Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

Чернобилчи ижтимоий ёрдам чекланаётганидан нолимоқда


Чернобил атом электр станциясида 1986 йилда юз берган авария минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди, ўн минглаб одамларни ногиронга айлантирди.
Чернобил атом электр станциясида 1986 йилда юз берган авария минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди, ўн минглаб одамларни ногиронга айлантирди.

24 йил аввал Украинадаги Чернобил АЭСида рўй берган портлаш оқибатида, БМТ маълумотларига кўра, тахминан 4 минг одам нобуд бўлган. Бу ҳалокат оқибатларини бартараф этишга жалб этилган минглаб кишилар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор эди.

Ҳошим Баҳромов Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан. Чернобил атом электр станциясида юз берган ҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун аскарлар сафида Украинага юборилган Ҳошим ака бугунги кунда 2 гуруҳ ногирони.

- 1986 йилнинг 26 апрелида Чернобил фожеаси содир бўлганда мен Совет армияси сафида хизмат қилаётган эдим. Шофёрлик курсида ўқир эдим армияда. Шундан бизни командировкага бир ой муддатга олиб кетишди. Биздан 20 йилга “давлат сирини ошкор қилмаслик ҳақида” тилхат олишди. Ҳамма қисмларда кечаси соат бирда тревога бўлиб, штабга чақириб, коммунистик партия билетларини бериб, рапортларни ёздирилди “Чернобил АЭСида хизмат қилишни истайман, ўтинчимни рад этмаслигингизни илтимос қиламан” деб, дея хотирлайди чернобилчи Ҳошим Баҳромов.

Суҳбатдошимиз ўша пайтда аскарлар бундай сўзларнинг маъноси нималигини тушунмасдан ёзганликларини айтади. Ўшанда Ҳошим Баҳромов билан бир сафда 50 нафар аскар кетган бўлса, шулардан ҳозирги кунга қадар 3 киши тирик қолган.

Айни кунда Ҳошим Баҳромов Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Чернобилчилар уюшмаси раҳбари. Мазкур туманда суҳбатдошимиз сингари Чернобил фожеасида қутқарув ишларига жалб қилинганлар бор.

- Ғаллаорол туманида ҳозирда Чернобил фожеаси ногирони бўлган 21 киши бор. Яна иккита қатнашчимиз бор. Шулар баъзи бир сабаблар билан, чекка қишлоқларда яшаб қолиб, даволаниш-профилактикаларга бормай, ногиронлар тоифасини олишмаган. Лекин уларга ҳам радиация иллатлари қаттиқ таъсир қилган. Сочлари тўкилиб кетган, дейди чернобилчи Ҳошим Баҳромов.

Суҳбатдошимизга кўра, Чернобил фожеаси таъсири фақат қатнашчилар сиҳатидагина эмас, балки уларнинг болалари саломатлигида ҳам акс этмоқда.

- Қосимов Комилжон деган Чернобил фожеасининг қатнашчиси бор. Ўша кишининг 19 ёшли фарзандини бундан икки йил аввал Гематология институтига олиб бордик. Ўткир лейкоз касаллигига чалиниб оламдан ўтди, дейди Ҳошим Баҳромов ўкинч билан.

Суҳбатдошимиз ўзининг ҳам радиациядан қаттиқ азият чекканини ва йиллар давомида фарзанд кўра олмаганини айтади:

- Ҳозир мен 40 ёшимда фарзандли бўлдим ўшандан кейин. Олдин икки марта уйланган эдим, фарзанд кўрмадим. “Чернобилчи бўлганлигингизни билганимда, турмушга чиқмасдим” деган гапларни эшитганмиз хотинлардан, дейди Ҳошим Баҳромов.

Бугунги кунда Ҳошим Баҳромов икки фарзанднинг отаси. Айни пайтда у чернобилчиларга берилаётган имтиёзлар уларнинг фарзандлари учун ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўларди, дея мулоҳаза билдиради. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, Ҳошим акага кўра, чернобилчиларнинг болаларига имтиёз яратиш тугул, қатнашчиларнинг ўзларига бериладиган дорилар бўйича ҳам чекловлар жорий этган:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг ички қарорини чиқарган. Формуляр деб айтишаяпти. Ўша формулярда бор дорини беришаяпти. Вазирлар маҳкамасининг қарорида дориларни бепул олиш белгилаб қўйилган. Формулярда эса чекланган дорилар кўрсатилган. Радиация туфайли юзага келган касалликнинг тури кўп бўлгани учун Формулярда кўрсатилган дорилар тўлиқ асқотмаяпти. Агар шу муаммони ечишда амалий ёрдам бўлса яхши бўлар эди. Булар армонда қолмай, ўз вақтида касалларини даволаб туришарди демоқчиман-да, дея ўз сўзига якун ясайди Чернобил фожеаси оқибатларини бартараф этишда қатнашган ғаллаороллик Ҳошим Баҳромов.
XS
SM
MD
LG