Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Ўзбекистон телевидениеси халқни “жиҳодчилар” билан қўрқитмоқда


Филмда намойиш этилган аксар кадрлар суд зали ëхуд қамоқхонада суратга олинган.
Филмда намойиш этилган аксар кадрлар суд зали ëхуд қамоқхонада суратга олинган.

Ўзбекистон канали 26 май кечқурун “Хунрезлик“ деб номланган ҳужжатли филмни намойиш қилишни бошлади. Ўзбекистон МХХ си ҳомийлигида ҳозирланган навбатдаги ташвиқот филми айни кунларда судланаëтган “жиҳодчилар”га бағишланди.


Айбсизлик презумпциясига мувофиқ¸ у ëки бу шахснинг у ëки бу жиноятни содир этгани судда ўз исботини топиб¸ маҳкама уни жиноятда айбдор деб ҳукм чиқармагунча¸ бу шахсни айбдор дейиш ëхуд уларни жамоатчиликка жиноятчи қилиб кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Айни шундай¸ у ëки бу фуқаро устидан маҳкама борар экан¸ судланувчиларни жамоатчиликка жиноятчи қилиб кўрсатиш¸ уларни оммавий ахборот воситалари орқали жиноятга иқрор қилдириш ҳам Ўзбекистон¸ ҳам халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ва бундай ҳаракатнинг ўзи суд ҳукмига таъсир кўрсатишга уриниш сифати жавобгарликка тортилиши керак.

Аммо Ўзбекистонда йиллардан бери очиқчасига бузилиб келинаëтган бу оддий ҳуқуқий принциплар¸ 26 май куни яна бир бор бузилди.

Давлат телевидениеси айни кунларда “Жиҳодчилар” диний-экстремистик гуруҳига аъзоликда гумонланиб маҳкамага тортилган ва ҳали суд ҳукм чиқармаган 16 судланувчи кўрсатма ва иқрорлари асосида ҳозирланган “Хунрезлик” деб номланган навбатдаги ташвиқот филмини намойиш этди.

“Хунрезлик”, деб аталган махсус кўрсатув¸ аниқроғи ҳужжатли филм¸ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими, подполковник Хасан Асадов, “Кўкалдош мадрасаси мудири ўринбосари Аброр Аброров, Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсунов ва Қашқадарё вилояти бош имом хатиби ўринбосари Исмоил Райҳоновга қарши содир этилган қотиллик ва суиқасдларни режалаган ва амалга оширганликда айбланаëтганлар тўғрисидадир.

"Хунрезлик"
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00


Филмда¸ исломшунос деб тақдим этилган шахс¸ Тошкентдаги “ Тўхтабой” масжиди имом хатиби¸ айрим жабрланувчилар¸ энг асосийси филмни овозлантирган телевидение сухандони бу судланувчиларни даҳшатли қотилликлар¸ Ўзбекистондаги конституцион тузумга тажовуз қилиш ва мамлакатда қонли тўнтариш амалга ошириш каби оғир жиноятларда айбдор¸ дея қайта-қайта ҳукм чиқарадилар¸ “Ўзбекистондаги тинчликни кўролмаëтган қора кучлар ва уларнинг халқаро ҳамтовоқлари”га лаънатлар ëғдирадилар.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов фикрича, Тошкентда ўтган йил ёзида содир этилган қотиллик ва суиқасдлар ҳақидаги “Хунрезлик” ҳужжатли филми ҳукуматнинг навбатдаги “саҳналаштирилган томоша”сидир.

- Бу ҳаммаси уюштирилган¸ деб биламан. Нимагаки¸ агар булар шу ишни қилган бўлса¸ нимага буларни очиқ ўша пайтда телевидениеда кўрсатмади? Ëки нима учун қариндош-уруғларини қўймади? Нима учун буни сирли равишда ëпиқ қилиб¸ бекитиб суд қилишди? Бундан бизда мана шунақа кўп саволлар келиб чиқади. Нимага шунча пайт ўтиб буларни шунақа қилиб кўрсатишаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

Ярим соатдан кўпроқ давом этган филмнинг биринчи қисмида¸ бир неча йил давомида қидирувда бўлган ва Қозоғистонда ушланиб¸ Ўзбекистонга олиб келинган Шавкат Маҳмудов¸ “Жиҳодчилар” гуруҳи орқали қатор қотилликларни уюштирганлик¸ бир қатор тадбиркорлар эса¸ “жиҳодчилар” фаолиятини молиялаштирганликда айбланади ва уларнинг ўзлари бу оғир жиноятларига иқрор бўладилар. Филм давомида кўрсатма берган¸ ўз айбига иқрор бўлганлар аксарининг бу ишни қамоқхонадан туриб¸ ҳатто кучли грим остидан ҳам сизиб турган жисмоний¸ айниқса руҳий тажовуз остида туриб қилгани сезилиб туради.

- Мана шуни айтсанг¸ чиқариб юборамиз дейди. Мана шунақа ëлғон гаплар билан алдаб-сулдаб гапиртиришади. Булар олдиндан атайлаб қилинган нарсалар. Буни фақат диний эътиқоддаги ëки намозхонлар қилганлигини кўрсатишмоқчи. Ўшаларни масалан қорига бўладими¸ мадрасанинг директор муовини бўладими¸ милиция ходими бўладими¸ анави полковник¸ нимагаки у терроризмга қарши бўлимида ишлаган одам¸ уларнинг нимаси билан диний эътиқодда қамалганлар тезкор гуруҳлар орқали бўлади. Буларни кўрсатишмоқчики¸ булар шунақа содир қилган¸ отган. Шунақа нарсалар гапирилган. Менимча¸ бу ҳеч бунақа бўлиши мумкин эмас. Унақада нимага бекитиб қилинаяпти бу нарса? Нимага очиқлиги йўқ¸ дейди Суръат Икромов.

Мазкур филмнинг диний-маърифий эшиттиришлари билан танилган Хайрулла Ҳамидов устидан суд ҳукми чиқиши арафасида намойиш этилишидан¸ унинг давомида айнан “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланаëтган Хайрулла Ҳамидов ҳақида ҳам гап бўлишини тахмин қилиш мумкин.

27 майга 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Хайрулла Ҳамидов устидан ҳукм ўқилишида Ўзбекистон телевидениеси операторларининг иштирок этгани ҳам айни шундай тахминга асос бўлади¸ дейди Суръат Икромов.

- Иккинчи қисми бугун (суҳбат 27 май куни ëзиб олинган – таҳр.) бўлади. Хайрулланинг судига бугун телевидение келиб камерага олган экан. Бугун ҳукм ўқилди¸ дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Аҳмедова бундай филмлар орқали ҳукумат мусулмонларга нисбатан олиб бораётган қаттол сиёсатини оқлашга ва мусулмонларга қарши аҳоли нафратини қўзғатишга уринаётганини айтади.

- Бу кўрсатувларни уюштиришдан асосий мақсад динни ëмон кўрсатиш. Дин бунақа эмас. Ҳақиқий мусулмонлар ислом душманлари сифатида кўрсатилаяпти.

Озодлик: Жиҳодчилар борми ўзи Ўзбекистонда?

- Йўқ¸ умуман ҳеч қачон эшитмаганмиз. Анвар қорига суиқасддан кейин эшитдик "биродарлар"¸ "таблиғчилар" деганини. "Жиҳодчилар"¸ бошқа деганларни умуман эшитмаганмиз.

Озодлик: Кўрсатувда айблнувчилар айбларига иқрор бўлишаяптику.

- Иқрор бўладида. Нимагаки¸ қарангда сиз ўлим олдида турибсиз. Сиз жар олдида турибсиз. Ўзингизни қутқариш учун ҳамма нарсага тайëрсиз. Шунинг учун “Майли мен қўл қўйиб бераман. Мен жиноятчиман” деган нарсани бўйнига олишга мажбур бўлади. Йўқ дейдиган битта-яримта чиқиб қолади. “Ўлдирсанг ўлдиргин¸ мен Оллоҳ йўлида ўлавераман” дейдиган битта-яримта чиқиб қолаяпти. У ҳам бошида шундай турган бўлса¸ охирида шундай азоб тортадики¸ шундай қилишадики¸ қўл қўйганини ўзи билмай қолади. Эс-ҳушини йўқотиб қўл қўйдириши мумкин¸ дейди Мўътабар Аҳмедова.

Филмга¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан яширин суратга олинган кадрлар¸ шунингдек махсус хизмат ходимлари ва судланувчилар иштирокидаги саҳналаштирилган эпизодлар илова қилинган.

“Содир этилган хунрезликлар¸ кенг кўламли қўпорувчиликларга кўрилган тайëргарликларни бир кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз¸ ўз ўзидан савол туғилади. Умар лақабли Шавкат Маҳмудов аслида ким? 10 йил илгари қон тўккани учун жиноий жавобгарликдан қўрқиб Ўзбекистондан Украинага қочиб кетган бу кимсани яна Ўзбекистонга қайтиб кeлиб қўпорувчиликларга тайëргарлик кўришга нима ëки ким ундади? Ҳар қандай онгли одамга аëнки бундай катта бузғунчиликларни бир киши амалга оширишга қодир эмас. Шавкат каби ижрочиларнинг ортида¸ албатта¸ ғоявий йўналтириб молиявий таъминлаб турувчиларнинг бўлиши аниқ. Хўш¸ улар ким? Умуман калаванинг учи қаерда? Филмнинг кейинги қисми шу саволларга жавоб беради” деб тугатади филм биринчи қисмини тасвир ортидан овоз берган сухандон қўрқинчли бир оҳангда.

Бундан эса¸ филм давомида “Жиҳодчилар”нинг Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги маънавий етакчилари деб кўрилаëтган ва номлари айна шу гуруҳга алоқадорликда айбланиб судланаëтганлар ишида бир неча бор янграган таниқли имомлар - Абдували қори Мирзаев¸ Обид қори Назаровлар¸ шунингдек 27 май куни расман "жиҳодчилик"да айбланган Хайрулла Ҳамидов ҳақида навбатдаги айбловлар янграшини кутиш мумкин.

Ўзбекистон телевидениеси¸ аниқроғи Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати 1999 йилги Тошкент портлашларини уюштирганлик¸ кейинчалик эса "Ҳизбут-Таҳрир"¸ "Акрамийлар" ва "Нурчилар" каби диний-экстремистик гуруҳ аъзолиги ва Ўзбекистон конституцион тузумини ағдаришга уринганликда айбланганлар иштирокида ҳам қатор ҳужжатли филмларни¸ айни айбланувчилар устидан суд бораëтган кунларда намойиш этган ва шу орқали жамоатчиликни "террорчилар" таҳдидидан огоҳ қилган эди.

Ҳурматли муштарий! “Хунрезлик” деб номланаган ушбу филмнинг 27 май Тошкент вақти билан соат 21:40 да намойиш этиладиган иккинчи қисмига оид тафсилотларни Озодлик сайтида кузатинг.
XS
SM
MD
LG