Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:39

Қирғизистонликлар Ўзбекистонга камқатнов бўлади


“Дўстлик” ўзбек-қирғиз чегара пункти Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзбекистоннинг Андижон вилоятини боғлаб туради ва ушбу чегара пункти қирғиз-ўзбек чегарасидаги фуқаролар икки давлат ҳудудига ўтиши учун энг катта нуқталардан бири бўлиб ҳисобланади.
“Дўстлик” ўзбек-қирғиз чегара пункти Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзбекистоннинг Андижон вилоятини боғлаб туради ва ушбу чегара пункти қирғиз-ўзбек чегарасидаги фуқаролар икки давлат ҳудудига ўтиши учун энг катта нуқталардан бири бўлиб ҳисобланади.

Ўзбек чегарачилари Қирғизистон фуқароларини Ўзбекистон ҳудудига уч ойда бир марта ўтказиш тартибини жорий қилди. Бу борада Озодликка “Дўстлик” ўзбек-қирғиз чегара пункти орқали Ўзбекистонга ўтолмай қайтган ўшликлар маълум қилишди.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўшликлардан бири куни кеча “Дўстлик” чегара пункти орқали Ўзбекистонга бормоқчи бўлган, бироқ бир неча ҳафта аввал Ўзбекистонга бориб келгани сабабли чегарадан ўтолмаган:

- Кеча чегарадан ўтиб кетаётган эдик. Йўлда икки аёл: “Чегарадан уч ойда бир марта ўтадиган қилиб қўйибди”, деди. Суриштирсак, қирғизистонликлар Ўзбекистонга бир марта бориб келганидан сўнг яна боришга уч ойдан кейин рухсат берилар экан, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг гапларини чегарадан ўтолмай ортига қайтишга мажбур бўлган ўшлик аёллардан яна бири ҳам тасдиқлади:

- Биз ҳам совуқда турдик, эрталабда борган эдик, навбат катта эди. Кейин қайтаётганлардан сўрадик. Улар: “Ўзбекистонга Қирғизистон фуқароларини қўймаяпти экан, шунақа қонун чиқибди, уч ойда бир ўтадиган қилиб қўйибди”, дейишди.

Озодлик: Ким ўтказмаяпти? Ўзбекистон тарафими ёки Қирғизистон тарафими?

- Ўзбекистон тараф-да. Биз Ўзбекистонга кетаётгандик, кейин у ёққа бормай ортимизга қайтдик, дейди ўшлик аёл.

Биз бу борада тўлароқ маълумот олиш учун Қирғизистон чегара хизматига қўнғироқ қилдик. Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизматининг ходими Салқин Абдиқариева бу маълумотни тасдиқлади. Унинг айтишича, қирғиз чегарачиларининг ўзи ҳам бу борада фуқаролардан тушаётган ариза хатларидан билган:

- Ҳа, Ўзбекистон томонидан шундай нарса бор. Бироқ Ўзбекистон томони бир фуқаро уч ойда бир мартагина Ўзбекистон ҳудудига ўта олиши мумкинлиги тўғрисида бизни расман огоҳлантирмади, акс ҳолда, биз бу тўғрида чегарадан ўтувчи фуқароларимизга албатта хабар қилган бўлар эдик. Чегара назорати бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бир киши чегарадан уч ойда фақат бир мартагина ўта олиши мумкинлиги тўғрисида фуқароларимиздан келган ариза хатларидан билганини айтаяпти. Ваҳоланки, биз ҳар икки ойда улар билан учрашамиз, чегара вакиллари учрашуви бўлиб ўтади ва ўшанда биз доимо визасиз борди-келди режими тўғрисида гаплашамиз, деди Салқин Абдиқариева.

Бизга бу борада хабар берган биринчи суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўшдаги “Дўстлик” чегара пунктининг Қирғизистон ва Ўзбекистон тарафида одамлар соатлаб навбат кутишмоқда экан:

- Одам кўп эди, Ўзбекистонга ўтувчи 10-15 одам бор эди. Навбат Ўзбекистон томонида кўп бўлса керак. Чунки у ёқ тиқилинч эди. Одамларни бу ёққа ўтказмаётганди. Қирғизистон томонида ҳам навбат бор эди. Сабабини сўрасак, Қирғизистон аскарлари: “Ичкарида одам кўп, бу ёққа ўтиб кутиб туринглар”, деди, дейди суҳбатдошимиз

Бироқ Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати расмийси Салқин Абдиқариева “Дўстлик” чегара пунктининг Қирғизистон томонида одамлар навбат кутиб тургани тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди:

- Гап шундаки, Ўзбекистон томони паспортларни жуда узоқ текшираяпти. Уларда умуман бошқача тизим, биздан одамлар тезда ўтишади. Биз паспортларни тез сканер қиламиз. Агар текширилаётган шахс бирор қонунбузарликка йўл қўймаган бўлса, бу одамга милиция ва бошқа органлар томонидан ҳеч қандай ориентировкалар бўлмаса, биз уни тезда ўтказиб юборамиз. Биз нима учунлигини билмаймиз, бироқ Ўзбекистон томонида бу жараён узоқ давом этади.

“Дўстлик” чегара пункти қирғиз-ўзбек чегарасидаги одамлар энг кўп қатновчи пункт бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон томонидан ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш кўп вақт олгани учун у томонда тиқилинч юзага келмоқда. Биз томондан эса ҳеч қандай тиқилинч, навбат йўқ, деди Салқин Абдиқариева.

Унинг айтишича, аввал Қирғизистоннинг Қозоғистон билан чегарадош пунктларида ҳам шундай вазият юзага келган, бироқ икки томоннинг келишувидан сўнг бу муаммо ҳал қилинган:

- Авваллари бизнинг Қозоғистон билан чегарадош “Ақ жўл” чегара пунктида ҳам шундай бўлган. Аввалига Қозоғистон томони ҳам чегарадан ўтаётган ҳар бир машина, ҳар бир одамнинг паспортини, визасини, миграцион карточкасини узоқ вақт текширган ва у ерда тиқилинч пайдо бўлган. Бироқ биз Қозоғистон томони билан келишиб олдик ва ҳозир чегарадан ўтишнинг жўнлаштирилган тартиби бўйича ишлаяпмиз. Ўзбекистон томони билан эса жўнлаштирилган тартибда ишламаймиз, деди Салқин Абдиқариева.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг Ўзбекистон томонида икки давлат ҳудудига ўтмоқчи бўлган фуқароларнинг нима сабабдан узоқ вақт ушлаб турилгани, нима учун Қирғизистон фуқароларига уч ойда бир марта Ўзбекистонга боришга русат берилиши борасида тўлароқ маълумот олиш учун Ўзбекистон Республика чегара хизматидан батафсил маълумот олишга қилган ҳаракатларимиз самара бермади.

Қўшимча сифатида шуни айтиш жоизки, чегара пунктида навбат кутаётган одамлар учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Қишда қор ва ёмғирдан, ёзда қуёшнинг тафтидан сақланиш учун ёпиқ жой йўқ.
XS
SM
MD
LG