Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:22

Эдуард Кокойти Озодлик саволларига жавоб берди


Мустақил кузатувчилар¸ Кокойтини Кремл етагидаги одам деб билишади.
Мустақил кузатувчилар¸ Кокойтини Кремл етагидаги одам деб билишади.

Мустақиллигини ҳозирча Россия ва жаҳон харитасидан топиш қийин бўлган яна уч давлат тан олган Жанубий Осетия раҳбари Озодлик билан суҳбат давомида¸ асосан Россия билан муносабат ва мамлакатдаги сиëсий жараëнларга оид фикрларини баëн қилди.


Тбилисининг Грузия таркибидаги Жанубий Осетия ва Абхазия билан 1990-йиллар бошидаги фуқаролар уруши туфайли чигаллашиб кетган муносабатлари 2008 йил августида бўлиб ўтган бир ҳафталик Россия – Грузия урушидан сўнг янада мураккаблашди.

Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни мустақил давлатлар сифатида тан олди.

Озодлик мухбирининг "Россия ва ундан ташқарида Жанубий Осетиянинг келажаги тўғрисида баҳс-мунозаралар бўлиб туради, баъзилар икки Осетиянинг (Шимолий Осетия Россия таркибида - Озодлик) қўшилиб кетиш эҳтимоли ҳақида гапирса, бошқалар Жанубий Осетия мустақил давлат сифатида ривожланади, деган фикрда. Сиз нима дейсиз?" деган саволига жавобан, Эдуард Кокойти Жанубий Осетияда мустақиллик масаласи референдумга олиб чиқилганини ва халқ ўзининг узил-кесил фикрини билдирганини айтиб ўтди.

Жанубий Осетия лидери "Биз ўзимизнинг мустақил давлатимизни қурамиз ва мустақиллигимизни тан олгани учун Россиядан чексиз миннатдормиз", деди.

У шу кунда Россияни Жанубий Осетия ҳудудини босиб олишга уринаётганликда айблаётганлар жуда кўплигини, лекин аслида Москванинг бундай нияти йўқлигини қатъий ишонч билан гапирди.

Кокойтига кўра, Россия Жанубий Осетия билан давлатлараро битимлар имзоламоқда.

Кейинги пайтларда жанубий осетиялик мухолифатчилар Эдуард Кокойти бошқариб келаётган ҳукуматни кескин танқид қилиб келмоқда.

Озодлик мухбирининг шу масаладаги саволига жавоб берар экан, Кокойти "Чинакам мухолифат республика ичида, ташқаридагилар хизмат вазифасини бажаролмагани учун четлатилган собиқ амалдорлардир", деди.

Жанубий Осетия лидери Эдуард Кокойти инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тўғрисида ҳам фикр билдирди.

Жанубий Осетия университети ўқитувчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Фотима Маргиева яқинда ўқ отар қурол сақлаганликда айбланиб қўлга олинган эди.

Озодлик мухбирининг шу масаладаги саволига жавоб берар экан, Эдуард Кокойти, жумладан мана бундай деди: "Бундай одамларни ҳуқуқ ҳимоячиси, дейишса, кулгим қистайди".

Жавобидан маълум бўлишича, қўлга олинган Маргиева Кокойтининг эски танишидир.

- Мен бир пайтлар талабалар интеллектуал клубини тузиш учун шахсан ўзим унга берган пулларни ўзлаштириб олганидан бери биламан Маргиевани. Жанубий осетияликлардан сўрангчи, президент берган пулларга ташкил қилинган талабалар клуби шу бугун борми? Албатта, йўқ. Унинг уйидан қурол топиб олишса, мен нима қилай? Президентнинг қўлидан нима келарди? Ахир қонун бор. Одил судлов бор. Одил суд ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлаб олади. Агар ҳар қандай жиноятчи ўзини буюк ҳуқуқ ҳимоячиси ёки буюк мухолифатчи, деб кўксига ураверса нима бўлади¸ деб жавоб берди Кокойти саволга савол билан.

Унинг айтишича, Жанубий Осетия ҳукумати билан ҳамжиҳатликда ишлаётган қатор нодавлат ташкилотлари мавжуд ва ҳукумат уларни қўллаб-қувватлайди.
XS
SM
MD
LG