Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:19

Ўзбек қочқинлари Қирғизистондан умидини узса бўлади


Муваққат ҳукумат расмийси Текебоев¸ Қирғизистондаги қочқинларни ўз ватанларига депортация қилиниш эҳтимолидан огоҳлантирди.
Муваққат ҳукумат расмийси Текебоев¸ Қирғизистондаги қочқинларни ўз ватанларига депортация қилиниш эҳтимолидан огоҳлантирди.

Қирғизистон қидирувда бўлган хориж фуқароларини ўз давлатига қайтариши мумкин. Қочқинларнинг ўз ватанида қийноққа солиниш¸ ҳатто ўлим жазосига рўпарў бўлиши ҳам бунга халақит бера олмайди.



Бу ҳақда Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Ўмурбек Текебоев баëнот берди.

- Бизнинг кичиккина давлатимизнинг бугун бундай олийжаноб оғирликни кўтаришга қурби етмайди. Бу муваққат ҳукуматнинг сиёсий қарори. Биз ҳалқ олдида бу қароримиз учун жавоб беришга тайёрмиз¸ деди қирғиз матбуотида чоп этилган баëнотида жумладан Текебоев.

Бундай қарорни изоҳлаган муваққат ҳукумат расмийси¸ ҳозирги мураккаб шароитда Бишкек ўз қўшнилари билан муносабатларни чигаллаштиришни истамаëтганини таъкидлади.

Мазкур баëнот¸ аслида 27 июн куни умумхалқ муҳокамасига қўйиладиган Қирғизистон янги конституцияси лойиҳасига қочқинлар ҳақларига оид банднинг киритилмаганига изоҳдир. Ҳозирланган лойиҳадан Қирғизистонда қочқинлик мақомини изловчи шахсларни уларни таъқиб қилаëтган давлат ихтиëрига бермаслик ҳақидаги меъёр тушириб қолдирилган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари¸ хусусан Азиза Абдурасулова янги конституция лойиҳасидан бу меъёрнинг чиқарилишини универсал инсон ҳуқуқларининг бузилиши¸ дея баҳолади.

- Бунгача ҳам Қирғизистон томонидан ўзбекистонлик 4 нафар қочқинни ўз давлатига бериб юбориш ҳодисаси бўлган. Биламизки, Ўзбекистонда тутқунларга нисбатан қийноқлар қўлланилади. Шунга қарамай, қочқинларнинг Ўзбекистонга бериб юборилгани ачинарли ҳол. Биз бундай ҳолатлар бўлмаслигини истаган эдик. Ҳозирда қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари буни муҳокама қилишаяпти, дейди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг ушбу баëноти¸ шундоқ ҳам бу мамлакатда чўчиб яшаëтган ўзбекистонлик қочқинларни ташвишга солиб қўйди:

- Менинг билганим 20 дан ортиқ оила бор. Одамнинг ўзини ҳисоблаб қўяверинг. Ҳақиқатан ҳам хавф остида қанча оила бор билмайман. "Бизни хавф-хатарсиз жойга чиқариб юборинглар” деб БМТ да анча югурдим мен. Даже ҳол-аҳволимизни эшитиш у ëқда турсин¸ менинг ўзимни чақириб “Ҳозир мен милиция олиб келаман. Сени олиб бориб қамаб қўяди. Сен қанақа одамсан биласанми? Қидирувдаги одамсан. Сени олиб бориб қамагандан кейин мен сени чиқармайман” деяпти. Энди билмайман БМТ шунақа дегандан кейин мен кимдан сўрай? Бошқа одам йўқда, дейди Қирғизистонда қочқинлик изловчи шахс мақомида юрган ўзбекистонликлардан бири.

Қозоғистонлик журналист Жандос Қақшимбоев ҳам ўз юртидаги таъқиблардан қочиб¸ Қирғизистонда вақтинчалик мақом олган. Муваққат ҳукуматнинг қочқинларни ҳимоя қилмаслик ҳақидаги қароридан сўнг Жандос бу мамлакатдан чиқиб кетиш тараддудига тушган.

- Бизга оддий қилиб айтишди - бирорта ҳам қозоқ Қирғизистон ҳудудида сиёсий қочқинлик ололмайди. Қозоғистонда ҳам бирор бир қирғиз фуқароси бу мақомни ололмайди. Бу икки давлатнинг келишуви, биз ўзаро муносабатларни қийинлаштирмоқчи эмасмиз¸ дейишди. Қандай қилиб ҳалқаро конвенцияларни имзолаб, қочқинларни ҳимоя қилиш мажбуриятини олган бу давлатларга, хусусан Қирғизистонга ишониш мумкин? Мен бу ердан қочиб кетмоқчиман, дейди қозоғистонлик журналист Жандос Қақшимбаев.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раиси Надежда Атаева¸ БМТнинг қийноқларга қарши, қолаверса қочқинларни ҳимоялаш ҳақидаги конвенцияларни қабул қилганига қарамай Қирғизистон муваққат ҳукуматининг бундай тўхтамга келганини Бишкекнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги мажбуриятларидан қидириш лозим¸ деган фикрда.

- Бугун ШҲТ келишувлари ҳалқаро ҳуқуқ нормаларидан кўра устунлик қилмоқда. Биламиз, Қирғизистон илгари ҳам ўзбекистонлик қочқинларни ватанига бериб юборган. Эндиликда қўшнилар билан муносабатни яхшилаш мақсадида бундай олди-бердиларнинг кўпайиши бизни ташвишга солмоқда, дейди Надежда Атаева.

Хўш¸ Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакат ҳудудидаги сиëсий қочқинларнинг ўз ватанига бериб юборилишини эҳтимолдан соқит қилмаëтган бир пайтда¸ айни қочқинларнинг учинчи давлатдан доимий бошпана топишига кўмаклашувчи БМТ Қочқинлар идораси уларга бирор-бир ҳимоят бера оладими?

- Муваққат ҳукуматнинг қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олган мажбуриятларини бажаришига шубҳа қилмаймиз. Бу ерда қочқинларни ҳимоя қилиш масаласи БМТ нинг қочқинлар ишлари бўйича идораси эмас, балки ҳукумат зиммасидадир. Уларнинг бу халқаро мажбуриятни бажаришига шубҳам йўқ. Ўзбекистонлик қочқинлар аввалам бор қирғиз расмийлари томонидан қайд этилади, кейингина бу ишга биз ҳам қўшиламиз, деди Озодликнинг бу саволига жавоб қайтарган БМТ идорасининг Қирғизистондаги вакили Ҳанс Шоддер

Айни пайтда жаноб Шоддерга кўра¸ қочқинлар масаласининг янги конституция лойиҳасига алоҳида банд сифатида киритилмагани халқаро меъëрларнинг бузилишини англатмайди:

- Қочқинлар масаласини махсус равишда конституцияда белгилаб қўйишга эҳтиёж йўқ. Қочқинларни Қирғизистоннинг бошқа бир қатор қонунлари ҳимоя қилади. Агар ҳар бир масалани конституцияда қайд этаверишса, унда конституция 200 варақдан ошиб кетади, деди бу масалада БМТ Қочқинлар идорасининг Қирғизистондаги вакили Ҳанс Шоддер

БМТ расмийси¸ Қирғизистонда сиëсий қочқинлик мақоми изловчи шахс сифатида ҳам ҳукумат идоралари¸ ҳам БМТ идорасидан рўйхатдан ўтган бўлишига қарамай¸ маҳаллий ва халқаро қонунларга зид тарзда Ўзбекистонга бериб юборилган қочқинлар воқеасига ҳам изоҳ бериб ўтди.

- Сўнгги бор Қирғизистондан ўзбекистонлик қочқиннинг икки йилча аввал депортация қилинганини биламиз. Ўзбекистонлик қочқиннинг Қирғизистондаги ҳимояси борасида хавотир туғилганда¸ биз эҳтиёткорлик қиламиз ва бу ишни кўп ҳам оммавий ахборот воситалари орқали ошкор қилмаймиз. Боиси бундай ҳол Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаслиги ва қочқин аҳволини янада оғирлашйтириши мумкин, деди БМТ Қочқинлар идорасининг Қирғизистондаги вакили Ҳанс Шоддер.
XS
SM
MD
LG