Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:19

Президент халқ турмушидан мамнун


Оддий ўзбекистонликларга кўра¸ инфляция ва бозордаги нарх-наво даромаддан кўра тезроқ ва кўпроқ ошмоқда.
Оддий ўзбекистонликларга кўра¸ инфляция ва бозордаги нарх-наво даромаддан кўра тезроқ ва кўпроқ ошмоқда.

Вазирлар Маҳкамасида қилган сўнгги чиқишида Ўзбекистон президенти 2009 йили аҳоли реал даромадининг 26, 5 фоиз, маошларнинг эса 40 фоизга ошганини билдирди. Аммо аксар ўзбекистонликлар ўз турмуш даражасининг¸ Каримов баëнотидан фарқли¸ пастга шўнғиëтганидан шикоят қилмоқда.

2009 йилда ички ялпи маҳсулот кўлами 8,1 фоизга ўсди. Инфляция даражаси 7,4 фоиздан ошмади. Давлат бюджети профицит билан якунланди. 940 минг янги иш ўрни яратилди. Мамлакатда 120 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Иқтисодга 8,2 миллиард доллар сармоя ётқизилди.

Бу президент Каримовнинг 29 январ куни Вазирлар Маҳкамасида сўзлаган нутқидан олинган маълумотлар.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваровнинг айтишича, бу рақамлар бир оз оширилган, лекин умуман олганда реалликдан узоқ эмас.

- Рақамларга келсак, улар бир оз оширилган. Лекин улар Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистонга нисбатан берган башоратларидан жиддий фарқ қилмайди, дейди Дмитрий Поваров.

Иқтисодчи жаҳон иқтисодий инқирози шароитида Ўзбекистон бюджети профицит билан якунлангани тўғрисидаги маълумот кўпчиликда тушунмовчик пайдо қилиши мумкинлигини, аммо бу профицит айрим соҳаларни молиялашдан тежалган маблағ ҳисобига пайдо бўлганини айтади:

- Иқтисодий инқироз шароитида профицитли бюджет тежамкорлик сабабли пайдо бўлади. Профицит - чиқим оз, даромад кўп бўлганини англатади. Ўзбекистонда бюджет профицити бюджет инвестицияси, бошқарув тизими харажатларини қисқартириш ва социал соҳадаги тежамкорлик асосида яратилган бўлиши мумкин. Чунки, Ўзбекистон бюджетининг 80 фоизи социал соҳага йўналтирилган, дейди Дмитрий Поваров.

Иқтисодчи Ўзбекистонда 2009 йилда 940 минг иш ўрни яратилгани тўғрисидаги маълумотни ҳам шубҳа остига олмайди. Унинг айтишича, 2009 йилда Ўзбекистон иқтисодига ётқизилган 8,2 миллиард доллар ҳисобига бу миқдордаги ишчи ўрни яратиш мумкин.

Айни пайтда Марказий Осиё, Ўрта ва Узоқ Шарқ давлатларини ўрганиш лойиҳасини амалга ошираётган Бишкекдаги старегик таҳлил ва башорат институти директори Ақилбек Салиев бу борада бошқачароқ фикр билдиради.

- Муайян статистик нуқсон¸ деган тушунча бор. Бу собиқ иттифоқда ҳам, бошқа давлатларда ҳам мавжуд тушунча. Бу тушунчага кўра, давлат маълумотни ўз манфаатига тўғирлаб ҳисобга олади, реал ҳаётда эса тамоман бошқача кўриниш ҳукм суради. Мана шу тушунчага таянган ҳолда, Ўзбекистондаги ҳаёт статистикадан тубдан фарқ қилади, деб айтишимиз мумкин, дейди Ақилбек Салиев.

Қирғизистонлик тадқиқотчига кўра, Ўзбекистон иқтисодида ўсиш бўлгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилиб бўлмайди, бироқ аҳоли даромадларининг 26.5 фоиз, маошларнинг эса 40 фоизга ўсгани ҳақидаги маълумотлар муқобил манбалар билан солиштирилишга муҳтож. Аммо Ўзбекистонда бу борада муқобил тадқиқот олиб борган манбалар мавжуд эмаслиги, бу рақамларнинг текширилишига катта тўсиқдир.

- Ўзбекистонда тоғ-кон комбинатлари, нефт ва газ корхоналари муваффақиятли ишламоқда. “Лекин уларнинг муваффақиятли фаолияти оддий фуқаролар фаровонлигига қандай таъсир кўрсатяпти?” деган саволнинг жавоби жуда баҳсталаб. Оддийгина мисол, катта иқтисодга эга бўлмаган Қирғизистонда ўртача иш ҳақи 200 доллар. Бироқ иқтисоди нисбатан кучли ҳисобланган Ўзбекистондан Қирғизистонга ишлаш учун минглаб мардикорлар келади. Айни пайтда қирғизистонликлар Ўзбекистонга ишлагани бормайди, қирғизистонликлар Қозоғистон ва Россияга бориб ишлашни маъқул кўради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ўзбекистонликларнинг даромади анча паст¸ деган хулосага келиш мумкин, дейди Ақилбек Салиев.

Ўз номини айтишимизни истамаган, молия соҳасида ишлаб пенсияга чиққан самарқандлик тингловчимиз эса Ўзбекистонда аҳоли реал даромадлари ва иш ҳақининг ўсиб бораётганини инкор этмайди. Бироқ унинг фикрича, бу даромадни инфляция еб тугатмоқда.

- Тўғри ўсаяпти. Мана яқинда 12 фоизга ўсди. Лекин инфляция ҳам борда. Бозор нархи ҳам ўсаяпти¸ бошқа товарлар нархи ҳам ўсаяпти. Масалан¸ мен 2001 йилда онам ўлганда блокнотимга ëзиб қўйган эканман. Ўшанда гуруч 200 сўм экан. Ҳозир 2000 сўм¸ дейди самарқандлик молиячи.

Айни пайтда бюджетга қарам бўлмаган ва ўз кунини ўзи кўраётган ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз даромадлари ошиб бораётганини мамнуният билан таъкидлайдилар.

- Ўтган йил машина олишга қодир эмас эдик. Мана Худо хоҳласа бу йил Нексия машинасини олдик.

Озодлик: Яхши. 2008 йилда қанча даромад кўрдингизу¸ 2009 йилда қанча даромад кўрдингиз?

- Ишимизни 2008 йилда бошлаганмиз. Ўтган йил 3 миллион даромад кўрдик.

Озодлик: Бу 3 миллионга машина сотиб олдингизми ëки машина сотиб олганингиздан кейин қолган даромадми бу?

- Бу машинани 3 миллионга сотиб олганимиз йўқ. Ўтган йилги билан бу йилгини қўшиб битта машина олишга қодирмиз. Бу йил ҳали охирлагани йўқку.

Озодлик: Демак¸ 2009 йилда 3 милион даромад кўрган бўлсангиз¸ қолган пулни 2010 йилда топибсизда-а?

10 миллион¸ сўмга 10 миллион¸ дейди ўз номини айтишимизни истамаган наманганлик чевар.
XS
SM
MD
LG