Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:44

Меҳнат муҳожири ҳисобига ошган фаровонлик


Ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз фикрича, мамлакат аҳолисининг аксарияти янги машина олишга ҳали ҳам қурби етмайди.
Ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз фикрича, мамлакат аҳолисининг аксарияти янги машина олишга ҳали ҳам қурби етмайди.

2009 йилда Ўзбекистонда “GM-Uzbekistan” заводида ишлаб чиқарилган 160 мингта автомобил харид қилинган. Бу ҳақда президент Ислом Каримовнинг ҳукумат йиғилишида сўзлаган нутқига таяниб, “Регнум” агентлиги хабар қилди.

Агентлик хабарига кўра, президент Каримов нутқи давомида залга йиғилган амалдорларга мурожаат қилиб, “2008 йилда неча автомобил сотилди?” деб сўраган.

Залдан: “80 мингта”, деган жавобни олгач: “2009 йилда нечта?” дея яна савол берган. Залдан: “160 мингта” деган жавоб берилган.

“Мана шу фуқаролар турмуш фаровонлиги яхшилангани кўрсаткичидир!” дея президент Каримовдан иқтибос келтиради “Регнум” агентлиги.

Бир кун сўнгра эса бу ҳақда Ўзбекистон телеканалининг “Ахборот” дастурида каттагина кўрсатув берилди.

Ана шу расмий баёнотлар ортидан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қиладиган муштарийларимиз билан боғланиб, уларга: “Ўзбекистонликлар томонидан автомобил харид қилиш қуввати ошганми ва буни аҳоли фаровонлиги ошгани кўрсаткичи, деб ҳисоблайсизми?” деган саволни бердик.

Дастлабки суҳбатдошимиз - Бухоронинг Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи таниқли нонвой, ширмой кулча устаси Ражаббой Абдураимов президентнинг гапларига тўлиқ қўшилишини айтди.

Унинг оиласи ўтган йили ва шу йил бошида Асакадаги заводда ишлаб чиқарилган 2 та янги автомобилни харид қилган.

- Бир йилда 2 та машина олдим, десам хато қилмайман. Ҳалол меҳнат билан. Биттасини 2009 йил, яна бирини 2010 йилда олдим. Иккиси ҳам ўзимизнинг ЎзДЭУнинг машинаси. Бизнинг Ғалаба маҳалласида 450 та хонадон бўлса, шу маҳаллада камида 200 та машина бор.

Озодлик: Шу 450 та хонадонга 2009 йилда нечта янги машина кириб келди, тахминан?

- 20 тача келгандир.

Озодлик: Кимлар харид қилаяпти асосан?

- Ҳа энди, синглим, ҳозир иш йўқ-ку. Шунинг учун тадбиркорлар ва отаси хориждан пул жўнатаётганлар харид қилаяпти. Кейин бизнинг Ғиждувон халқи жуда меҳнаткаш ва ишбилармон. Бизнинг тумандан Тошкентга қатнайдиган 500 та автобус бор. Бизнинг бозор эса вилоятда битта. Ҳатто Қорақалпоғистондан келади харидорлар. Шунақа қилиб, тадбиркорлик билан одамлар пул топаяпти-да.

Озодлик: Шунинг учун ҳам автомобил олганлар кўп экан-да. Бу энди фуқаролар турмуш фаровонлиги ортгани далолатими, сизнингча?

- Ишқилиб, меҳнат қилса, одам қуруқ қолмайди. Мустақиллик даврида мен иккита уй қурдим, битта хонадоним 3 та бўлди. Келин туширдим. Ҳалол меҳнатим билан. Мустақилликдан мен мингдан-минг розиман. Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратлари Жомеъ масжидини обод қилишга у киши бош-қош бўлганлар, ҳурматли президентимиз. 2003 йилда мен ҳурматли президентимизнинг қўлларини олдим. Совет даврида етишмаган орзуларимга мустақиллик даврида етишдим. Мен президентимиз Каримовдан мингдан-минг розиман. Шу гапимни, албатта, эфирда эшиттиринг, дейди ғиждувонлик Ражаббой Абдураимов.


Хоразмлик собиқ молиячи, кўп йиллар солиқ тизимида ишлаган Озодбек Ҳаққулов эса Ўзбекистонда сотиб олинган автомобиллар сонининг кўпайгани аҳоли фаровонлигидан дарак, деб ҳисобламайди.

Унинг маҳалласига 2009 йилда тахминан 10 та янги автомобил кириб келган.

- Маҳалламизда 10 тача янги автомобил сотиб олинди. Ҳаммаси ўзимизнинг заводдан чиққан. Пули йўқлар эса совет замонидан қолган машиналарни ямаб юрибди.

Озодлик: Асосан кимлар янги машина харид қилаяпти?

- Энди кимлар бўларди, мана масалан, бизнес билан шуғулланадиганлар, Россияга бораётганлар. Масалан, менинг ҳам 2 та неварам Англияда, яна 2 таси қизи билан Россияда. Шулардан келадиган пул переводларига машина олишаяпти-да.

Озодлик: Ўзбекистонда ишлаб, пул топиб, янги машина олиш мумкинми?

- Йўқ, йўқ. Пенсия пули ёки ойликка машина олиб бўлмайди. Бундан ташқари, ўзимизни янги автмобилларни валютага сотишаяпти. Валюта кўпчиликда йўқ.

Озодлик: Мана маҳаллангизга 2009 йилда 10 та янги машина кириб келибди. Шуни фарвонлик кўрсаткичи, деб ҳисоблайсизми?

- Йўқ, дейди Озодбек Ҳаққулов.

Қўқонлик ногирон суҳбатдошимиз Рустам ака яшайдиган кўчага 2009 йилда 2 та янги автомобил кириб келди ва унинг фикрича, ўтган йилда машина харид қилганлар сони ҳақиқатда ҳам сезирларли даражада кўпайган.

- Ҳа, ҳа, ҳақиқатдан ҳам машина олган кўпайди. Аммо илгари - 2007, 2008 йилда машина олганлар яна биттадан олаяпти, холос. Бу ёқдаги деҳқон одам олаётгани йўқ. Ташқарида ишлайдиганлар ёки дўхтир, милиционерлар оляпти.

Озодлик: Аҳолига икки баробарга кўп машина сотилгани, яъни 2008 йилда 80 мингта ўрнига 2009 да 160 мингта автомобил сотилгани, сизнингча, фаровонлик кўрсаткичи эмасми?

- Йўқ, қандай қилиб кўп машина сотилгани фаровонлик кўрсаткичи бўлади? Одамлар ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ-ку?! Энди машина олганлар бошқалар. Ўтган йили бизнинг маҳаллага келган иккита машинанинг ҳам биттасини дўхтир олди. Яна бирини олганнинг эса бу — учинчи машинаси. Бу фаровонлик далолати эмас, дейди Рустам ака.

Жиззахлик ҳисобчи Фарҳоджон: “Янги-янги автомобил минаётганлар ҳануз пулдорлар, қўли юпқа халқ эса ҳануз пиёда кун кечираяпти”, дея хулоса қилар экан, “Асакадаги заводда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг кўп харид қилаётгани аҳоли фаровонлигидан дарак эмас”, деган фикрни таъкидламоқда.

- Тўғри, машина сотиб олишаяпти. Москвич, 06, 07...

Озодлик: Ўтган бир йил ичида маҳаллангизга нечта янги машина кириб келди.

- Кирган бўлса, 5-6 та киргандир, унча кўп киргани йўқ.

Озодлик: Нечта оила яшайди маҳаллангизда?

- Маҳаллада 360 тача оила яшайди.

Озодлик: Қаернинг машиналари улар?

- Ўзимизнинг Асака заводидан чиқаётган машиналар – Дамас, Нексия, Ласетти. Қолгани эса Жигули, Москвичлар...

Озодлик: Янги машинани кимлар харид қилаяпти?

- Баъзилар хорижда ишлаб, машина олишаяпти. Баъзилар эса нормал ишда ишлайдиган, пули бор, завод-фабрика раҳбари олиши мумкин. Оддий одамлар ололмайди. Битта маҳаллада, масалан, 360 хўжалик яшайдиган бўлса, ўшаларнинг ҳаммаси ҳам бой эмас-ку. Ўзига тўқ хонадонлар 30-40, нари борса 50 та бўлиши мумкин.

Озодлик: Сизнингча, машина сотиб олиш кўпайганми охирги бир йил ичида?

- Унчалик кўпайган эмас лекин. Бойиган бойиб кетаяпти, камбағал камбағаллигича қолиб кетаяпти, дейди жиззахлик Фарҳоджон.

Исмини айтишни истамаган яна бир ўзбекистонлик суҳбатдошимиз эса Озодлик билан суҳбатда буни фаровонлик нишонаси, деб ҳисоблашини ва Ўзбекистонда ҳам ишлаб, пул топиб, бемалол автомобил харид қилиш мумкинлигини таъкидлади.

- Жуда кўпчилик машина сотиб олаяпти, бу тўғри. Ҳар ким ҳар хил йўллар билан. Бунинг устига, ҳозир Ўзбекистонда машина нархи пасайди. Илгари 30 минг долларга олинадиган машинани ҳозир 11-12 мингга, сал бундайроғини 8-9 минг долларга олсаям бўлади. Бу томонлари яхши. Хорижда ишлаганлар кўпроқ сотиб олишаяпти. Ўзбекистондаям саноқли бўлса-да, яхши пул топаётган одамлар бор.

Озодлик: Ким ўша кишилар?

- Кўпроқ бозордагилар.

Озодлик: Буни фаровонлик кўрсаткичи, деб биласизми?

- Айрим вилоятларимизни, айрим қишлоқларимизни ҳисобга олмаганда, шаҳарларимизда жуда яхши.

Озодлик: Шаҳарда яшаб, 3-4 сўм жамғариб, машина олса бўлади, қишлоқда имкон йўқ, шундайми?

- Қишлоқда энди мол боқиб, қўй боқиб, шунинг пулига олса бўлади. Яна кичик корхоналар қилса бўлади. Унинг учун тадбиркорлар кўпроқ завод фабрикалар очиши керак.

Озодлик: Бунга имкон борми?

- Имкон бор, Каримов томонидан берилаётган имкон бор, дейди исмини айтишни истамаган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Марғилонлик тадбиркор Исломжон ака эса “2009 йилда мамлакатда машина сотиб олиш кўрсаткичининг ошгани аҳоли фаровонлигидан далолат эмас”, дея қатъиян эътироз билдирди.

- Машина харид қилган ҳақиқатан ҳам кўпайди. Аммо чет элда ишлаётганлар олаяпти. А-так, ойликка ишлайдиган одам, “Поле чудес”да айтишганидек, 50 йилдаям машина ололмайди.

Озодлик: Демак, сиз буни аҳоли фаровонлиги ошётгани кўрсаткичи, деб ҳисоблайсизми ёки йўқ?

- Аҳоли фаровонлиги ошаяпти. Аммо чет эл ҳисобигада. Россия, Корея, Хитой. Ички манбадан эмас.

Озодлик: Ҳар ҳолда харид қилинган машиналардан келаётган пул аҳоли рўзғорига кираяпти. Демак, фаровонлик ошяпти-да?

- Ҳа, албатта. Аммо, опа, тўғриси, шу фаровонлик ҳам, масалан, мен бир йилдан бери лаҳм гўшт харид қилганим йўқ, тўғриси.

Озодлик: Йўғе?!

- Бор гап. Ёнимизда қассоб бор. Ҳар гал бораман, 1 ярим минг сўмга суяк оламан. Бир йилдан бериш шу аҳвол. Тоза, лаҳм гўшт олганим йўқ. Халқнинг фаровонлиги 75 фоизга 25, опа.

Озодлик: Сиздан аввал ҳам бир-икки тингловчи шундай гап айтган эди. Бошқа тингловчиларимиздан: “Жуда оширворди, унчалик эмас”, деган эътироз бўлди. Масалан, мен ҳам бу гапга ишонишга чўчияпман, ака. Наҳотки, бир йил ичида бир кило лаҳм гўшт олиш имкони бўлмаган бўлса?!

- Имкон бор, албатта, имкон бор. Аммо бошқа томондан шароит тор бўлгани учун рўзғорингизга қараб туриб, “кел, шу лаҳм гўштни бугун эмас, эртага олсам, сабр қилсам”, дейсиз-да, опа! Боринг, 2002 йилгача ҳам қассобга кириб, “1 кило гўшт беринг”, дейишга уялардим. Қўрқмай “2 кило тортинг”, дердим. Ҳозир қассобга бориб, “500 сўмлик гўшт беринг”, десангиз, 500 сўмлик беради, “1000 сўмлик” десангиз, 1000 сўмга гўшт беради. Ҳозир бош шароит шу, опа, дейди Исломжон ака.

Демак, марғилонлик тадбиркор фикрича, Ўзбекистонда ҳақиқатда ҳам автомобил сотиб олиш кўпайган, аммо бу Ўзбекистоннинг ички имконияти эмас, балки юзлаб мардикорларнинг хориждан жўнатган маблағлари эвазига бўлаётгани боис бу президентнинг аҳоли фаровонлиги ошди, дея мақтанишига дастак бўлолмайди.
XS
SM
MD
LG