Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:55

Душанбеда халқаро анжуман иш бошлади


“Марказий Осиё сув заҳираларини тақсимлашда тенгсизлик мавжуд, шу тенгсизлик ортидан Орол денгизи фожеага учради”. Душанбе шаҳрида “Сув ҳаёт учун” дея номланган халқаро анжуманда сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ана шундай баёнот берди.

8 июн куни Тожикистон пойтахтида иш бошлаган халқаро анжуманнинг очилишида сўзлаган президент Имомали Раҳмон Оролни тиклаш, минтақа ва бутун дунёда тоза ичимлик суви муаммоларини бартараф этиш мақсадида 2012 йилни “Сув дипломатияси” халқаро йили деб эълон қилиш таклифи билан чиқди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фикрича, Марказий Осиёда айрим давлатларининг фақат ўз манфаатлари йўлидаги саъй- ҳаракатлари бугунги кунда Оролнинг фожеага юз тутишига туртки бўлган.

- Орол фожеаси энг аввало минтақада суғориладиган янги ерларни ўзлаштириш натижасидир. Бундай янги ерларнинг масофаси 1960 йилда 4 миллион гектарни ташкил қилган бўлса, бугун тахминан 9 миллион гектарни ташкил қилади. Шунингдек, шу давр ичида дарёлар қуйисидаги мамлакатлар ичкарисида 100 тадан ортиқ сув омборлари қурилдики, улардаги сув ҳажми Оролга сиғиши мумкин бўлган сувдан 1,5 баравар кўпроқдир, дея билдирди Имомали Раҳмон.

Тожикистон президентига кўра, Орол фожеасидаги яна бир сабаб минтақа аҳолиси сонининг ошиб бораётганида экан. Унинг айтишича, минтақа аҳолиси 1956 йилдан шу кунга қадар тахминан 3,5 бараварга кўпайган.

- Бу омиллар Орол денгизининг 10 баравардан ортиқ кичрайишига олиб келди. Шунга қарамай, минтақадаги давлатлар орасида сув заҳираларини тўғри тақсимлаш ва ундан унумли фойдаланиш ҳамда сув заҳиралари хавфсизлигини таъминлаш борасида кўплаб камчиликлар кузатилади. Марказий Осиё давлатларининг ўзига хос хусусияти шундаки, унда сувни тақсимлашда тенгсизлик мавжуддир. Оролга қуйиладиган сувнинг 80 фоиз дарёлар бошида жойлашган давлатлар ҳудудида ҳосил бўлади. Бироқ минтақа сувининг 85 фоизини дарёлар қуйисидаги мамлакатлар ўзлаштириб олмоқда. Менимча, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун минтақадаги барча давлатлар узоқ муддатли шартномани имзолаши шарт, дер экан Имомали Раҳмон бу муаммоларни тезроқ ва реал ҳал қилиши учун мазкур ҳужжат барчага бирдай мақбул жиҳатларни қамраши лозимлигини таъкидлади.

Тожикистон президенти ўз давлати Орол денгизини тиклаш борасида кўплаб таклифлар билан чиққанини ҳам эслатиб ўтди.

- Бу муаммонинг ягона ечими экин ерлар ҳолатини ўзгартиришдан иборатдир. Масалан, жуда сув кўп талаб қиладиган экинлар, жумладан, пахта ва шолининг ўрнига сув кам талаб қиладиган экинларни экиш. Тожикистон айнан шу мақсадда пахта майдонларини 30 фоизгача қисқартириб, сув тақчиллигига мослашган экин майдонларини кўпайтирди ва шу йўл билан сув заҳираларидан унумли фойдаланишга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Афсусланарлиси шундаки, минтақа айрим давлатлари Орол денгизидаги муаммоларни ҳал қилишда ҳисса қўшиш ўрнига ҳар турли йўллар билан халқаро ҳамжамиятни чалғитишга уринмоқда, дея таъкидлади Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти бугунги кунда ҳам ўз давлати минтақадаги сув муаммоларини ҳал қилишдаги ҳар қандай ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Тожикистон президенти мулоҳазасича, ўтиш даврини бошдан кечираётган минтақа давлатларида сув ва энергетика ҳамда экология билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилиш учун кўпроқ гидроэнергетик лойиҳаларни амалга ошириш айни муддаодир.

- Тожикистоннинг гидроэнергетика йиллик заҳираси ҳажми тахминан 527 миллиард кВт/соатни ташкил қилади. Бироқ афсуски, бугунги кунда Тожикистон шу заҳираларнинг атиги 3-4 фоизидан фойдаланилмоқда, холос. Тахминан 8 миллиондан иборат аҳолининг қарийб 1 миллиони доимий электр қуввати билан таъминланмай қолмоқда, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон давлат раҳбари гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш ўз давлатининг асосий стратегиясидан бири эканини алоҳида таъкидлади.

Унингча, минтақа айрим давлатларида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80 фоизи ёқилғи асосида амалга оширилади ва бунинг ортидан ҳар йили 100 миллион тонна заҳарли чиқинди ҳавони булғамоқда.

- Шунинг учун ҳам бугунги кунда Тожикистонда йирик гидроэнергетик иншоотларнинг қурилиб ишга туширилиши минтақа бошқа давлатлари учун иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан фойдалидир, деди Имомали Раҳмон.

Душанбеда бугун бошланган “Сув ҳаёт учун” халқаро конференцияда Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Галина Саидова бошлиқ ўзбек делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Ўзбекистон номидан чиқиш қилган Галина Саидова ўз давлати минтақада йирик гидроиншотлар қурилишига қарши эканини яна бир бор таъкидлади.

- Минтақадаги йирик ГЭСлар лойиҳаси собиқ шўролар даврида лойиҳалаштирилган ва хавфсизлик масалалари эътиборга олинмаган.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекстон бундай гидроиншоотлар халқаро экспертизадан ўтказилмагунича, бу иншоотларнинг қурилишига қарши. Ўзбекистон ҳукумати бу йўналишда ўз позициясини ўзгартирмайди, деди БМТ Бош котиби ўринбосари Ша Цзукан ҳам қатнашаётган халқаро анжуманда Ўзбекистон вакиласи Галина Саидова.

Эслатиб ўтамиз, Душанбе шаҳрида 8 июндан 10 июнгача давом этадиган бу анжуманда дунёнинг 70 мамлакатидан 500 нафар вакил қатнашмоқда.

Халқаро анжуман иштирокчилари орасида 20 мамлакат вазирлари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, Ислом конфренцияси ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари бор.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG