Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:32

БМТ Қирғизистонга ёрдам кўрсатиш чақириғи билан чиқди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Қирғизистон жанубида юзага келган гуманитар бўхрон оқибатларини бартараф этиш учун халқаро ҳамжамиятни Қирғизистон ҳукуматига 71 миллион долларлик ёрдам кўрсатишга чақирди.

БМТ Бош котиби сўзларига кўра, Ўш шаҳар ва Жалолобод вилоятидаги зўравонликлар туфайли 300 мингдан ортиқ фуқаро турар жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, 100 мингдан ошиқ қирғизистонлик ўзбек эса қўшни Ўзбекистондан бошпана топган.

Бан Ки Мун айни пайтда яна ўн минглаб фуқаро Қирғизистон жанубини тарк этаётгани ва минтақада озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмовчилиги, электр тармоғида узулишлар бўлаётгани ҳамда айрим жойларда талон тарожлик давом этаётганини маълум қилди.

-Давом этаётган талон тарожлик, керакли махсулотларнинг етишмаётганлиги ҳамда шаҳарда ҳаракатланишга жорий этилган таъқиқ туфайли озиқ-овқат, ичимлик суви ва электр энергия тақчиллиги юзага чиқди. Шифохоналар ва бошқа муасассаларда эса дори-дармон тугаб бормоқда,-деди БМТ Бош котиби.

Бан Ки Мун, шунингдек Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бошқа расмийлар билан телефон орқали боғланиб, Қирғизистон жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш имкониятларини муҳокама қилганини маълум қилди.

БМТнинг инсонпарварлик ёрдами масалалари билан шуғулланувчи идора вакилларига кўра, ёрдам тариқасида тўпланадиган 71 миллион доллар келаси олти ой давомида Қирғизистон жанубидаги зўравонликлардан жабр кўрган салкам 1.1 миллион киши эҳтиёжлари учун сарфланади. Мазкур идора раҳбари Жон Ҳолмс Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар кўламидан ҳайратга тушганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG