Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:50

Лайлакдаги ўзбеклар муваққат ҳукуматдан ëрдам истамоқда


6-7 май кунлари талончилардан жабр кўрган лайлаклик ўзбеклар Қирғизистон муваққат ҳукуматидан ёрдам сўрамоқдалар.
6-7 май кунлари талончилардан жабр кўрган лайлаклик ўзбеклар Қирғизистон муваққат ҳукуматидан ёрдам сўрамоқдалар.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лайлак туманига қарашли Интернационал қишлоғида 6-7 май кунлари содир бўлган талотўпларда уйи таланган ўзбеклар Бишкек янги ҳукуматидан адолат исташмоқда.

- Мен Мирбобоева Обида 1960 йилда туғилганман, 50 ёшга кирганман. Шу ёшга кириб, бундай ҳаётни энди кўрдим. Биз ўзбекларни шундай хўрлади, ҳамма хўрлади, ҳаммага томоша бўлдик. Невараларим, уйларим билан ҳаммамизни 300 та – 500 та ёш бола ҳаммаёқни тошбўрон қилиб, хўжайинимни улоқ қилиб, ҳаммани томоша қилдирди, ҳамма томоша қилди бизни. Бизни айбимиз нималигини билмаяпмиз ўзимиз ҳам. Айбимиз Қирғизистонда туғилиб қолганимиз бўлса, билмайман энди. Бизнинг орқамиздан қарайдиган, “бу ерда нима бўлаяпти?” дейдиган одам чиқмади, дейди йиғлаб 7 май куни уйи қирғиз ўспиринлари томонидан талон–тарож қилинган Обида опа биз билан қилган суҳбати чоғида.

Маълум бўлишича, Обида Мирбобоеванинг оиласи Интернационал қишлоғида бўлган талонда энг катта талофат кўрган. Опага кўра, қишлоқда уларнинг, ўғлининг, қайин укасининг уйи ёнма-ён жойлашган. Талончилар аввалига уларнинг уйларига, кейин эса “мана бу уй ҳам шуларга тегишли” деб яқинларининг уйига киришган.

Обида опанинг тўнғич қизи Шоҳида Мирбобоева гапиради:

- Болаларни олиб уйга қараб қочдик. Подвалга болаларни беркитиб, бир ўзим подвални устини ёпдим, устига гиламни ёпиб, ўзим уйнинг бурчагига беркиндим. Учтаси уйга кирди, ҳаммаёқни қидирди. Бурчакка беркинганман, “кўрмасин” деб ўтирдим. Болалар биттаси йиғласа, оғзини беркитиб, шундай димиқиб, 4 соат подвалда ўтиришди. Кейин ёнимиздаги уй акамни уйи бўлади - ўша уйга ўтишди. У уйда машина бор эди, машинанинг ойналарини синдиришди. Уйининг ичида соғ нарсаси қолмади, ҳаммасини синдиришди, деди Шоҳида.

Унинг айтишича, шундан сўнг қирғиз йигитлари тарқаб кетишган. Бироқ орадан бир неча соат ўтиб, яна қайтиб келишган.

Шоҳида бу сафар бир неча қирғиз йигити унинг отаси - 53 ёшли Мелиқўзи Мирбобоев ва ҳомиладор синглиси Ҳолбинисо Мирбобоевани аёвсиз калтаклашганини айтади:

- Дадам мендан 20 метр нарироқда ҳомиладор синглим билан турган эди. “Ана Мелиқўзи” деб, орқасидан қувишди. Иккаласи қочиб бир уйга киришди. У ерда қурилиш бўлаётганди, ломи бор эди. Шу лом билан дадамнинг бошига бир уриб, дадамни юмалатди. Оёқларига пичоқларни тиқди. Шунда ҳомиладор синглим дадам устига ётиб олса, оёғидан судраб, бўғиб “ўлдираман, товушингни чиқарма, эшшек сарт”, дейишди. Дадамнинг оёғини лом билан синдирди. Ҳамма жойига симларни тиқди, тахталарни тиқди. Кейин, қўйларни кўтарадию, ўшандай қилиб судраб, милицияхона олдига олиб бориб ташлади, дейди Шоҳида.

Обида Мирбобоеванинг айтишича, унинг куёви Мелиқўзи Мирбобоев айни пайтда оғир аҳволда Лайлак туман касалхонасида ётибди.

Обида опа биз билан суҳбатда Қирғизистон муваққат ҳукуматига мурожаати борлигини айтди:

- Биз ўзбеклар ҳам яшашни хоҳлаймиз. Қаерда бўлса, бизнинг устимиздан кулишини хоҳламаймиз. Янги ҳукумат бизгаям қарасин, фарзандларимиз, келажагимизни ўйласин. Янги ҳукуматга мени арзим шу. Уйларимни келиб кўриб, илтимос, ёрдам берсин, тузатиб берсин. Бўлмаса, бир кунимизни кўрармиз, деди Обида опа.

Суҳбатдошларимиздан яна бири, Интернационал қишлоғида истиқомат қилувчи Авазбек Мурзалиевнинг айтишича, қирғиз йигитлари унинг уйини ҳам талон-тарож қилишган.

- Люстрамгача қолгани йўқ, ҳамма нарсани ўғирлаб, шифтларни тешиб кетишган. Менинг ҳеч нарсам қолмади, деди Авазбек Мурзалиев.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 6 май куни Боткен вилояти Лайлак тумани Интернационал қишлоғида 4 нафар қирғиз йигити маст аҳволда ўзбек таксистидан уларни уйига олиб бориб қўйишини сўрашади. Бироқ йўл ҳақини келиша олишмайди ва уларнинг ўртасида жанжал чиқади.

Шу куни такси ҳайдовчилари билан жанжаллашгани учун икки қирғиз йигити қўлга олинган.

7 май куни соат кундузги 11 лар чамаси икки юздан ортиқ қирғиз йигити Интернационал қишлоғига келишади ва ўзларининг танишларини калтаклаган ўзбек йигитларини топиб беришни талаб қилиб, ўша қишлоқдаги ўзбеклар истиқомат қилувчи беш уйни талашади.

Маълумотларга кўра, 6 май куни такси ҳайдовчилари билан жанжаллашгани учун қўлга олинган икки қирғиз йигити 7 май куни ўзбеклар уйини талон–тарож қилган қирғизлар талаби билан озод қилинган.

Суҳбатдошларимизга кўра, Интернационал қишлоғида талончилик қилган қирғиз йигитлари ўзбекларнинг уйларигагина эмас, болалар боғчаси ва мактабларга ҳам ҳужум қилган ва у ерда ҳам бир неча ўзбекни калтаклаган. Уларнинг орасида аёллар ҳам бор.

Воқеа гувоҳлари талончилар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига ҳам бўйсунмаганини ва ҳатто уларни ҳам калтаклаганларини кўришганини айтишди.

Айтиб ўтиш жоизки, Боткен вилоятининг Интернационал қишлоғи Тожикистоннинг Сўғд вилояти Овчи Қалаша қишлоғи билан чегарадош ҳудуд бўлиб ҳисобланади. Интернационал қишлоғида истиқомат қилувчи кўплаб ўзбеклар ана шу қўшни қишлоқ аҳолиси билан қуда-анда тутинган.

Суҳбатдошларимиз 6-7 май кунги воқеаларда Интернационал қишлоғидаги кўплаб ўзеклар қўшни қишлоққа ўтиб, жон сақлашганини айтишди.
XS
SM
MD
LG