Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:07

Ҳаити янги таҳдидлар қаршисида қолмоқда


Миллионлаб ҳаитиликлар тирик қолиш учун халқаро ëрдамга кўз тикмоқда.
Миллионлаб ҳаитиликлар тирик қолиш учун халқаро ëрдамга кўз тикмоқда.

12 январ куни Рихтер ўлчови бўйича 7,0 балл куч билан содир бўлган кучли зилзиладан азият чеккан Ҳаити аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида етиб бормагани учун мамлакатда талон-тарож ва зўравонлик кучаймоқда.

АҚШ ҳарбийлари озиқ-овқат ва ичимлик сувини аҳолига ҳаво орқали етказиб беришга киришди. Ҳаитида хавфсизликни таъминлашга 10 мингдан ортиқ хориж ҳарбийлари жалб этилганига қарамай, яна минглаб қўшимча куч жойлаштиришга чақириқлар бўлмоқда.

Халқаро кучлар зилзила оқибатида вайрон бўлган Ҳаити пойтахти Порт-о-Принсда аҳолига фавқулодда ёрдам етказиш баробарида авж олаётган талон-тарож ва зўравонликни тўхтатиш ҳамда вазиятни назорат қилиш учун саъй-ҳаракат қилмоқда.

БМТ полицияси зилзила пайтида шикастланган омборлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари ўғирлаб кетилишининг олдини олиш учун бор имкониятни ишга солмоқда.

Ройтер ахборот агентлигига интервью берган ҳаитиликлардан бири бошпанасиз, оч қолган оиласини боқиш учун ҳар қандай шахс бундай вазиятда қандай иш қилиши керак бўлса, у ҳам худди шундай қилаётганини айтади.

- Биз бу ерда егулик бирор нарса қидиряпмиз. Чунки халқаро ёрдам ҳозиргача бизга етиб келмади. Жуда кўп одам ичимлик суви, озиқ-овқат ва кўрпа-тўшак етказиб берилишини кутаяпти, дейди оч қолган ҳаитилик.

Порт-о-Принс шаҳрида дайдиб юрган ўғрилар тўдалари уйсиз қолган ҳаитиликларга ҳужум қилиши мумкин. Мухбирларга кўра, шу боис полиция ва қўшинларга заиф қолган одамларни ҳимоя қилиш вазифаси топширилган.

Ҳаитилик журналист Пиерре Готсон юзага келган вазиятни Озодликка тасвирлашга уринади.

- Хавфсизлик ҳақиқий муаммо. 5000 га яқин маҳбус маҳаллий қамоқдан қочган. Кеча эрталаб олган маълумотимга кўра, ҳисоб-китоб қилиш учун, полиция ходимларидан ўч олиш ва талон-тарож қилиш учун улар жиноий тўдаларга бирлаша бошлаган, дейди ҳаитилик журналист.

АҚШ ҳарбийлари ҳозирга қадар зўравонликларнинг тўхтатилгани ва бу гуманитар ёрдам миссиясига халал бермаслигини айтди.

Айни пайтда тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш соҳасида бўҳрон юз беришидан огоҳлантирмоқда. Расмийлар табиий офат натижасида 200 мингга яқин одам ҳалок бўлганини айтмоқда.

Ҳаити ҳукумати вазирига кўра, шу пайтгача зилзила пайтида нобуд бўлган 70 минг одамнинг аксари оммавий қабрларга кўмилган.

Ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар ходимлари Ҳаитида хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани учун бошпанасиз қолган ўн минглаб аҳолига ёрдам кўрсатиш мураккаблашаётганини айтди. Уларга кўра, зилзила оқибатида ўн минглаб бола етим қолган.

БМТнинг Тинчликни сақлаш миссияси бошлиғи Алан Ле Рой пойтахт Порт-о-Принс ва қўшни Доминикан республикаси ўртасида “гуманитар йўлак” очилганини айтди.

Ҳозир Ҳаитида БМТнинг 9000 нафар полициячиси ва тинчликни сақловчи кучлари фаолият юритмоқда. 19 январ куни БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ҳаитига яна қўшимча 3500 аскар жўнатиш ҳақидаги таклифни тасдиқлади.

- Мен Хавфсизлик кенгашига 1500 нафар БМТ полицияси ходимлари сонини 67 фоизга кўпайтиришни тавсия қилдим. Мен Хавфсизлик кенгашига 2000 аскардан иборат қўшинлар сонини олти ой давомида 30 фоизга кўпайтиришни тавсия қилдим, деди БМТ Бош Котиби.

Ҳаити қирғоқларига ўз ҳарбий кемаларини жўнатган АҚШ Ҳаитида қўшимча 2000 аскардан иборат денгиз пиёда кучлари жўнатишни режаламоқда. Табиий офат вайрон қилган бу давлатда ҳозир АҚШнинг 1 700 нафар ҳарбийси бор.
XS
SM
MD
LG