Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:25

Эркин микрофон - "Золим ҳукумат билан ҳамкорлик яхши эмас!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Озодликка қайта сим қоққан Аҳмаджон¸ халқ орасида обрў қозонган олим-уламоларнинг саройдан узоқроқ юргани маъқул¸ деган фикрини яна такрорлайди.

Қозонга яқин юрсанг қораси юқади

Жаҳон ганжига шоҳ эрур аждаҳо¸
Ки ўтлар сочур қаҳр ҳангомида¸
Унинг коми бирла тирилмак эрур¸
Маош айламак аждаҳо комида.

Ҳазрат Навоийнинг бу сўзлар оддий ўзбекларнинг "Қозонга яқин юрсанг қораси юқади¸ ëмонга яқин юрсанг яраси" деган мақолга менгзайди.

АҚШдан қўнғироқ қилган Аҳмаджон илми юксак уламоларнинг золим подшоҳга яқин юриши уларнинг обрўсига соя солади ¸ деган гапини яна бир карра такрорлайди.

- Мен Акмалхон деган акамизми¸ укамизми¸ бир акахон бўлсалар керак Москвадан¸ бир марта "Эркин микрофон"га шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида айтган фикрларимга эътироз билдирибдилар. Ўзи гап бу ерда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида эмас. У кишини ҳамма олим деб тан олган. У илмли одам. Бу бир тарафдан у кишига обрў олиб келиши мумкин¸ иккинчи тарафдан ким бўлишидан қатъий назар ҳозирги ҳукумат кўрсатган йўлдан чиқмай баъзи бир ноҳақликларга кўзини юмиб кетаëтгандан кейин¸ мисол учун у одам қанақа олим бўлса ҳам у одам хоҳласа хоҳламаса бошқа одамлар қаторига тушиб қолади. Мен шуни айтмоқчи эдим.

Ўзи бу гапни бошлайдиган бўлса жуда ҳам чуқур¸ анча баҳсталаб. Ўзи олимларнинг орқасидан бунақа гап гапириш ҳам яхши эмас. Бекор айтдим¸ деб ҳам ўйлаб қоламан. Лекин факт бу факт. У кишининг ҳолатларини 2000 йилларнинг бошларида Ўзбекистонга келганидан бери кузатамиз. Бирор бир ўзларининг жиддий бир нималарини эшитганимиз йўқ. Қанча ноҳақликлар бўлаяпти¸ қанча мусулмонлар қамалаяпти¸ ҳижоблиларга қарши шунақа ишлар бўлаяпти¸ исломга қарши қанча ишлар бўлаяпти. У одамнинг бирор жойда бу ишларга қарши гапирганликларини эслай олмайман. Лекин ҳукуматга ëқадиган¸ ҳукумат хоҳлайдиган гапларни жуда кўп гапириб келганлар. Масалан Абдували қори ҳақида¸ баъзи бир водийлик олимлар ҳақида ҳам “У киши ваҳҳобийлар раҳнамоси” деб гапирган гаплари ҳам бор. Би-Би-Си га интервью берганларида бизлар эшитган эдик. Гап у одамни ëмонлаш ëки бошқада эмас. Ким бўлишидан қатъий назар золим ҳукумат билан ҳамкорлик қилиши яхши деб ўйламайман. Хусусан¸ халқнинг орасида обрў қозонган кишиларни¸ дейди Аҳмаджон.


Қозини қози зўрласа додингни кимга айтасан

Термиз шахар судининг собиқ раиси Рустам Хуррамов ўзини мамлакатдаги қонунсизлик қурбони деб билади.

- Хуррамов Рустамман. Термиз туман судининг раиси.

Озодлик: Бизга телефон қилган экансиз.

Хуррамов Рустам: Вилоят суди раисининг зўравонлиги борда. Ишлагани қўймади.

Озодлик: Сиз туман судининг собиқ раҳбаримисиз?

Хуррамов Рустам: Туман судининг раиси бўлиб ишлаб келганман. 2006 йил августда тайинланганман. 2008 йил 10 февралгача ишлаганман.

Озодлик: Кейин сизни ишдан бўшатишдими?

Хуррамов Рустам: Ифлос йўлни тутдида булар. Қўрқмасдан очиқчасига ифлослик қилди.

Озодлик: Нима қилди?

- Автоавария билан боғлиқ материал кўраëтган эдим. Муҳаммадсодиқ Ҳайдарқул деган Афғонистон фуқароси қиш пайтида авария қилган. Рамазонова Тамара деган аëлнинг неварасини уриб юборган. Автоавария маъмурий жавобгарлик кодексининг 133-моддаси билан маъмурий материал бўлиб келган. Мен 2008 йил 31 январда кўраëтган эдим. Ўша кунгача жабрланувчи томонга ҳеч қандай зарар тўланмаган. Афғонистон фуқароси¸ бу менинг тахминим¸ СНБ ходими Авезов Акбарнинг шериги шекилли. Қўрқмасдан¸ бемалол¸ ҳеч қандай зарар ҳам тўламаяпти¸ бошқа ҳам қилмаяпти. Материал судгача бемалол етиб келаяпти. Жабрланувчи “войдод” қилиб юрибди.

Суднинг раиси “Нега зарар тўлаш масаласини кўрмаяпсиз?” деб айтаяпти менга. Мен “Уч баробар жарима тўлайди” деб қарор чиқардим. 10 кунлик шикоят қилиш муддати тугади. Мана шу 10 кунлик шикоят муддатининг ичида татар аëлнинг ҳамма қариндошлари¸ бошқалари келиб мени тинч қўймаяпти. “Нима сенинг манфаатли жойинг борми? Нима учун зарар тўлашни кечиктираяпсан?” деяпти. “Менга ундай гап қилманглар. Мен қонунни кўраман. Фикрларинг бўлса¸ икки тарафнинг фикрини олиб вилоят судига тақдим қиламан” дедим. Афғонни чақириб фикрини сўрадик. “Нима дейсан?” десак¸ у “Мен 600 минг тўлайман деган эди. Улар 2 миллион сўраяпти” деди. “Тўласанг тўла. Бўлмаса¸ бизлар буларнинг шикоятини олиб¸ документлаштириб вилоятга жўнатамиз” дедим. У тўлайман деди. 6 февралда булар бу гапларни запис қилиб олган ва вилоят судининг суяди Тўраев Фозил ҳамда вилоят судининг раиси Муинов Бобур деганнинг кўрсатмаси билан иш қилинаяпти.

6 февралда бу гап бўлгандан кейин 7 февралда Авезов Акбар деган СНБ ходими билан оформленмие қилинаяпти. Оғзаки аризани қабул қилиш баëнномаси тузилаяпти. Кассета бор. Кассетада мана шу айтилган гаплар айтилаяпти. Лекин аризани оформление қилаëтганда Термиз туман суди раиси ўзининг манфаати учун 600 минг сўм талаб қилиб¸ жабрланувчи Тамара Рамазанова билан мени яраштириб қўймоқчи бўлди деб мени 10-15 йилга қаматиб йўқ қилиб юбормоқчи бўлаяпти. Ана президентнинг вакилига қилинаëтган иш. Қандай чидаш мумкин? Улар мени олиб бориб бўйнимга қўйиб қамоққа тиқиб юбориши керакда менинг ўрнимга ўзининг ўзига бўйсунадиган одамларини қўйиш керак¸ дейди Термиз туман судининг собиқ раиси Хуррамов Рустам.


Конибодомми ë қани бодом

Ўзбекча жой номлари ва баъзи калималар руслар тарафидан бузиб талаффуз қилиниши ҳамда ëзилиши оқибатида ўз маъносини йўқотганига минглаб мисоллар бор.

Рус тилида ва русча ëзадиган ëзув машинкаларда думли қаттиқ қ ҳарфининг йўқлиги боис сиқилдим деган жумланинг ҳақоратли калимага айланиб таҳририятларда ғавғолар чиққанини ҳозир латифа каби эслаймиз.

Озодликка сим қоққанлардан бирининг айтишича¸ бир вақтлар Қани бодом деган шаҳар Конибодомга айланган.

- Русларнинг таъсири билан бир хил сўзларнинг маъноси бузилиб кетганига мисол бор. Айтиб берайми?

Озодлик: Айтинг.

- Хўжандда Конибодомни биласиз-а?

Озодлик: Ҳа¸ биламан.

- Конибодом ўзбекча сўз-а? Яъни бодом кўп деганими?

Озодлик: Ҳа.

- Аслини олганда шу нарса¸ мен буни шу ерда бўлганимда эшитганман¸ Қанибодом деган сўз экан. Яъни Қўқон хонининг қизи Бодомхон вазирнинг ўғли билан ўша ерга қочиб кетиб¸ у пайтда қамишзор жой экан¸ уни “Қани Бодом?” деб ахтаришгани учун ўшандан қолган экан бу сўз. Русларнинг даврига келганда русларда қ ишлатилмагани учун Конибодом бўлиб ўзбеклар ҳам уни бодом кўп деб тушунадиган бўлиб қолган экан¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG