Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:27

Қозоқлар Хитойга ер берилишига қарши


Олмаотадаги митинг мухолифатдаги "Азат" партияси уюштирди.
Олмаотадаги митинг мухолифатдаги "Азат" партияси уюштирди.

Олмаотада Қозоғистон томонидан Хитойга 1 миллион 200 минг гектар ернинг ижарага берилишига қарши бўлиб ўтган норозилик митингида 5 мингдан кўпроқ одам қатнашди. Митингдан сўнг президент Назарбоев истеъфосини талаб қилган норозилар ҳибсга олинди.

30 январ куни Олмаота шаҳрида мухолифатдаги “Азат” партияси қозоқ ҳукуматининг Хитойга бир миллион гектардан кўпроқ ерни ижарага беришига қарши норозилик митингини ўтказди.

Ушбу митингни Қозоғистондаги бошқа мухолифатдаги партиялар ҳам қўллаб-қувватладилар.

- Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов совет давридан буён махфий хизмат учун ишлаб келгани барчамизга аён. У кўп йиллар давомида Хитойда ишлаб келган. Бундай Бош вазир билан биз ўз мустақиллигимиз, суверенитетимизни қўлдан бой беришимиз мумкин.

Биз қозоқ ерининг Хитойга берилишига қаршимиз. Мамлакатда миллиондан ошиқ одам ерсиз, ишсиз ўтирибди. Биз ўз еримизнинг фақат қозоғистонликларга берилиши тарафдоримиз, деди мухолифатчи Бўлат Абилов.

Эслатиб ўтсак, ўтган йил декабр ойида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Хитой ҳукумати соя ва рапс экиш учун бир миллион 200 минг гектар қозоқ ерини ижарага бериш илтимоси билан мурожаат қилганини айтганди.

Шундан сўнг қозоқ мухолифати Қозоғистонннинг Хитойга ўз ерини ижарага бериши эҳтимолидан ташвиш билдириб, бунга кескин қаршилик кўрсатганди.

Мухолифат норозилигини кўпчилик қозоғистонликлар қўллаб-қувватламоқдалар. Бугунги норозилик митингига 5000дан ошиқ одам тўпланди.

- Ҳозирги куёвлар ва қариндош-уруғлар бандаси мамлакатни ҳусусийлаштириб бўлди. Биз ҳамма бойликларни улардан қайтариб олишимиз керак. Бу муаммонинг илдизи ҳозирги қонунчилик ва мамлакатнинг талон-тарож қилиб, уни хорижий корпорацияларга бериб юбораётган ҳукумат.

Ер ҳақидаги қонун ва ерга бўлган шахсий мулк ҳақидаги кодексни бекор қилмоқ керак, деди яна бир мухолифатчи Айнур Қурманов.

Мухолифат ташкиллаштирган норозилик митинги тинч ўтди. Тартиб сақланишини эса, юзлаб ҳуқуқ-тартибот ва махфий хизмат ходимлари таъминлаб турди.

Бироқ мухолифат митинги якун топгач, ҳозирда қозоқ жамиятида мавжуд норози аҳоли қатлами, ишсизлар, ипотека олиб ҳозирда банкка пул тўлай олмаётганлар, яшаб турган ерлари ноқонуний ўзлаштириб олинган дея айбланиб, бошпаналаридан маҳрум бўлганлар қозоғистонликлар гуруҳи президент истеъфоси талаби билан Олмаотанинг Абай кўчаси томон ҳаракатлана бошладилар.

Шу пайт митинг ўтказилаётган жойда назорат ўрнатган ўнлаб полициячилар ва махфий хизмат ходимлари норозилик акцияси иштирокчиларининг йўлини тўсиб, норозиларнинг аксарини ҳибсга олди.

Ҳозирда Қозоғистон ҳукумати ва президентига нисбатан норозилик билдириб чиққан қозоғистонликлар ички ишлар бўлимларига олиб кетилгани маълум бўлди.

Қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларининг уларга нисбатан қандай чора қўллаши, ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG