Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:59

Сиёсий партиялар сайлов натижасини тан олмаяпти


Тожикистондаги Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий парламент сайловида қўлланилган соҳта овоз бериш вароқчаларини намойиш қилди.
Тожикистондаги Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий парламент сайловида қўлланилган соҳта овоз бериш вароқчаларини намойиш қилди.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси иқтидордаги Тожикистон Халқ демократик партияси парламент сайловида 71.69 фоиз овоз тўплаб, ғалабага эришганини маълум қилгач, мамлакатдаги бошқа сиёсий партиялар сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирмоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий 2 март куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани бера туриб, журналистларга сохта овоз бериш вароқчаларини намойиш қилди.

-Биз томондан сайлов чоғида жуда кўплаб қонунбузарликлар қайдга олинди. Сайловни ўтказиш пайтида ҳукумат расмийларининг аралашуви, сайловчилар номидан сайлов участкаси аъзоларининг овоз бериши, маҳаллий кузатувчиларнинг сайлов участкаларига киритилмагани кабилар шулар жумласидандир.

Шунингдек, овозларни санаш жараёнида ҳам шундай қонунбузарликлар кузатилди. Масалан, сайловга умуман дахли бўлмаган шахсларнинг бюллетенлар ташланган қутини сайлов участкасидан ташқарига олиб кетиши, битта сайлов участкасида икки ҳил протокол ёзилиши кабилардир.

Овозларни санашда маҳаллий кузатувчилар залдан қувилгани, баъзи жойларда калтаклангани фикримиз далилидир.

Хуллас, 28 феврал куни сайлов ноҳолис ўтди, - дер экан Ислом уйғониш партияси раиси Кабирий, ўз партияси марказий сайлов Комиссияси масъулларидан овозлар қайта саналишини ва қонунга хиёнат қилган кишиларга жазо берилишини талаб қилажагини маълум қилди.

“Акс ҳолда, Ислом уйғониш партияси адолат тантанаси, халқ омонатини ҳимоялаш йўлида барча қонуний имкониятларни ишга солишга мажбурдир”, деди мухолифатдаги партия расмийси Муҳиддин Кабирий.

3 март куни эса Муҳиддин Кабирий оммавий ахборот воситалари орқали ҳукуматга қилган мурожаатида Ислом уйғониш партияси Тожикистон жамоатчилик кенгашини тарк этганини маълум қилган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, сайловларнинг расмий натижаларига кўра, Ислом уйғонисш партияси 7.7 фоиз овоз олган. Бу эса парламентда мазкур партия иккита ўринга эга бўлди дегани.

Тожикистондаги яна бир мухолиф партия – Тожикистон Социал демократик партияси ўзига тегишли 50 фоизга яқин овозлар қалбакилаштирилганини маълум қилган.

Марказий савлов комиссияси расмий натижаларига кўра, мазкур партия 0,74 фоизи овоз тўплаган. Яъни Социал демократлар беш фоизлик тўсиқдан ўтамай қолгани учун парламентга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Мазкур партия лидери Раҳматулло Зоиров Марказий сайлов комиссиясининг бу натижалари қалбакилаштирилганини таъкидлаб, бу йилги сиёсий тадбир фақат бир шахс манфаатларига хизмат қилганини айтиб ўтди.

Социал демократлар раҳбари Зоиров сайлов натижаларини умуман тан олмаслигини маълум қилди.

- Масалан, бир сайлов участкасида бори-йўғи 500 нафар сайловчи қатнашган. Аммо ўша участкада овозлар саналганда тахминан 900 киши Тожикистон Халқ демократик партиясига овоз бергани маълум бўлди. Бу бюллетенлар айрим гуруҳлар томонидан қалбаки тарзда Халқ демократик партияси манфаатига қутига ташланганини англатади,- деди Раҳматулло Зоиров.

Мухолиф партия расмийси, президент Имомали Раҳмон сайловларнинг шаффоф, адолатли ва демократик ўтишини ваъда қилганини эслатиб ўтар экан, бу қонунбузарликлар давлат раҳбари ваъдасидн сўнг юз бераётгани уятли эканини айтди.

Раҳматулло Зоиров сайлов натижалари устидан Тожикистон Олий судига ариза ҳозирлаганини билдирди.

3 март куни сайловгача ва ундан кейин фуқаролар томонидан келган шикоятларни ўрганган Тожикистон Олий суди Социал демократик партиядан бу мазмундаги ариза қайдга олинмаганини билдирган.

Аснода Олий суд раиси Нусратулло Абдуллоев шу кунгача сайловлар билан боғлиқ фуқаролардан тушган 35 та ариза кўриб чиқилганини маълум қилди.

Тожикистондаги парламент сайловини кузатган ЕХҲТ кузатувчилари раҳбари Артис Пабрикс 1 март куниги матбуот анжуманида парламент сайловларини танқид қилган эди.

ЕХҲТ расмийсига кўра, парламент сайлови тинч вазиятда ўтган эса-да, у кўп жиҳатлари билан халқаро меъёрлар талабларига жавоб бермаган.

Айни пайтда Америка Қўшма Штатларининг Тожикистондаги элчихонаси кеча 3 март куни тарқатган баёнотида бу мамлакат парламент сайловларида қонунбузарлик, ҳужжатларни қалбакилаштирш ҳолатлари кузатилганини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG