Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2023, Тошкент вақти: 02:22

Эркин микрофон - 15 неварамни олиб қочиб келдим


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Қирғизистон жануби, айниқса ўзбеклар учун Ўшда вазият таҳликали қолаётгани боис ўз жойларини ташлаб кетаётганлар кети узилгани йўқ. Пайшанба куни "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган ўшлик ўзбеклар "ҳайдалиш" пайтида чеккан азобларидан сўз очди.


Московга етиб олдик, болам...

дейди Ўшдан 15 неварасини олиб Россияга келган 70 ёшли онахон Шарофатхон Тўйчиева. Онахонга кўра, у фарзандлари ва невараларининг хавфсизлигини ўйлаб шу ёшида муҳожир бўлишга мажбур бўлган:

- Бутун ўшлик оналар номидан келдим. Болалар жуда ҳам кўп ҳалок бўлиб кетаяпти айланай болам. Ўшанга ҳайрон бўлиб бошимиз қотиб¸ ақлимиз озиб¸ нима қилишни билмасдан охири мана шу ëққа келишга қарор қилдикда. Ҳозир бировнинг квартирасида турибмиз. Ҳайрон бўлаяпман. Бошим қотиб турибман нима қилишни билмасдан. Ҳали бир қарорга келганим ҳам йўқ. Невараларни олиб қочиб келдим. Бари қизлар эди. Бўйига етган қизлар. 15 та неварани олиб қочиб келдим. Машинада келдик. 10 кунда етиб келдим болам. Машиналар ҳам бузилиб¸ оч қолиб келдикда энди. Ишқилиб етиб келиб олдик Худога шукур. Биз нажот истаб келдик болам. Биз келиб олдигу¸ қолганларга увол бўлаяпти болам. Энди ҳамма қочиб кета олмаяптида. Эналар йиғлаб у ëққа бораяпти¸ бу ëққа келаяпти. Бориб келган билан фойда йўқ. Ҳеч қанақа фойда тегмаяпти. Боласини олиб чиққанлар қўрққанидан ариза ëза олмаяпти. Ариза ëзганда билиб қолса¸ уйи-пуйи билан олиб чиқиб кетиб қолаяпти. Шунинг учун шу ерларга нажот истаб келдим мен. Дарди-ҳолимизга етадиган инсон бормикан деб келдим¸- дейди Шарофатхон ая Тўйчиева.


Қирғизистондаги тунги қароқчилар

Яна бир ўшлик Шоирахоннинг Озодликка айтишича, улар ҳам Қирғизистондан Қозоғистонда ишлаётган турмуш ўртоғининг олдига бориш учун таксида йўлга чиққан. Бироқ Ўш-Бишкек йўлининг Сичқон деган жойида, шом пайти уларнинг машинасини бир тўда йигитлар тўхтатган:

- Роса қийналиб келдикда йўлда. Сичқон деган йўлдан келаëтсак¸ болалар бизни тўсишиб¸ ўзлари келиб эшикни очишиб¸ бизни тушириб олишди. Ичида иккита-учта қирғиз болалар бор эди¸ хотин кишилар бор эди. Уларга тегмади. “Сенлар туш” деди бизларга. “Ўзбекларга закон чиққан. Кўчага чиққанда¸ виездной справкани олиб юриши керак. Қани СНБ нинг справкалари? Биз унақа¸ бунақа бўламиз” деди. “Унақаларимиз йўқ” десак¸ “Пул берасан” деди. “Пулимиз йўқ” десак¸ 17 яшар боламнинг қўлини шартта қайириб “Олиб кетаман” деди. Қўлимда 200 доллар пул бор эди. Шуни бердим. “Яна бер” дейди. “Йўқ” десам¸ “Олиб кетаман” деб боламни яна судрайди. “Битта зирагим бор” деб кейин битта зирагимни ҳам ечиб бердим йиғлаб ҳалигиларга. Эплаб чиқиб кетсак бўлди дедикда. У ëқда кўпчиликни шунақа қилаëтган экан. Билмабмизда биз бунақа бўлиб қолишимизни. Ичидаги иккита-учта қирғизларга ҳеч нарса дегани йўқ.

Озодлик: Сизларни тўхтатганлар милиция кийимидами ëки фуқаролик кийимидами?

- Фуқаро кийимида. Биттаси милиция кийимида экан. У тушмади машинадан. Тўсгани фуқаро кийимида эди¸ дейди ўшлик Шоирахон.


Аёлларни эркаклар туғдирмасин

дейди Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдош. Унга кўра, туғруқхоналарда эркак докторларнинг доя бўлиб ишлаши умуман шарқ одобига тўғри келмайди:

- Бизнинг Ангор районида аëлларни эркаклар туғдираяпти. Бизнинг роддомдаги докторларимиз эркаклар. Ҳомиладор бўлиб тушган келинларни иложи бўлса, туғдириб олади, бўлмаса, жойида операция қилиб жойида бичиб жўнатиб юбораяпти. Илгари вақтларда ҳам аëлларни момойлар туғдиргич эди. Бу эркакларни кўргандан кейин кечаги қиз, ота-онасиникидаги қиз бугун келин бўлиб, ҳомиладор бўлиб туғиш арафасида тепасида катта салахмондай эркак турсаю, у столнинг устида эшилиб туғаман деб ëтса. Қандай бўлар экан бу? Ундан кўра бозорда бир нима сотиб ўтирган момойнинг қўлини яхшилаб совун билан ювдириб олиб борса, шу осонгина туғдириб қўяди. Кеча қиз бўлиб юрган ҳомиладор бўлиб борсаю, тепасида салахмондай эркак турса. Қандай қилиб столнинг устида эшилиб ëтади у,- дейди сурхондарëлик суҳбатдош.


Шўрчининг шўр муаммолари

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан қўнғироқ қилган тингловчимиз Саидбекнинг айтганларига шундай сарлавҳа бердик:

- Бизда сув масаласи жуда қизиқ аҳволдада. Баҳорда¸ кузда¸ қишда нормалний бўлади. Ëз ойида¸ айни керакли пайтда сув йўқ умуман. Крандан водаканал нимаси орқали келади. Сув етти йилдан бери шунақа муаммо бўлаяпти. Ўзимиздан икки километр узоқда булоқ чиқиб ëтади. Ўша ердан машинада ташиб олиб келамиз. Ўшани водаканал ходимлари ўйлаб кўришса¸ яхши бўларди.

Газ масаласи ҳам жуда қизиқ аҳволда. Қишда ўзи газ бўлмайди. Баҳорда кечқурун бир соат¸ эрталаб бир соат бўладида¸ кун совуқ пайти ҳам газ йўқ¸ кун иссиқ пайти ҳам газ йўқда. Газнинг счëтчиги деярли айланмайди. Пенсиялар жуда ëмон¸ абгор аҳволда. Июн ойининг пенсияси ҳали йўқ¸ беришмаяпти. Гап-сўз ҳам йўқ. Сурхондарëда жуда аҳвол чатоқда. Кейин бозорда нарх-наво қиммат бўлиб кетган. Шакарнинг бир килоси 2800-3000 сўм. Ëш 3500-4000 сўм. Қимматчиликда хуллас. Яшаш жуда оғир¸ дейди навбатдаги сурхондарëлик суҳбатдошимиз.


Бир кун мазза қилиб кино кўриб олдик

дейди Рамазоннинг биринчи куни уйида чироқ ўчмаган Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи Гулсанам:

- Светларимиз кундуз куни бир соат ëнади¸ кечаси уч-тўрт соат ëнадида. Шу билан кейин тамом ўчади.

Озодлик: Ëзда ҳам шундайми?

- Ҳа. Кеча рўзанинг биринчи куни кечаси билан ëниб турди. Шундай мазза қилиб киноларни кўрдик¸ дейди ўз хурсандчилигини яшира олмаган Гулсанам.


Йўл азоби - гўр азоби

Сирдарё вилоятидан қўнғироқ қилган тингловчи Абдураҳмон вилоят ҳокими эътиборини 19 йилдан бери ҳал бўлмай келаётган йўл муаммосига қаратмоқчи бўлади:

- Мана шу Боëвут тумани маркази Котловандан Гулистон шаҳрига маршруткалар¸ автобуслар қатнайди. Лекин Боëвут разезд деган жойга етиб келганда Деҳқонобод жамоа хўжалигидан Гулистон шаҳригача йўлнинг олти ëки саккиз километри жуда ҳам бузилиб кетган. У ерда машиналар умуман юриб бўлмайди. Ўша жойни маршрутка ва автобуслар айланиб ўтишга мажбур бўлиб¸ Гулистон шаҳрига боришга 15 километр айланиб ўтади. Мустақилликка мана 19 йил бўлаëтган бўлса¸ мана шу 6-10 километр масофа умуман ремонт қилинмаган. Халқ жуда ҳам қийналаяпти шаҳарга боришга. Бунақа жойлар вилоят миқëсида олиб қарасангиз жуда кўпайиб кетганда. Раҳбарият мана шу нарсаларга эътибор берса¸ яхши бўларди¸ дейди сирдарëлик Абдураҳмон.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG