Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:57

Сребреница фожиаси хотирланмоқда


Сребреница фожиасининг 15 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган хотира маросимида ўн мингдан ортиқ киши иштирок этди. Бундан 15 йил муқаддам босниялик серблар армияси Сребреница шаҳри ва унинг атрофида 8 мингдан ортиқ мусулмонни, жумладан, ёш болаларни отиб ўлдирган.

Бугун Боснияда Сребреница қатлиомининг 15 йиллиги хотирланмоқда.


Ушбу қатлиом БМТ халқаро трибунали томонидан геноцидга тенглаштирилган ва бу Иккинчи жаҳон уруши тугагандан буён Европада содир этилган энг мудҳиш хунрезликлардан бири сифатида эътироф этилган.


Сребреница яқинидаги қабристонда, шунингдек, яқинда оммавий қабрдан топилган 775 шахснинг хоки қайта дафн қилинди.


Хотира тадбирида минтақа давлатлари етакчилари, жумладан, Сербия президенти Борис Тадич, Хорватия президенти Иво Жосипович, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдуғон ва бошқа расмийларнинг иштирок этдилар.


АҚШнинг Босниядаги элчиси Чарлз Инглиш эса мазкур маросимда президент Барак Обама йўллаган мактубни тадбир иштирокчиларига ўқиб эшиттирди.


- Бу ерда рўй берган мудҳиш воқеаларни ёдга олиш ва бундай ваҳшийликларнинг қайтарилмаслиги олдини олиш бизнинг муқаддас бурчимиздир. Биз ушбу фожиа қурбонлари ва уларнинг яқинлари олдида масъулмиз. Биз инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишга тайёр бўлмоғимиз шарт, деди АҚШ расмийси ўз чиқишида.


Озодлик радиосининг Сребреницадаги мухбирига кўра, бугунги хотира тадбирида фожиа қурбонлари оила аъзолари ҳамда диний уламолар қатнашган.


Яқинда оммавий қабрда топилган шахслар ҳоки яшил мато билан ёпилган тобутларда Сребреница яқинидаги қабрга олиб келинди. Дафн этилаётганлар орасида мусулмон бўлмаган хорват миллатига мансуб шахснинг ҳоки ҳам бор.


-Ҳадича Маҳмутович бугун турмуш ўртоғи ва икки ўғлини дафн қилди. Унинг битта ўғли бош қисми йўқ ҳолда, иккинчиси эса оёқ ва қуллари йўқ ҳолда дафн қилинди. Бундай ҳолатлар юзлаб қайд этилган. Бошқа оналар ҳам ўз фарзандларини айрим тана қисмлари йўқ ҳолда дафн қилмоқдалар. Эндиликда ушбу оналар оламдан ўтса, уларни кўмадиган одам қолмаётганидан қўрқмоқдалар. Бу ерда 80 дан ортиқ оила аъзоларини йўқотган аёллар ҳам бор, деди бугунги тадбир иштирокчиларидан бири.


Айни пайтда Сербия президенти Борис Тадич ушбу тадбирдаги иштирокини изоҳлар экан, буни ўзаро яраш ва собиқ Югославия миллатлари ўртасидаги дўстликни қайта тиклашга қаратилган қадам, дея таъкидлади.


Босниялик серблар етакчиси Радован Карижичга Сребреницадаги оммавий қотилликлар юзасидан бир қанча айбловлар қўйилган ва БМТ халқаро трибунали айни пайтда уни суд қилмоқда. Босния армияси собиқ қўмондони Ратко Младич эса ҳануз БМТ томонидан қидирилмоқда.

XS
SM
MD
LG