Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:24

Cмешно бўларди, агар бы не было шунчалик грустно


Умида Аҳмедованинг Ўзбекистонни дунëга танитган суратларидан бири.
Умида Аҳмедованинг Ўзбекистонни дунëга танитган суратларидан бири.

Эээ, топдиме! Ниҳоят топдима! Ойлар излаганим жумбоқ ечимини топдиму!

Топса бўларкану-вей!

Осонакан-ку!

Умида Аҳмедова билан боғлиқ масхарабозликнинг кимга кераклигини ўйлаб бошим қотятувди.

Сурат учун қамашворсая, деб ўйлаб ўйимга етолмаятувдим.

Суд арафасида маҳаллақўм чақиртириб Умиданинг қўлига сўрамасаям ижобий характеристика топширганини эшитиб, муз кўчганини сездим.

Сездиму барибир тушунмадим масхарабозликнинг нимага кераклигини.

BBC ю CNN билан бўйлашаётган Ал-Жазира Умиданинг иши тўғрисида бутун жаҳонга ҳикоя қилганида тушунсам бўларди.

Келмадида ўшандаям каллага, нима қилай?!

Бугун эрталаб эркакча тонгги кўтаринкиликни аччиқ кофе билан бостирар экан, одатдагидай, кўтаринки кайфиятга мос суратли сайтларга кирдим. Енгил сайтларга. Хотин ўчоқбошидалигида ўғринча кириладиган сайтларга.

Не кўз билан кўрайки, сиёсатдан мингга қўйиб қочадиган енгил сайтлар ҳам Умида тўғрисида ёзибди. Суратларини босибди.

Ва тушундим.

Тушундим Умида Аҳмедова билан боғлиқ масхарабозлик боисини.

Умиданинг устидан арз қилган ташкилот, уни тергаган терговчилар, хулоса ёзган экспертлар, судлаган судья – ҳамма – ҳаммасининг нияти яхши бўлган.

Улар Ўзбекистонни дунёга танитмоқчи бўлган.

Худди англиялик актер Саша Коэн ўзининг гўёки қозоқ журналисти Бўрат образи билан Қозоғистонни дунёга танитгани каби.

Саша Коэннинг фильмидан кейин Қозоғистону қозоқларни папуаслар ҳам таниди.

Папуаслар ҳам эндиликда Остона ҳавосининг Олмаота ҳавосидан неча даража пастлигини билади.

Қозоқларнинг муваффақиятига ҳавас қилишибдида Умиданинг устидан арз қилган (терговчи, эксперт, судья) шоввозлар.

Лекин тан бериш керак уларнинг топқирлигига.

Бир тийинсиз Ўзбекистонни дунёга танитишволди.

Кечирасиз, Ўзбекистонни бир тийинсиз дунёга танитишволди.

Қозоғистон раҳбарияти Саша Коэндан хафа бўлгани бор гап.

Бироқ, қозоқлар Коэнга узатган, деган гаплар ҳам йўқ эмасда.

Агар шу ғийбат гаплар рост бўлгудай бўлса, ўзбекларнинг тадбиркорлигига гап йўқ.

Бир тийинсиз реклама қилишволди Ўзбекистонни.

Бугун газета ўқийдиган, интернетга кира оладиган любой папуасга "Умида" десангиз бас, "Ўзбекистон", деб жавоб беради.

Саша Коэннинг киносидан кейин Қозоғистонга гурас-гурас турист кела бошлади.

Умида Аҳмедова билан боғлиқ можародан кейин Ўзбекистонга келишни истайдиганлар кўпаядими?

Кўпаймаса керагов?

Аслида, сўнгги хабарларга қараганда, Умиданинг устидан арз қилганлар (тергаганлар, экспертлар, судлаганлар)нинг нияти туристни кўпайтириш бўлмаган ҳам.

Қирғизистондан бугун олинган хабарга қараганда, бундан буён қирғизистонлик Ўзбекистонга уч ойда бир мартагина бориши мумкин.

Бу хабар етиб келиши биланоқ Умиданинг минглаб сайтлар боса бошлаган суратларидан бири ярқ этиб кўз олдимга келди.

Унда ўзбек болалар тандирларга тушиб олган.

Рамз кўрдим бу суратда. Тандирига тушириб қўйилган ўзбекни кўрдим.

"Я плакал" деб аталади ўқиб тугатаётганингиз блогни ёзишга туртки берган сайт.

Умиданинг "Я плакал"даги суратларини яна бир бор томоша қиларканман, мен ҳам плакал.

Плакать қилиб ўтирарканман, думать қилдим: было бы смешно, агар бы не было шунчалик грустно.

Умиданинг атрофидаги масхарабозлик боисини тушунгандай бўлдиму ўзбекча сиёсатнинг бундан аввалги жумладай ғалчалиги боисини тушунолмай гарангман.

Блоглашгунча!
XS
SM
MD
LG