Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:12

Афғонистонда парламент сайловлари кечиктирилди


Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси вакили Фозил Аҳмад Маънавий парламент сайловларини майда ўтказишга қатор сабаблар монеълик қилаётганини айтди.
Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси вакили Фозил Аҳмад Маънавий парламент сайловларини майда ўтказишга қатор сабаблар монеълик қилаётганини айтди.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси жорий йилнинг май ойига белгиланган парламент сайловларини сентябр ойига қолдиришга қарор қилди.

Мустақил сайлов комиссияси вакилларига кўра, хавфсизлик, таъминот, яъни сайлов варақаларини барча сайлов участкалари етказиб бериш масаласи ҳамда бюджет билан боғлиқ муаммолар туфайли парламент сайловларини кечиктириш қарори қабул қилинган.

- Бюджетдаги камомад, хавфсизлик масалалари, шунингдек, сайлов варақаларини участкаларга етказиб бериш билан боғлиқ масалалар туфайли ҳамда ушбу жараённи яхшироқ ташкиллаштириш мақсадида Афғонистоннинг сайлов тўғрисидаги қонунига мувофиқ сайловларни кечиктиришга қарор қилдик. Парламент сайловлари 2010 йилнинг 18 сентябр куни ўтказилади, деди Кобулда матбуот анжумани ўтказган Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси вакили Фозил Аҳмад Маънавий.

Кобулдан келаётган хабарларга кўра, мамлакатдаги бир қатор хорижлик дипломатлар сайловнинг кечиктирилиши олқишлаганлар.

Мамлакат президенти Ҳамид Карзай парламент сайловларини имкон қадар май ойида ўтказишни талаб қилиб келаётган эди. Бироқ кўпгина хорижлик дипломатлар август ойида бўлиб ўтган президент сайлови чоғида кузатилган жиддий қонунбузарчиликлар каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида парламент сайловларини кечиктириш тарафдори бўлиб келаётган эдилар.

Август ойида ўтказилган президент сайлови нафақат Ҳамид Карзай, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам шармандагарчиликка айланди.

Ушбу сайлов давомида қайд этилган қонунбузарчилик ва овозларни сохталаштириш билан боғлиқ бир неча ҳафта давом этган тортишув ҳамда берилган овозларнинг бир миллионга яқини бекор қилингандан сўнг Ҳамид Карзай ва унинг сайловдаги асосий рақиби собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ сайловнинг иккинчи босқичида ўзаро куч синашадиган бўлди. Бироқ Абдуллоҳ Абдуллоҳ иккинчи босқичда иштирок этишдан бош тортди ва Ҳамид Карзай Афғонистоннинг сайланган президенти, деб эълон қилинди.

Агар навбатдаги сайловда ҳам сохтагарчиликка йўл қўйиладиган бўлса, толибларга қарши курашаётган Афғонистон ҳукуматига бўлган қувватловга путур етиши мумкинлиги ҳақида ҳам мамлакат ичкариси, ҳам ташқарисида хавотирлар билдирилаётган эди.

Бундан ташқари, кўпгина давлатлар халқаро кучларнинг толибларга қарши ўтказилаётган амалиётларда иштирок этиш ўрнига май ойида сайлов участкалари хавфсизлигини таъминлаш билан овора бўлиши мумкинлиги хусусида ҳам ташвиш билдириб келаётган эдилар.

Айни пайтда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай бир ҳафтага мўлжалланган хорижий сафарга отланмоқда.Карзай Буюк Британия, Германия ва Туркияга боришни режалаган. 28 январ куни эса Лондонда Афғонистон масаласига бағишлаб йирик халқаро анжуман ўз ишини бошлайди. Унда хавфсизлик масаласи ва Афғонистон ҳукуматига ёрдам бериш каби масалалар муҳокама этилади.
XS
SM
MD
LG