Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:36

Нидерландия ҳукумати Афғонистон туфайли тарқаб кетди


Бош вазир Ян Петер Балкененде Меҳнат партияси ҳукумат таркибидан чиққанини эълон қилди.
Бош вазир Ян Петер Балкененде Меҳнат партияси ҳукумат таркибидан чиққанини эълон қилди.

Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқиш масаласида ўзаро келиша олмаган Нидерландия коалицион ҳукумати тарқаб кетди.Коалицион партиялар ўртасида 16 соатга яқин давом этган баҳслардан сўнг Христиан-Демократик партия вакили, Бош вазир Ян Петер Балкененде Меҳнат партияси ҳукумат таркибидан чиқишга қарор берганини маълум қилди.

Қўшинларни олиб чиқиш жараёни шу йил август ойига мўлжалланган, аввалроқ эса НАТО Нидерландиядан айни режани қайта кўриб чиқиш ва бу муддатни узайтиришни сўраган эди.

Балкененденинг ўнг марказчи Христиан Демократик Иттифоқи Афғонистондаги кучларни 2010 йилдан сўнг ҳам ушлаб туришни қўллаб чиққан бўлса, ҳукмрон коалициядаги иккинчи йирик Меҳнат партияси бунга қарши чиқди ва Афғонистондаги миссияни режаланган каби шу йил августида якунлашга чақирди.

Нидерландиянинг 2 мингга яқин қўшинлари 2006 йилдан буён Афғонистон жанубидаги Ўрузгон вилоятида жойлаштирилган.

Ўтган давр мобайнида 21 ҳолланд аскари ушбу нотинч бўлгада ҳалок бўлган, мамлакат ҳарбийларининг Афғон урушидаги иштироки эса ҳолланд жамиятида кескин норозиликларга боис бўлиб келади.

Дастлабки режага кўра, қўшинлар 2008 йилдаёқ ортга қайтарилиши лозим эди, аммо НАТО мамлакатларидан ўриндош топилмагач, Нидерландия ҳукумати қўшинларни яна бирмунча муддат ушлаб туришга қарор берган эди.

Мутахассисларга кўра, Нидерландиянинг ўз қўшинларини олиб чиқиш эҳтимоли НАТОга аъзо бошқа мамлакатлар учун исталмаган намуна бўлиши мумкин.

Шимолий Атлантика Блокига аъзо бир қатор мамлакатларда ўтказилган ижтимоий сўров натижалари ҳам қўшинларнинг Афғонистонда қолдирилиши фойдасига ўйнамаётганини кўрсатмоқда.

Қобуллик сиёсий таҳлилчи Аҳмад Саидий агар Нидерланд қўшинлари Урузгондан олиб чиқиладиган бўлса, бошқа НАТО мамлакатлари ҳам уларга эргашиши эҳтимоли мавжуд, деган фикрда:

-Нидерланд қўшинларининг олиб чиқилиши Афғон ва НАТО кучлари учун жиддий зарба бўлиши мумкин. Европа ва НАТОдаги муҳим давлат бўлган Нидерландия чиқиб кетадиган бўлса, бирин-кетин бошқа мамлакатлар ҳам Афғонистонни ташлаб чиқишга қарор беришлари мумкин,-дейди Аҳмад Саидий

Эслатиб ўтамиз, НАТОнинг Афғонистон бўйича Халқаро Ҳавфсизликка Кўмаклашув Кучлари (ISAF) 2001 декабрида ташкил этилган. 2009 йил июн ойига доир маълумотларга кўра, ISAF таркибида 42 мамлакатнинг 61 минг қўшини ҳаракат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG