Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

Тожикистонда 13 аёл депутатликка сайланди


Тожикистон парламентига сайловда 13 нафар аёл ҳам ғолиб чиқди.
Тожикистон парламентига сайловда 13 нафар аёл ҳам ғолиб чиқди.

Тожикистон янги парламентида 13 нафар аёл фаолият кўрсатадиган бўлди. Аёл депутатлар сонининг яна иккитага кўпайиши ортидан парламент тожик жамиятидаги аёллар муаммоси билан боғлиқ масалаларга эътиборни кучайтирадими?

Ўтган беш йил ичида Тожикистон парламентидаги 63 та ўриндан 11 таси депутат аёлларга тегишли эди ва парламентдаги ўринларнинг 15 фоиздан камроғи хотин-қизларга берилган эди.

28 феврал куни Тожикистонда бўлиб ўтган сиёсий беллашувда депутатликка номзод этиб кўрсатилган қирққа яқин аёлдан фақат 13 нафарига қуйи палата депутатлиги насиб қилди. Тожикистонда парламент депутати бўлган аёллар сони иккитага кўпайди.

Бу депутатлар тожик жамиятидаги аёллар муаммоси билан боғлиқ масалаларни бартараф қила оладими? Қонун чиқарувчи бу идора келгуси беш йилликда аёллар масаласига жиддийроқ эътибор қаратадими?

Айни саволлар билан, дастлаб, тожикистонлик ҳуқуқшунос олима Ойниҳол Бобоназаровага мурожат қилдик.

- Мамлакатда иш жойларнинг йўқлиги, қизларимизнинг етарли билим олишлари ва касб эгаси бўлишлари йўлидаги тўсиқлар, оиладаги зўравонлик, ижтимоий тенгсизлик ва аёллар орасида меҳнат муҳожирлари сонининг ортиб бориши тожикистонлик аёлларнинг асосий муаммоларидандир.

Менимча бу муаммо умумий муаммо. Шуни назарга олган ҳолда депутат аёлларимиз ўз фаолияти давомида бу муаммоларга ечим топиш учун бош қотиришади, деган ишончдаман, дейди Ойниҳол Бобоназарова.

Унга кўра, парламент вакилалари фракция ёки алоҳида ташкилот тузиб, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини биргаликда ҳал қилсалар янада яхшироқ натижаларга эришган бўлар эдилар.

Тожикистон янги парламенти вакиласи Галия Рабиева парламентда фақат сиёсий партияларгина фракция ташкил қилиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлайди.

“Аммо, - дейди хоним Раббиева, - парламентда аёллар ҳисобидан депутатлар сонининг ошиши, тожикистонлик аёллар муаммоларининг парламентда муҳокама этилишига имкон беради”.

- Биз кўпроқ аёллар ва оналар ҳақ-ҳуқларини ҳимоялаш, оила ва жамиятдаги аёлларга нисбатан зўровонлик масалаларида қонунчилигимизда бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ниятидамиз, дея маълум қилди парламент янги депутати Рабиева.

Бироқ тожикистонлик аёллар ўз муаммоларининг депутатлар томонидан ҳал қилиб берилишига аллақачон ишонмай қўйишганини айтишади.

Шаҳритуз туманлик Момоқиз опа парламентга янги сайланган аёл депутатларнинг аксарияти битта партиядан, яъни иқтидордаги Тожикистон Халқ демократик партиясидан эканини таъкидлаб, “шунинг учун ҳам улар жамиятдаги камчиликларни очиқ айтишга журъат қила олмайди”, дея мулоҳаза билдиради.

- Ҳозир халқ ўз муаммосини ўзи ҳал қилаяпти, депутатларга ҳам, бошқасига ҳам мурожат қилмай қўйишган.

Мен шу кунгача бирор депутат бирорта муаммони ҳал қилиб берганини кўрмадим. Мана масалан, бизнинг районимиз республиканинг энг иссиқ жанубий қисмида жойлашган. Шу бугундан бошлаб район кўчаларидаги катта - катта чинорларни кесиб ташлашаяпти. Бугун ҳаво сал исиганига юришга ҳолимиз бўлмай қолаяпти. Ҳамма ёқ чанг, бу саломатлигимизга зарар етказиши турган гап. Лекин бу борада ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти, дейди тожикистонлик ўзбек аёллардан бири Момоқиз.

Момоқизнинг гапига қараганда, Шаҳритуз туман аҳолисининг каттагина қисмини ўзбеклар ташкил қилади. Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу ҳудудда яшаётган аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳар қадамда топталади. Аммо ҳозиргача аёллар ҳуқуқини ҳимоялаб чиққан бирор депутат топилмаган.
XS
SM
MD
LG