Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:12

Партия матбуоти жавобга ҳозирланмоқда


Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда партия нашрлари ўта зерикарли бўлгани учун ўзбек муштарийлари кўпроқ кўнгилочар нашрларни ўқишни маъқул кўрадилар. Буни мазкур нашрларнинг ададига қараб ҳам билса бўлади.
Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда партия нашрлари ўта зерикарли бўлгани учун ўзбек муштарийлари кўпроқ кўнгилочар нашрларни ўқишни маъқул кўрадилар. Буни мазкур нашрларнинг ададига қараб ҳам билса бўлади.

Тошкентдаги Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти мажлислар залида “Ўзбекистонда партия матбуоти аҳволи ва унинг ривожланиш истиқболлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар қилади.

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар фаоллари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, партия нашрлари муҳаррирлари ва журналистлари, олий ўқув юртлари етакчи олимлари ва медиа соҳасидаги экспертлар иштирокида ўтган тадбир чоғида экспертлар партия матбуоти замонавий хавф-хатарларга қарши ҳозиржавоб бўлиши лозимлигини таъкидладилар.

Учрашувда мамлакатда ахборот-коммуникацион технологиялар жадаллик билан ривожланиб бораётган, аҳолида эса ахборот тарқатишга нисбатан янги талаблар шаклланаётган бир пайтда партия матбуоти бундан четда қолиши мумкин эмаслиги, шу важдан партия матбуотида тақдим этилаётган материаллар форматини қайта кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Экспертлар фикрича, кўплаб мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари аҳоли талаб ва таклифларини эътиборга олиб, материал тақдим қилишнинг эскича усулларидан воз кечадилар ва журналистикага янгиликлар киритиб борадилар. Биринчи навбатда, бу материалларнинг ўз вақтида етказиб берилиши ва уларнинг имкон қадар қисқа тарзда тақдим қилинишини кўзда тутади.

Мутахассислар партия матбуотида чоп қилинаётган материаллар мазмун ва шаклини тубдан ўзгартириб, “расмий баён”дан қочиб, муштарийлар томонидан енгил қабул қилинадиган ноанъанавий услублардан фойдаланишни тавсия қилдилар. Уларга кўра, партия матбуоти материалларининг ўта мураккаб, фақат илм аҳлигина тушунадиган тилда ёзилаётгани муштарийларни бу нашрлардан бездирмоқда ва бу, ўз навбатида, партиялар имижига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

“Бунга йўл қўймаслик учун, - дея қайд этади экспертлар, - янги махсус йўналиш - партия-парламент журналистикасини барпо этиш ҳамда бу йўналишда ишлай оладиган кадрлар тайёрлаш масаласини ҳал қилиш лозим”.

Тадбир иштирокчилари сиёсий партиялар ўз электорати билан алоқани узмаслик ва уни кенгайтириш мақсадида Интернет тармоғи имкониятларидан ҳам кенг фойдаланишлари лозимлигини таъкидладилар, депутатларга ўз веб-саҳифалари ва блогларини очишни тавсия қилдилар.


Айни пайтда Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволдан хабардор кузатувчилар бу каби тадбирлар мамлакатдаги партия матбуотида, иддао қилинганидек, “туб бурилиш” ясамаслигини тахмин қиладилар. Уларнинг фикрича, партия нашрлари аввалгидек мамлакат президенти сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлашда давом этаверадилар. Кузатувчилар мазкур тадбирни расмий Тошкент томонидан партия нашрларига Ўзбекистон ҳақида ёзаётган хорижий оммавий ахборот воситаларига қарши ҳужум кампаниясини бошлаш учун берилган ишора ўлароқ баҳоламоқдалар. Уларга кўра, эндиликда “XXI asr”, “Ўзбекистон овози”, “Адолат”, “Миллий тикланиш” каби қатор партия нашрлари танқид тиғини Ўзбекистондаги воқеаларни ёритаётган хорижий ва мустақил нашрларга қаратадилар.

Дарвоқе, бу ҳақда мазкур тадбирни ёритган Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам очиқ ёзмоқдалар.

“Ўзбекистон партиялари хорижий оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон ҳақида ёйинлаётган информацион провокацияларига жавоб беришга тайёрланмоқда”, деб ёзди мазкур тадбир ҳақида хабар қилган UzDaily.uz нашри.

Ўзбек партиялари нашрлари фаолиятига танқидий баҳо берилган мазкур тадбирда Ўзбекистонда расман қайддан ўтмаган мухолифатдаги Бирлик ва Эрк партиялари нашрлари фаолиятига тўхталинмаган. Тадбир иштирокчилари бу партиялар нашрларини Ўзбекистон сиёсий ҳаётига дахлдор эмас деб биладиларми ёки Бирлигу Эрк нашрлари ва сайтларини ҳам “бузғунчи хориж матбуоти” қабатида кўрадиларми – бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.
XS
SM
MD
LG