Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2025, Тошкент вақти: 02:50

Ўзбекистонда тадбиркор бўлиш формуласи: ë зўринг¸ ë заринг бўлсин!


Ўзбекистонликларга кўра¸ бизнес кўламининг катта-кичиклиигидан қатъий назар¸ ҳаммада "крыша" бўлиши лозим.
Ўзбекистонликларга кўра¸ бизнес кўламининг катта-кичиклиигидан қатъий назар¸ ҳаммада "крыша" бўлиши лозим.

Қонунлардан топиб бўлмайдиган бундай формулани¸ Ўзбекистонда фаолият юрғизаëтган ҳар бир тадбиркор яхши билади. Тепада "крыша"си бўлмаган одам¸ пастдаги ўнлаб таъмагирлар оғзини мойлаб турмаса¸ бир кун ҳам ишлай олмайди¸ дейди Озодлик суҳбатлашган аксар тадбиркорлар.



“Йўқ¸ йўқ¸ йўқ¸ унақанги нарса йўқ. Ҳозир одамлар фойда қилгани йўқ. Яшаш учун кураш бўляпти холос. Тирик қолиш учун нима бўладию. Келажакка ҳаракат қилаëтгани йўқ ҳозир”.

Андижонлик кичик тадбиркор Алишер ака Ўзбекистондаги кичик тадбиркорларнинг жорий йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 38 фоизни ташкил қилганига ишонгиси келмаяпти.

Ўзбекистон ҳаётини ёритадиган Anons.uz сайти сешанба куни тарқатган хабарда жорий йилнинг биринчи чорагида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ялпи ички маҳсулотнинг 38 фоизи ишлаб чиқарилгани, бу эса ўтган йилнинг бу даврига солиштирганда қарийб 2 фоизга кўпроқ экани айтилади.

Ялпи ички маҳсулотига оид маълумотлар Ўзбекистон иқтисодининг бошқа кўрсаткичлари каби давлат сири ҳисоблангани боис, мамлакат иқтисодининг ҳажми қанча эканини аниқ айтиш қийин. Лекин Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси каби манбаларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг йиллик ялпи ички маҳсулоти 30-32 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиши мумкин. Яъни Anons.uz келтирган маълумотлар тўғри бўлса, жорий йилда кичик тадбиркорлик субъектларининг 12 миллиард АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқариши ва хизмат кўрсатиши кутилмоқда.

Хабарда айтилишича, жорий йилда кичик тадбиркорлик субъектларида ишга лаёқатли аҳолининг 8¸5 миллионга яқини иш билан таъминланган. Улар ишлаб чиқарган 324 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар четга сотилган. Кичик тадбиркорлар импорт қилган маҳсулотлар нархи эса 581 миллион доллардан ошиқроқни ташкил қилган.

Андижонлик Алишер ака бугун кичик тадбиркорликни бошлаш осонлашгани ва тадбиркорлар сони ошаётгани рост бўлса-да, бу рақамлар бироз эмас, анча бўрттирилган¸ деган фикрда. Чунки, ўзбеклар кундалик ҳаётининг бир қисмига айланган порахўрлик туфайли кичик тадбиркорларнинг бугунги аҳволи қандай экани ҳеч кимга сир эмас ва улар ўз маҳсулотларини нафақат экспорт-импорт қилиш, балки мамлакат ичкарисида бир жойдан бошқа жойга олиб бориши таҳликали бир тадбирга айланган, дейди суҳбатдошимиз.

- Очиш ҳеч нарса эмас. Шароит¸ қандай десам сизга¸ кимнинг таниш-билиши яхши бўлса¸ пули бўлса¸ эплаб нима қилиб кетаяпти. Лекин шароитлар жуда зўр эмас.

Озодлик: Таниши бўлмасачи?

- Биринчи нотўғри нарса¸ чегараларнинг ëпиқлиги. Энг асосийси¸ одамнинг ишлаб чиқарган маҳсулотини бемалол ташқарига олиб чиқа олмаслиги. Ички истеъмолга ярашаси нимани қопламайди. Бундай ташқари¸ дейлик водийдан Тошкентга олиб бориш ҳам қанча проблема. Масалан¸ йўлларда постлар ҳозир умуман қутуриб кетган. Документингизнинг озгина жойи нотўғри бўлса¸ конфисковат қилиб ташлаяпти. Айниқса¸ Наманганнинг постида¸ перевалда Наманганнинг пости бор¸ ўша ерда одамларни шунақанги даражада хафа қилаяпти. У ердаги ҳолатни сўз билан ифодалаб бўлмайди, дейди андижонлик тадбиркор.

Дарвоқе, Anons.uz нинг 8¸5 миллион кишининг кичик тадбиркорлик субъектларида иш билан банд эканига оид маълумотлари ҳам, юмшоқ қилиб айтганда¸ мавҳумдир. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг 15 миллиони ишга лаёқатли бўлса, турли ҳисоб-китобларга кўра, улардан 5-8 миллиони иш излаб мамлакат ташқарисига чиқиб кетган бўлса, Ўзбекистон иқтисодининг бошқа соҳаларида ким ишламоқда, хусусан, ялпи ички маҳсулотнинг қолган 62 фоизини ким яратиб бермоқда, деган саволлар туғилади, дейди Алишер ака.

- Биз бунақа нарсаларга ўрганиб қолганимизда бу ерда яшайдиган. Сиз масалан¸ у ëқда туриб бошқача нима ўйлашингиз мумкин. Барибир менинг хаëлимга келган нарса билан сизнинг хаëлингизга келган нарса бир хил бўлмайди. Сабабини айтайми? Сабаби¸ биз бунга ўрганиб қолганмизда. Давлатнинг бирор гапига¸ ҳеч қанақанги статистика¸ ҳеч қанақа нимага биз жиддий қарамаймиз. Барибир ëлғон гапираяпти¸ деган тушунча умумий нимада ўтириб бўлган¸ дейди Алишер ака.

Фарғонанинг Риштон туманида кулоллик қиладиган кичик тадбиркор Шавкат ака андижонлик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ¸ давлат тадбирокрларга яратиб берган шароитлардан рози.

- Тадбиркорлик яхши¸ Худога шукур. Ҳамма ëқ жойида. Ишлар бўлаяпти.

Озодлик: Тадбиркорлик қилиш қийинмасми бугунги кунда?

- Йўқ¸ яхши. Ишлаганга яхши.

Озодлик: Сиз қанчадан бери тадбиркорлик қиласиз?

- Беш йил бўлди.

Озодлик: Даромад қандай? Яхшими? Тирикчиликка етадими?

- Ҳа¸ бемалол.

Озодлик: Солиқлар қанақа? Даромаддан қанчаси солиққа кетади?

- Бизда “Мусаввир” деган ташкилот бор. Ўшанга бир йиллик тўлаймиз. У бизни солиқлардан озод қилиб пенсионний фондга берамиз холос¸ биз¸ дейди Шавкат ака.

Фарғоналик яна бир тадбиркор Абдулазизнинг айтишича, бугун давлат идоралари, хусусан Солиқ қўмитаси кичик тадбиркорлардан бажаришни талаб қилаётган шартлар уларнинг қонун доирасида фаолият олиб боришига имкон қолдирмайди.

- Тадбиркорлик қилиш учун бугун ҳеч ким 100 фоиз честний ишламайди. Честний ишлаш ҳам қийинда. Кўпроқ пул топширгин дейди. Налог келиб “Ойда мана шунча топшириб келасан” деб айтади. Унга фарқи йўқ. Ҳар кунлик топширадиган пулни айтиб қўядида. Масалан¸ бир ҳафтада 200 минг топшир деса¸ ўша 200 мингни бир ҳафтага бўлиб топшириш керак. Тополмаса¸ баҳона қилади. Масалан¸ қимматроқ сотиш учун арзонроқ жойдан товар оласизку. У¸ дейлик¸ Хитой товари бўлиши мумкин. Энди озиқ-овқатда эмаску. Мана Хитой товарини оладиган ўртоқларим бор. Сотишади ўша нарсани. Ўша нарсани кавлаштириб кейин ëпиштиришадида¸ дейди Абдулазиз ака.

Риштонлик кулол Шавкат ака, “президент Каримов шарофати” билан ўзи топган пулни банкка топшириш мажбуриятдан озод этилганини айтади.

- Бизга президентнинг ўзи Ҳунарманд уюшмасини очиб бердию. Бизда нормалний ташкилот бор. Президентнинг ўзлари очиб берган. Бир йилда 150-160 минг тўлаймиз. Кейин бир йилга солиқдан озод қилиб қўяди. Кейин биз имтиëзли солиқ қилиб ҳар ой пенсия фондига берамиз. Биз ишлаган ойимизга берамиз. Фаолият тўхтатилгандан кейин берилмайди. Фаолият яна очилса¸ ҳар йилги даромад ҳисоб-китоб қилинади. Ўзимизнинг Риштонда катта бозор бор. Ўша ерга олиб чиқиб сотилади.

Озодлик: Одамлар уни бошқа жойда сотгани олиб кетса керакда-а?

- Ҳа. Улар ҳам бошқа жойда сотиб тирикчилик қилади.

Озодлик: Нақд пул билан муомала қиласизлар.

- Ҳа¸ бизда нақд пул¸ дейди кулол Шавкат ака.

“Президент марҳамати”га дохил бўлмаган ва шу сабабдан қонунни бузишга мажбур бўлган тадбиркорлар эса, дейди андижонлик Алишер ака¸ ҳокимият вакиллари учун “осон ўлжа”га айланган.

- Яна битта муаммо¸ масалан¸ нақд пул топширасан¸ деяпти. Банкка нақд пул топширасиз. Кейин у ердан қайтиб олиш муаммо. Албатта¸ кимгадир ўтказиб обналичка қилиб зиëнига 20 фоиз ютқазишингиз керак. Ҳеч бўлмаса бир миллионлик нарса чиқариб сотдим¸ деб туриб¸ нотўғрида ўзи. Ҳаммаси бир-бирига уланиб кетаяптида. Ҳақиқий даромадингизни¸ ҳақиқий савдони кўрсатмаслигингиз керак. Бу дегани¸ ўз-ўзидан жиноят қилаяпсиз. Жиноят қилганингиздан кейин¸ солиқ келиб нима қилиши мумкин¸ бошқа. Давлатнинг олдида сиз жиноятчисиз. Хоҳлаган пайтда¸ хоҳлаган одам эшигингизни тепиб кириб¸ хоҳлаган ишини қилиб чиқиб кетиши мумкин¸ дейди Алишер ака.

Кичик тадбиркорнинг “осон ўлжа”га айланганига мисол келтирар экан, суҳбатдошимиз бир воқеани гапириб берди.

- Биттасининг юки бир марта қўлга тушиб қолганда. Документи зўр бўлган. Йўлга қилиб берган документида. У ëқда тўхтатишганда шофëр “Хўжайинга телефон қилай” деб телефон қилган. Ҳалиги йўлтўсарлар “келишамизми” деган. Юкнинг эгаси “Мен сизлар билан келишмайман. Чунки менинг документим зўр” деган. Бўпти дейишиб¸ шарт келиб ишхонасини босишган. Ҳали айтганимдай¸ банкка ҳамма пулини бермаган¸ эплай олмайдида¸ хатоси бор. Ҳамма пулини банкка ўтказиш иложсиз. Бундан ташқари бошқа жиноятлари ҳам борлигини улар ҳам биладику. Улар босиб 130 та балонини конфисковат қилган¸ ўшанга ўзи рози бўлган. Ўшанга ўзи рози бўлган. 65 миллионлик нарсасини конфисковат қилишган. Яна устига 50 минг доллар пул берган. Энди шундан сиз хулоса чиқариб олаверинг. Йўқ¸ йўқ¸ йўқ¸ унақанги нарса йўқ. Ҳозир одамлар фойда қилгани йўқ¸ яшаш учун кураш бўляпти¸ холос. Тирик қолиш учун нима бўладию. Келажакка ҳаракат қилаëтгани йўқ ҳозир¸ дейди Алишер ака.

Айни пайтда, ўтган ойнинг охририда Халқаро валюта жамғармаси миссияси Тошкентда бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банки билан “бўҳронларни қолдириб доғда” мазмунидаги навбатдаги қўшма баёнотни қабул қилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги эълон қилган баёнотдан иқтибос келтирамиз.

“Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 2009 йилда 8,1 фоизни ташкил қилди. Айни вақтда инфляциянинг ўртача ўсиши сезиларли даражада ошмади.

Инқирозга қарши чоралар дастури самараси давом этаётгани, расмий органларнинг саноатни модернизация қилиш ва инфратузилмани ривожлантириш дастури, ташқи иқтисодий конъюктурани яхшилаш туфайли 2010 йилда реал ялпи ички махсулотнинг янада ўсиши ва у 8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.”

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукумати билан қабул қилган баёнотни Алишер акага ҳам ўқиб бердик. У киши бунга жавобан мана бу ҳангомани айтиб берди.

- Битта америкалик бой Ўзбекистонга келиб қўшма корхона очибди¸ бошқа қилибди. Америкага қайтиб борганда ўртоғига “Мен дунëда шунақа давлат борлигини билмас эканман. Мен бориб кўрдим” дебди. Ўртоғи “Қанақа давлат экан?” деса¸ “Одамлар умуман ҳақ-ҳуқуқини талаб қилмас экан” дебди. “Йўғе шунақа давлат ҳам бўладими?” деса¸ “Э бор экан” дебди. “Қаерда экан?” деса¸ “Ўзбекистонда” дебди. Ўртоғи “Бўлиши мумкин эмас” дебди. Гаров ўйнаймиз¸ деб иккаласи катта пулга гаров ўйнабди. “Бир йилнинг ичида сен бориб очасан. Ўз қонунларингни қўясан¸ бирорта ҳам сенга претензия қилмайдиган бўлса¸ сен ютқазган бўласан” дебди.

Бўпти деб ҳалиги америкаликнинг ўртоғи келиб қўшма корхона очиб¸ одамларни ишга олибди. Ишчиларни арзимаган пулларга ëллабди. Ишлатиб нима қилса¸ ҳеч ким претензия қилмас эмиш. Орадан икки-уч ой ўтгандан кейин “Ойликни камайтириб иш вақтини кўпайтирамиз. Бирорта одамда қаршилик борми?” деса¸ ҳеч ким индамабди. Қани ишлатиб кўрайчи¸ деб ишлатибди. Қисқаси¸ ҳеч ким ўз ҳақини талаб қилмагандан кейин аччиғи келби қараса¸ катта пул ютқазаяпти. “Эртага ҳаммангни осамиз. Бирорта одамга бирорта гапларинг йўқми?” деса¸ “Таклиф қилсак¸ хўжайин хурсанд бўлади¸ шекилли” деб биттаси қўл кўтарибди. “Хайрият бор эканку битта. Нима дейсан?” деса¸ ҳалиги туриб “Арқонни ўзимиз билан олиб келайликми ëки профсоюз ажратадими?” дермиш¸ дейди Алишер ака.
XS
SM
MD
LG