Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Журналистлар ўз ҳамкасбларини озод қилишга уринмоқда


Ўтган йил нурчиликда айбланиб¸ "Етти иқлим" газетаси ва "Ирмоқ" журналининг беш ходими узоқ муддатлик қамоққа ҳукм этилди.
Ўтган йил нурчиликда айбланиб¸ "Етти иқлим" газетаси ва "Ирмоқ" журналининг беш ходими узоқ муддатлик қамоққа ҳукм этилди.

Айни кунларда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган ўзбек журналистларини озод этишни сўровчи петицияга имзо йиғилмоқда. 6 февралга қадар имзо учун очиқ қоладиган мазкур мурожаатга ўзбекистонлик исталган журналист қўшилиши мумкин.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича намояндаси Миклош Ҳарашти¸ Европа иттифоқининг Марказий Осиë бўйича махсус вакили Пъер Морел¸ АҚШ нинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус элчиси Ричард Ҳолбрук ва АҚШ Давлат департаменти расмийси Ролф Тиманс номига йўлланган махсус мурожаатномага хориждаги ўзбек журналистлари¸ айни пайтда уларнинг хорижий ҳамкасблари имзо чекмоқдалар.

Мурожаатга қўл қўяëтган журналистлар Ғарб расмийларидан ўз мустақиллиги ва сўз эркинлиги тамойилларига садоқати туфайли Ўзбекистонда қамоқ ва ҳибсхоналарга ташланган ўз ҳамкасбларининг зудлик билан озод этилиши борасида расмий Тошкентга босим кўрсатишни сўрамоқдалар.

- Биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда 8 журналист қамоққа олинди ва бу билан ўзбек қамоқхоналарида тутқунликда қолаëтган журналистлар сони 14 тага етди. Уларнинг бари Ўзбекистонда сўз эркинлигига қарши бораëтган кампания қурбонларидир¸ дейилади мазкур мурожаатномада.

Бу кампаниянинг сўнгги қубонларидан бири таниқли фотограф ва кинооператор Умида Аҳмедова экани урғуланган мурожаат матнида шунингдек Ўзбекистонда қолаëтган сўнгги мустақил журналистлар Василий Марков¸ Сид Янишев¸ Малик Бобоев¸ Ҳусниддин Қутбиддинов ва Алексей Волосевичларнинг прокуратурага чақиртирилиб¸ ўз касбий фаолиятлари бўйича тушунтириш беришга мажбур қилинганлари ҳам жиддий хавотир манбаи сифатида тилга олинади.


Петицияга ҳозирда Ўзбекистон ҳисбхона ва турмаларида сақланаëтган журналистлар рўйхати илова қилинган ва бу рўйхат тепасида машҳур футбол шарҳловчиси¸ диний-маърифий дастурлари билан эл орасида эътибор қозонган Хайрулла Ҳамидов номи турибди. Ҳамидов 21 январ куни ўз уйидан олиб кетилган ва шундан бери Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳамидов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси бўйича айбланмоқда ва ҳозирча уни тергов давомида озодликка чиқариш уринишлари бесамар қолмоқда.

Озод қилиш борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказилиши сўралаëтган журналистлар рўйхатидан 12 йиллик қамоққа ҳукм этилган Дилмурод Саййид¸ нурчиликда айбланиб 8 йилдан 12 йилгача қамоққа ҳукм этилган Равшанбек Вафоев¸ Абдулазиз Дадахонов¸Ботирбек Эшқўзиев¸ Баҳром Ибрагимов¸ Даврон Кабиловлар¸ 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаëтган Солижон Абрураҳмонов¸ 5¸5 йилга озодликдан маҳрум этилган Ортиқали Номозов¸ 7 йиллик жазо муддатини ўтаëтган Ғайрат Михлибоев ҳамда ўзбек журналистлари орасида энг узоқ жазога мубтало этилиб¸ 1999 йилда бери қамоқда сақланаëтган мухолифатдаги Эрк газетаси муҳаррирлари Муҳаммад Бекжонов ҳамда Юсуф Рўзимуродовлар номи бор.

Мазкур петицияга қўшилишни истаган ўзбек журналистлари¸ мана бу линк орқали бевосита петиция матнига киришлари мумкин.
XS
SM
MD
LG