Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:10

Судланувчилар қийноқдан шикоят қилди


Жиззахда 25 диндор устидан давом этаётган маҳкама жараёнида бирданига 12 судланувчи тергов давомида ўзига нисбатан қийноқ қўлланилганини маълум қилди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, судя улардан тўрттасининг шикояти бўйича тиббий экспертиза тайинлаган.

Жиззах вилояти Фориш туманида яшовчи Ғайрат Усмонов 2009 йилнинг кузида "Жиҳодчилар" гуруҳига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган жиззахлик 25 диндорнинг биридир.

30 ёшли Ғайрат ҳибсга олинганидан уч ой ўтиб, ўзига нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилгани ва қийноқ натижасида унинг икки қовурғасини синдиришгани ҳақида маълум қилди.

Бу ҳақда судда иштирок қилганлардан бирининг Озодликка билдиришича, Ғайрат Усмонов 5 март кунги маҳкамада тергов давомида ўзини уриб, тепишгани натижасида иккита қовурғаси сингани ва бошига сув тўлдирилган баклашка билан уришгани оқибатида эса кўриш қобилияти ишдан чиққани, ҳозирда кўзлари яхши кўрмаётгани ҳақида гапирган.

Ғайратнинг яқинлари бу ҳақда Озодлик мухбирлари билан суҳбатлашишни хоҳлашмади.

Жиззахдаги диндорлар билан боғлиқ маҳкамани кузатиб келаётган Экспертлар ишчи гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, маҳкамага тортилган жиззахлик 25 диндордан жами 12 нафари тергов давомида ўзига нисбатан қийноқ қўлланилганини маълум қилишди.

- 5 март куни 25 нафар судланувчидан 12 нафари ўзларига нисбатан тергов жараëнида қийноқлар қўллангани ҳақида судда туриб кўрсатма беришди. Яна бу 12 киши “Бизнинг ҳозирги бераëтган кўрсатмаларимиз ҳақиқат. Тергов пайтида берган кўрсатмаларимизнинг ҳаммаси бизларни мажбурлаб¸ тазйиқ остида¸ жуда даҳшатли қийноқлар қўлланилган ҳолда олинган кўрсатмалар” деб таъкидлаб ўтишди. Адвокатларнинг илтимосномасидан кейин судя Дилшод Оролов уларнинг тўрттаси бўйича кўрсатмаларини текшириб кўриш бўйича суд даврида ажрим қабул қилиб¸ судмедэкспертизаси тайинлаган. Судмедэкспертизасини Жиззах вилоят суд медэкспертлари тарафидан амалга оширишни сўраган. Лекин ҳозирчалик ўзимизнинг манбаларимиздан суд мед-экспертизанинг натижаси нима билан тугаганлиги ҳақида маълумот ололмаяпмиз, деди Суҳроб Исмоилов.

Судланувчиларга нисбатан қийноқ қўлланилгани борасидаги маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах вилоят Жиноят ишлар суди ва вилоят суд тиббий экспертизасига қилган қўнғироқларимизнинг барчаси натижасиз бўлди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев судланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани оқибатида уларнинг аксарияти соғлигига путур етгани бор гап эканини айтади.

- Кунаров Шерали Темирбаевич терговда ниқоб кийган кимсалар уриб қийнаганлиги ва оқибатда қулоқ пардаси йиртилиб кетгани ҳақда баëнот берган. Яна бири Ўрозбоев Озод Холмирзаевич эса бир хонага олиб кириб уч кишилаб тамом бўлгунча уришди¸ деди. Шунда адвокат “Қандай урганини¸ ким томонидан урганини айтиб бера оласизми?” деса¸ Озод Ўрозбоев “Ким нима мақсадда урганини билмайман. Қандай азоблаганини айтсам¸ бу ерда ота-оналар ўтиришибди. Булар кўтара олмайди” деб айтган. Бундан ташқари судланаëтганларнинг деярли барчаси “Агар гаштак қилганим¸ намоз ўқиганим ва спорт залда волейбол ўйнаганим айб иш бўлса¸ масжидга боришни¸ намоз ўқишни айб иш деб билсангизлар¸ мени президентимиз¸ ватанимиз олдида кечирим сўраб¸ авф қилишларингизни сўрайман” деган. Ҳатто биттаси қийноқлар остида баëнот бериб бўлгандан сўнг “Агар мен бундай бўлишини билганимда¸ умуман намоз ўқимасдим” деган, дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Суҳроб Исмоиловга кўра, судя томонидан қийноқлар масаласига эътибор қаратилиши камдан кам кузатиладиган ҳолат бўлиб, бироқ бунинг натижаси бутунлай самарасиз ҳам бўлиши мумкин.

- Биз ўйлаймизки¸ суд медэкспертиза ҳолати тайинлангани яхши¸ лекин қанақадир натижага олиб келиши гумон бўлса керак. Чунки бу ишлар жуда ëпиқ бир тарзда ўтказилади. Мана бу ерда ҳам судланувчиларнинг ўзи “Бизга адвокатни сўроқ пайтида бир кўрсатишди. Айблов хулосасини қўлимизга ўқишга берилганида иккинчи марта адвокатимизни кўрдик” деяпти. Шунақа ҳолат бўлгандан кейин мен ўйлайманки¸ ҳатто қийноқлар тўғрисида кўрсатма берилса ҳам кўпинча расмий жавоблар билан чекланишади судлар. Бизнинг амалиëтимизда бир-иккита ҳолатлар бўлганки¸ адвокат ва судланувчиларнинг қаътий талаблари натижасида ҳуқуқ-тартибот органлари¸ судялар охири йўқ дея олмасдан иш қўзғашади. Лекин бу пайтда ҳам Жиноят кодексидаги 235 -модда яъни “қийноқлар қўллаш” эмас, балки 205-, 206- моддалар яъни ўзининг хизмат ваколати доирасидан чиқиш ва суиистеъмол қилиш моддалари билан кўпинча иш очишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун бу борада яхши бир натижага эришишни кутиш амримаҳол, дейди ҳуқуқ фаоли.

"Жиҳодчилар" гуруҳига алоқадорликда айбланаётган жиззахлик 25 диндор иши бўйича маҳкама жорий йилнинг 5 феврал куни бошланди.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, жиззахлик диндорларга нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси - Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, 244/1 - Жамоат хафсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, 244/2 - Тақиқланган диний ташкилотларга раҳбарлик қилиш ва уларда иштирок этиш моддалари бўйича айблов илгари сурилаяпти.
XS
SM
MD
LG