Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:36

Эркин микрофон - Ота бундан бехабарда!


Ўзбекларнинг маошини 500 долларга "чиқариб юборган" "ота" бир келиб турмушимизни кўриб кетса эди, дейди оддий ўзбекистонликлар.
Ўзбекларнинг маошини 500 долларга "чиқариб юборган" "ота" бир келиб турмушимизни кўриб кетса эди, дейди оддий ўзбекистонликлар.

Мустақиллик байрами арафасида "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчи ва муштарийларимиз, Ўзбекистонда ойлик маошларнинг ўртача миқдори 500 долларга чиққанини айтаётган президент халқнинг турмуши кундан кунга оғирлашиб бораётганидан бехабарда, дея аттанг қилади.


Ҳоким ҳокимдан "ранг" олсин

“Эркин микрофон” эшиттиришига Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан телефон қилган пенсионер Набижон Жўрабоев бир неча кун муқаддам айни вилоятнинг Бахмал туманидан сим қоққан ва туман ҳокимини мақтаган ҳамюртининг сўзларига муносабат билдирди.

- Бахмал туманининг ҳокими ўзи бош бўлиб туриб гўштларни 8000 сўмдан соттираëтганлиги тўғрисида, кейин электр, газ, водопровод нормада кетаëтганлиги тўғрисида эшиттириш берилди Озодликда. Уч кун бўлаяпти. Мен тўғримикан, деб шуни бориб кўрсам, гўшт ҳақиқатан 8000 сўм экан. Бахмал тумани бизнинг Ғаллаорол тумани билан чегарадош. Ғаллаорол туманининг маркази Бахмал тумани марказига 42 километр келади. Ëн қўшнимиз Бахмалда шунақанги ажойиб ишлар бўлаëтганлигидан ҳокимни жуда яхши деди. Уни мен танимайман. Қилаëтганлигидан жуда ҳам қаттиқ хурсанд бўлдикда. Бизнинг туманимиз бутунлай бошқача. Бир пайтлар гўштни 6000-7000 дан қилиб қўйган эди. Уч ҳафта бўлаяпти гўшт кўтарилиб кетди. 10 минг эди, бугундан бошлаб 10500 сўм бўлди.

Озодлик: Байрамга боғлиқмикан бу?

- Байрамнинг алоқаси йўқ. Бизнинг Ғаллаорол чорва ва ғалла экадиган район. Мана шу аҳволда халқ шунча дод-вой қилаяпти. Ҳеч ким эътибор қилмаяпти бунга. Кеча биттаси гўшт олаяпти. Бечора "200 грамм гўшт беринг. Уйимга меҳмон келиб қолди," дейди. Халқнинг аҳволи ночор жуда. Июл ойининг ўзида район бўйича 8 кун газ бўлмади. Ҳокимнинг идорасига 150 метр жойда ҳали ҳам сув йўқ. Ҳоким билан ҳокимнинг фарқи бор экан демоқчиман. Илгари "Қовун қовунни кўриб ранг олади," деган мақол бор эди. Ҳозир бунинг тескариси бўлиб кетди бутунлай. Орамиз 40 километр. 20 йилдан бери беш-олтита ҳоким келиб кетди. Бизнинг туманимизни бутунлай харобага айлантириб кетдида,- дейди Набижон Жўрабоев.


Ота билганида, буларнинг адабини берарди-я!

Наманган вилоятининг Норин тумани, Тошкент жамоа хўжалигидан қўнғироқ қилган Жуманазар Йўлдошев эса, ўз хўжалигидаги бугунги аҳволдан нолиди ва президент Ислом Каримовни аҳволни келиб кўрсин, дея Норин туманига таклиф қилди.

- Масалан, 7-сонли мактабимиз бор. 1961 йилда қурилган. Шу бўйича спорт зали ҳам йўқ, болаларнинг ўқиш шароити жуда ëмон. Мана эрта-индин ўқиш бошланади. Музей бор эди ҳозир йўқ, библиотека йўқ, мактабимиз ëмон. Умуман жуда ëмон ишлар. Агар вақтинглар бўлса, бир келиб кетсангизлар. Фахрийлар музейи бор эди. Буни бузиб сотиб юборишди. Уруш фахрийлари ҳам, меҳнат фахрийлари ҳам бор эди. Тошкент жамоа хўжалигидан фахрийлар эдида. Қариндош-уруғи билан нима қилиб олганлар бор ҳокимиятда. Ҳаммасини ўзим исботлаб, ўзим айтиб бераман. Икки мартами уч мартами отага хат ëзиб бердим. Бўлмаяпти. Агар Озодлик радиосидан эшитиб турган бўлса, эшитса мабодо, шу ота бир Норин районига келиб кетса йўли тушганда, мен ўзим чиқиб ўзим гапирардим. Ота билса, буларнинг адабини берадию. Билмайдида ота. Билинтирмасдан қилаяптида,- дейди норинлик Жуманазар Йўлдошев.


60 миллионлик уйга бизда пул қайда?

“Эркин микрофон” эшиттиришининг навбатдаги қаҳрамони Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан қўнғироқ қилган Норқувват Кунтуғдиев.

У давлат томонидан қуриб берилаётган коттеж уйларни кўриб ҳавас қилар экан, шундай уй ҳамма истовчиларга насиб этса қани эди, дейди.

- 10 сотих жойда яшаймиз. Муаммо сотих масаласи, уй-жой масаласи. Олдинлари шундай бераверар эди кам таъминланган оилаларга. Ҳозир бунақа нарсалар йўқ. Умуман олти сотих берилаяпти. Уни ҳам пулдорлар олаяпти. Битта коттежни 60 миллион деяпти.

Озодлик: Давлат қуриб бераëтган коттежларни айтаяпсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Неча хонали уй ўша ака?

- Тўрт хоналими уч хонами шунақа. Ҳозир уйимнинг тўғрисида кўчанинг бошидан қураяпти. Қуришни бошлаш учун 15 фоиз деяпти.

Озодлик: Шунга уриниб кўрмадингизми?

- Энди уриниб кўраманда. Ҳозир менда унақа пул йўқда. Бир йил ичида иккита нимани чиқаришнинг ўзи бўладими. Катта ўғлим кетди, иккинчидан 10 ой деганда хотиним кетди. Ҳамма харажат шу харажатда барибир. Бир ярим миллион кетдида. Худойиси дейди, уни кўмиши дейди, бошқаси дейди. Ҳозир энди саккизта бола билан 10 сотих ҳовлида яшаяпмиз.

Озодлик: Болаларингиз ëшми?

- Энг кичкинтойим коллежда ўқияпти. Битта қизим турмушга чиққан. Болаларни уй билан таъминлашга ҳозир қурбим етмайди. Унинг учун сотих олиш керак. Ўзим ишсизман.

Озодлик: Тирикчилик қандай ўтаяпти унда?

- Тирикчилик энди битта ўғлим дўконда нима қилади тоғаси билан. Шундан ўтиб турибди ëғ-поғ дегандай,- дейди Косон туманидан телефон қилган Норқувват Кунтуғдиев.


20 йилдан бери аҳвол шу

Яна бир суҳбатдошимиз Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан сим қоққан ва ўзини Юнус, деб таништирди.

У Ўзбекистон мустақиллигига қарийб 20 йил бўлай деб турган бир кезда ўз туманидаги вазиятнинг деярли ўзгаришсиз қолаётганидан сўзлади.

- Ўзбекистон мустақил бўлганига 20 йил бўлган бўлса, Қўшработ туманида 20 йил ичида биттагина коллеж қурилди. У ҳам бўлса чала битказилиб, ҳали топширилгани йўқ. Ишлар бўлиб ëтибди, ўқишлар кетаяпти. 20 йил ичида Қўшработ туманида бирорта ҳам ўзгариш бўлгани йўқ.

Озодлик: Кўчалар асфалт бўлмадими, янги уйлар тушмадими ....

- Кўчалар СССР пайти қандай бўлган бўлса, ўша бўйи турибди. Асфалтлар ҳам емирилиб тамом бўлган.

Озодлик: Бирорта янги дўкон ҳам қурилмадими?

- Дўконларнинг борини бузиб ташлаяпти. Одамлар кўча ëқада тирикчилик учун дўконларни қурганку. Ўшаларни ҳам бузиб ташлади "магазинда сотилсин," деб. Лекин магазинларда товарларни етарли қилиб қўйгани йўқ. Мана 20 йилдан бери бизнинг мактабда масалан 60 бола битирса, бир йилда биттаси ëки иккитаси ўқишга киради. Қолган 90-95 фоизи бекор юради. Кўчага чиқсангиз, ҳамма кўчада бекорчи. 20 йилга энди шуни кўпайтирсангиз, Ўзбекистонда қанчадан қанча ишсиз пайдо бўлаяпти. Лекин телевидениеда бу айтилмайди. Мактабни битирганимизга 18 йил бўлаëтган бўлса, фақат мардикорлик билан кун кўрамизда. Бир ойда овқатга етса, кийинишга етмайди, кийинишга етса, овқатга етмайди. Оилани боқиш ниҳоятда қийин аҳволда. Ўзбекистонга ëрдам берадиган ташкилотлар йўқмикан? Бир ўзгариш бўлармикан? 20 йилдан бери аҳвол шу,- дейди Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан сим қоққан ва ўзини Юнус, деб таништирган суҳбатдош.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG