Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:16

Прагада ўзбек муҳожири умрбод қамоққа тортилди


Прага маҳкамаси ўзбекистонлик Соҳиббек Йўлдошбоевни Чехияда фоҳиша аëлни ўлдирганликда айбдор деб топиб, уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм этди. Йўлдошбоевга, шунингдек Прагада яна бир одамни ўлдиришга уринганлик ва ўғирлик айблари ҳам қўйилди.

У билан бирга ҳибсга олиниб, Прага маҳкамасига тортилган ўзбекистонлик яна уч муҳожир - Ҳусниддин Шодиев, Наим Олимов ва Акмал Жабборовлар суд қарори билан 23, 25 ва 19 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бу ҳақда Прага шаҳар суди матбуот вакили Мартина Лҳотакова Озодлик мухбирига маълум қилди.

-Тергов давомида ўзбекистонлик тўртовлон қотиллик, зўравонлик, ўғирлик ва босқинчилик айблари бўйича айбли деб топилди. Ўзбекистонлик Соҳиббек Йўлдошбоев бу жиноят ташкилотчиси бўлгани учун умрбод¸ қолганлари эса 19 йилдан 25 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилдилар. Бу ишнинг ўта жиддийлиги ва қотилликнинг ўта ваҳший бир ҳолатда содир этилгани ва бу жамиятимиз учун ўта хавфли эканини инобатга олиб суд шундай ҳукмни чиқарди¸ деди Лҳотакова.

Маълум бўлишича қотиллик пул устидаги тортишув сабаб содир этилган. Лҳотакованинг билдиришича, жабр кўрган украиналик шахс Соҳиббек Йўлдошбоевдан бир неча минг евро қарз бўлган. Қарзни бермагач Йўлдошбоев украиналик шахс бўйнига пичоқ тортган, унинг фоҳиша шеригини бўғиб ўлдирган.

Прага шаҳар суди матбуот вакили Мартина Лҳотакова маҳкама давомида Соҳиббек Йўлдошбоевнинг ўз айбига иқрор бўлгани¸ қолганларининг эса қисман иқрор бўлганларини айтди.

- Ҳозирда айбланувчи томон суд ҳукми юзасидан шикоят топширган ва у Олий судда кўриб чиқилади¸ деди Лҳотакова.

XS
SM
MD
LG