Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:10

Новқат воқеаси бўйича қамалганлар озод қилинади


Новқат воқеаларини уюштирганликда айбланган шахслар суд қарори билан 9 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилингандилар.
Новқат воқеаларини уюштирганликда айбланган шахслар суд қарори билан 9 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилингандилар.

2008 йили Новқатда содир бўлган тартибсизликларда айбдор топилиб, узоқ муддатларга қамалган фуқаролар озод қилинади. Бу ҳақда Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Алмазбек Атамбаев маълум қилди.

18 апрел куни Ўш шаҳрида жамоатчилик вакиллари билан учрашган Алмазбек Атамбаев йиғилганларга Қирғизистонда юзага келган сиёсий-ижтимоий аҳвол ҳақида, ўтказилажак конституциявий ислоҳот ҳақида маълумот берди.

Йиғилганлар Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосарига ўзларини қизиқтирган турли муаммолар бўйича саволлар билан мурожаат қилдилар. Булар орасида Новқат воқеаларида айбланиб қамалганларнинг кейинги тақдири ҳақидаги савол ҳам бор эди.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йилнинг 1 октябрида Ўш вилоятининг Новқат тумани марказида диндорлар Ҳайит байрамини тантанали нишонлашга рухсат бериш талаби билан намойиш ўтказган эдилар. Ўшанда намойишчилар ва милиция ўртасида тўқнашув содир бўлган ва мазкур намойиш тартибсизликка айланиб кетган эди. Бу тартибсизликни уюштирганликда айбланган 32 киши узоқ муддатларга қамалганди.

Шу йилнинг 9 апрел куни Озодликнинг “Эркин микрофони”га қўнғироқ қилган ўшлик тингловчи Қирғизистон муваққат ҳуқумати вакилларининг Новқат воқеаларида айбланиб қамалганларга муносабати билан қизиққанди.

- Роза Ўтунбоева¸ Ўмурбек Текебаев ëки Алмаз Атамбаевлардан бир илтимосим бор эди. Булар Қирғизистоннинг Новқат воқеалари даврида қамалган 32 киши тўғрисида¸ агар хотирам панд бермаса¸ ўшалар қамалган ва ўзлари мухолифат бўлиб турган пайтда яхши гапларни гапиришган. Энди бу инсонларнинг бундан кейинги тақдири тўғрисида қандай ҳаракатлар қилишмоқчи, дея савол берганди ўшлик тингловчиларимиздан бири.

18 апрел куни Ўшда жамоатчилик вакиллари олдида чиқиш қилган Алмазбек Атамбаев Новқат воқеалари бўйича судланганлар масаласи муваққат халқ ҳукумати диққат марказида эканини эътироф этди.

- Новқат воқеаси бўйича қамалганларни албатта озод қиламиз, дея ваъда берди Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари.

Шунингдек, Алмазбек Атамбаев бундан буён аҳолини бир-бирига гиж-гижловчи кишилар қаттиқ жазоланиши ҳақида ҳам огоҳлантирди.

- Шимол-жануб масаласини кўтараётганларни, халқни қирғиз-ўзбекка, қирғиз-тожикка бўлаётганларни, керак бўлса, қамаш керак, деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари бундан буён мамлакатда тинчлик-барқарорлик ўрнатиш барча учун бирдек зарур эканини ҳам урғулади.

- Қозоғистон ва Россия раҳбарияти: “Агар бундан буён тинчланмасанглар, у ҳолда барқарор бўлмаган мамлакат фуқаролари сифатида ўғил-қизларингизни юртига қайтариб юборамиз”, дея огоҳлантирмоқда. Билишимча, Қозоғистонда бу иш аллақачон амалга оширила бошлаган, деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон жануби бўйлаб сафари доирасида кеча Ўш ва Жалолобод вилоятида бўлган Алмазбек Атамбаев бугун Боткен вилоятида ҳам жамоатчилик вакиллари билан учрашди.
XS
SM
MD
LG