нашрларнинг ёзишича, Россия армияси АЭС ҳудудига артиллерияни жойлаштириб, объектдан “ядровий қалқон” ўлароқ фойдаланган ҳолда Украина назорати остидаги ҳудудларни ўққа тутмоқда.

Россияда ўз жонига қасд қилган болалар сони қарийб 40 фоизга ошди

Ўтган йили Россияда ўзини ўзи ўлдирган болалар сони ундан аввалги йилга қиёсан тақрибан қирқ фоизга кўпайган – 2021 йилда бу мамлакатда 753 нафар бола ўз жонига қасд қилган, 2020 йилда бу кўрсаткич 548 нафарга тенг эди.

Мазкур рақамлар Россия президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича омбудсмен аппарати маслаҳатчиси Роман Чуприков томонидан “давра суҳбати” чоғида эълон қилинган.

Москвадаги Психиатрия илмий-тадқиқот институти суицидология бўлими илмий ходими Каринэ Кешчян эса, ўз навбатида, охирига етмай қолган худкушлик уринишлари сони бундан анча кўплигини қайд этган. Унга кўра, суицидал уринишни амалга оширган жуда кўплаб бола мутахассислар диққат марказига тушмасдан, касалхонадан чиқиб кетяпти, чунки ота-оналар консультациялардан бош тортишмоқда.

2020 йил охирида Ёшлар муҳитини ўрганиш ва интернетда мониторинг қилиш маркази Рунетдан фойдаланувчи ўсмирларнинг 600 мингдан зиёди ўзини ўзи ўлдириш мавзуси бўйича тармоқдан маълумот қидиришини очиқлаган эди.

Мирзиёев шахмат олимпиадаси ғолибларини тақдирлашга оид фармонни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, чемпионга айланган ўзбек шахматчилари, уларнинг мураббийлари ҳамда олимпиаданинг бошқа иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Фармонга мувофиқ, миллий терма жамоа аъзолари Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан, терма жамоа мураббийлари Владимир Егин ва Иван Соколов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан, миллий терма жамоа аъзолари Мафтуна Бобомуродова, Маржона Маликова, Умида Омонова, Афруза Ҳамдамова ва Нилуфар Ёқуббоевалар эса “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланади.

Мирзиёев чоршанба куни Тошкент архитектура қурилиш институти талаба ва ўқитувчилари билан мулоқот чоғида шахмат олимпиадаси чемпионларига автомобиль совға қилишга қарор қилганини билдирган.

“Шахматчиларимиз кечқурун уйига 400 миллионлик машина миниб борса, ота-онаси: “Болам, ҳеч нарса қилмасанг ҳам шахмат ўйна”, деб айтади”, деган жумладан Ш. Мирзиёев.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG