Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:59

Қирғизистондаги апрел инқилоби хроникаси


Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Бишкекдаги тўқнашув қурбонлари сони 75 тага етган.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Бишкекдаги тўқнашув қурбонлари сони 75 тага етган.

6 апрел куни Талас вилоятида бошланган намойишлар эртасига мамлакат пойтахти Бишкекка етиб келди. Қирғиз мухолифати ва унинг тарафдори бўлган намойишчилар 75 та қурбон бериб, кун сўнгида мамлакатдаги бошқарувни ўз қўлига олишга муваффақ бўлдилар.

8 апрел

Тунги соат 2 ларгача Бишкекнинг турли жойларида “Народний”, “Караван”, “Бета сторес” дўконлари тўналди.

02.30 Мухолифатнинг барча лидерлари Қирғизистон парламенти биносида кенгаш ўтказди.

09.20: Бишкекдаги ҳукумат уйи олдига 1000 чоғли одам йиғилди. Бинонинг бешинчи ва еттинчи қаватларида ёнғин асоратлари кўриниб турибди.

11.00 Журналистлар олдида сўзлаган Роза Ўтунбаева Қирғизистондаги ҳокимият муваққат халқ ҳукуматига ўтганини эълон қилди.

10.30-12.00 Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида вилоят губернаторлари ўз ваколатларини топширдилар, улар ўрнига намойишчилар халқ губернаторларини сайладилар.


7 апрел


Тушгача Қирғизистоннинг турли жойларида, хусусан, Талас, Норин, Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида мухолифат тарафдорлари митинги бўлиб ўтди, йиғилганлар ўзлари орасидан халқ губернаторларини сайладилар.

Аммо асосий воқеалар тушдан кейин пойтахт Бишкекда бошланди.

13.30 Бир неча минг намойишчи Ҳукумат уйи ёнига келишди ва бино ичига киришга уринмоқдалар.

13.45 Милиция ходимлари Ҳукумат уйига қилинган биринчи ҳужумни қайтаришди.

14.41 Тез ёрдам икки ярадорни олиб кетди.

14.50 Марказий майдонда икки машина ёнаяпти. Милиция шовқин чиқарувчи гранаталар улоқтираяпти.

15.01 Бир гуруҳ митингчилар Ҳукумат уйи ҳудудига киришга уринмоқда. Снайперлар уларга қарата ўқ отмоқда.

15.58 Тиббиёт ходимлари намойиш чоғида ўлганлар сони 6 кишига, жаҳорат олганлар сони 93 кишига етганини маълум қилдилар.

16.11 Мухолифатчи Темир Сариев президент ва бошқа раҳбарларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини одамларга ўқ отишдан қайтаришга чақирди.

16.20 Митингчилар Қирғизистон давлат телерадиокорпорацияси биносини эгаллаб олдилар, аммо жиҳозларни ишдан чиқариб, қайтиб кетдилар.

16.30 Омбудсмен Турсунбек Ақун митингчиларнинг мухолифатчиларни озод қилиш талабини бош вазир Данияр Усеновга етказганини айтди.

16.45 КТР, 5 канал, Пирамида, НБТ телеканаллари вақтинча ишламай қолди.

17.36 КТР телеканали орқали депутат Иса Ўмурқулов ва Оқ шумқор партияси лидери Темир Сариев Давлат миллий хавфсизлик қўмитасидан чиқариб юборилганини хабар қилдилар.

18.00 Мухолифатчилар Темир Сариев ва Иса Ўмурқулов Олатоғ майдони олдига келиб, намойишчилар олдида сўзга чиқдилар.

18.20 Иккита юк машинаси Ҳукумат уйи дарвозасини бузиб киришга уринди, аммо милиция уларни шовқин чиқарадиган гранаталар ёрдамида қайтаришга муваффақ бўлди. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси биноси олдида ёнғин бошланди.

18.50 Намойишчилар Қирғизистон парламенти биноси эшик ва деразаларини синдириб, ичкарига кириб кетдилар. Парламент биноси ичида талончилик бошланди. Одамлар компютер, телевизор ва бошқа буюмларни олиб чиқа бошладилар. Митингчиларнинг бир қисми кириш эшикларини ёпиб, талончилардан олинган нарсаларни жойига қайтаришни талаб қилмоқда.

19.00 Бош прокуратура биноси ёндирилди. Ичкарига кириб кетган намойишчилар бино ойналаридан қоғозларни ота бошладилар.
19.35 Ҳукумат уйини қўриқлаётган милиция ходимлари аввал бино ичига югуриб кириб кетиб, кейин аста-секин қайтиб чиқа бошладилар. Уларни сони анча камайган.

19.45 Телеминора олдида электр таъминотида вақти-вақти билан узилишлар бўлиб тургани туфайли республика телеканаллари эфирга чиқолмаётгани хабар қилинди.

20.00 Мухолифат лидери Темир Сариев мухолифатчиларнинг расмийлар билан музокара ўтказмаганини маълум қилди. Айни дамда мухолифатчилар социал-демократларга қарашли “Форум” биносида вазиятни муҳокама қилиш ва ечимлар топиш билан бандлар.

21.00 Қирғизистондаги мухолифат партияларидан таркиб топган Халқ қурултойи Марказий ижроия кенгашининг фавқулодда йиғинида мамлакатда ҳокимиятнинг халқ қўлига ўтгани эълон қилинди.

21.05 Мухолифат лидерларидан Ўмурбек Текебаев маҳаллий телевидение орқали қилган чиқишида собиқ бош вазир Азимбек Бекназаров бошчилигидаги бир гуруҳ кишилар шу йил январ ойида 8 йилга қамалган собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақовни озод қилиш учун кетганини билдирди.

23.30 Бишкекда талончилик ҳаракатлари бошлангани ҳақида хабар қилинди.


6 апрел

11.00. Таласга бораётган мухолифат лидерларидан бири Бўлўт Шерниёзов хибс қилинди. Бундан норози бўлган халқ намойишга йиғила бошлади.

12.00. Бўлўт Шерниёзов халқ талаби билан бўшатилди. Бироқ йиғилган норозилар 7 апрелга белгиланган халқ қурилтойини шу бугун ўтказишни талаб қилдилар. Натижада стихияли митинг бошланди.

14.00. Таласлик норозилар вилоят ҳокимиятини эгалладилар ва муқобил тарзда ҳалқ губернаторини сайладилар. Бу лавозимга кўпчилик овоз билан Шерали Абдилдаев лойиқ топилган.

15. 00. Талас милицияси билан музокара ўтказиш учун бораётган норозиларнинг бир гуруҳи ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан кўздан ёш оқизувчи газ ишлатиш йўли билан тарқатилди. Шундан сўнг норозилар уч марта ички ишлар бошқармасини босиб олишга ҳаракат қилдилар.

Шу пайтга келиб, норозилар сони 4-5 минг кишига етгани хабар қилинди.

16.00. Норозилар Талас бош майдонига президент Бакиев суратларини йиғиб, ўт қўйдилар.

17.00. Мустақил манбаларга кўра, Таласга бешта вертолёт ва битта самолётда милиция махсус кучлари жўнатилди. Бироқ расмий Бишкек Таласга фақат 100 нафар милиция ходими жўнатилганини билдирди.

18.00. Бош вазир Дониёр Усенов 2 соат ичида Талас шаҳрида тартиб ўрнатилиши тўғрисида баёнот берди.

19.00. Таласда норозилар митингги давом этди.

21.00. Махсус милиция отряди норозиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатаётгани тўғрисида маълумот олинди. Таласдаги мухбирларимизнинг хабар беришларича, бу ерда норозиларга қарши кўздан ёш оқизувчи гранаталар ва резина ўқлар ишлатилаяпти. Бу ишларга Таласда Бош вазир ўринбосари Акилбек Жапаров раҳбарлик қилмоқда.

21.40. Бишкекда мухолифат лидери Ўмурбек Текебаевнинг уйига номаълум шахслар бостириб кирдилар.

Ўшда мухолифат лидерларидан бири Душен Чўтунов ҳам ҳибс қилинган. У Миллий хавфсизлик хизматида сўроқ берган.

21.50 Таласда милиция ва норозилар ўртасидаги тўқнашувлар натижасида ҳокимиятнинг 1-қавати ёна бошлаган. Бир неча милиция машиналарига ўт қўйилган. Милиция ҳаракатига қарамай, норозилар яна йиғилмоқда ва милицияга қаршилик кўрсатмоқда. Жабрланганлар ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ..

Таласда мухолифатдаги Ота макон партияси раисининг ўринбосари, бугунги норозилик намойиши ташкилотчиси Бўлўт Шерниёзов тўқнашув пайтида қамоққа олинди.

22.00. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати махсус гуруҳи мухолифат лидери Ўмурбек Текебаевни қамоққа олгани хабар қилинди.

22.30. Бишкекдаги “Интербилим” марказига мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилиш учун ҳуқуқ ҳимоячилари йиғилишди. Бу йиғинда Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ҳам ишитрок этмоқда. Бу ерда қамоққа олинган мухолифат лидерларига юридик кўмак кўрсатиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG