Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:42

АҚШдаги насроний черкови Қуръонни ёқиш режасидан воз кечмади


АҚШдаги черков вакилларининг Қуръони Каримни ёқиш режаси кўплаб мусулмонларнинг, жумладан, афғонистонликларнинг норози намойишига чиқишларига сабаб бўлди.
АҚШдаги черков вакилларининг Қуръони Каримни ёқиш режаси кўплаб мусулмонларнинг, жумладан, афғонистонликларнинг норози намойишига чиқишларига сабаб бўлди.

АҚШ ҳукумати, ҳарбийлари ва дин уламолари чақириғига қарамай, Флорида штатининг Гейнесвилле шаҳарчасидаги атиги 50 аъзоси бўлган “Dove World Outreach” черкови пастори ва қавми 2001 йил 11 сентябрда уюштирилган ҳужумларнинг 9 йиллигини хотирлаб, мусулмонларнинг муқаддас Қуръон китобини ёқиш режасидан воз кечишни истамаяпти.

АҚШ ҳукумати ва Пентагон расмийларига кўра, бундай провокация америкаликлар ҳаётини таҳлика остида қолдириши мумкин.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари қўмондони генерал Дэвид Петреус 7 сентябр куни эълон қилган баёнотда мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқиш АҚШ учун нафақат Афғонистонда “жиддий муаммолар яратиши”, балки исломий жамоалар бўлган дунёнинг барча ерида америкаликларга таҳдид пайдо қилишини таъкидлаган.

Президент Барак Обама маъмурияти, АҚШ армияси расмийлари бу черковни ўз режасидан воз кечишга чақирган.

Черков пастори Терри Жоунез АҚШ ҳукуматининг вазиятини тушунишини, аммо муқаддас китобни ёқиш ёки ёқмаслик ҳақида ўйлаётганини айтди.

Америкадаги насроний ва яҳудий лидерлар ҳам Флорида штатидаги бу черковнинг режасига қарши чиқиб, уни диний эркинликка қарши ҳужум, дея баҳоладилар.

Сешанба куни кечки пайт АҚШ Давлат департаментида ташкиллаштирилган ифторликда сўзлаган Давлат котиби Ҳиллари Клинтон черков пасторининг муқаддас Қуръонни ёқиш режасини “ҳурматсизлик” ва “шармандалик”, дея атади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кроулей АҚШ фуқаролари сўз эркинлиги ҳуқуқига эга эканини, аммо муқаддас Қуръонни ёқиш АҚШнинг диний бағрикенглик қадриятига зид эканини айтди.

- Дунё жамоатчилиги бизни атиги 50 нафар сафдоши бўлган битта пасторнинг хатти-ҳаракатига қараб эмас, балки келиб чиқишимизда муҳим бўлган қадриятларимизга қараб баҳо беради, деган умиддамиз. Биз 2001 йил 11 сентябр воқеалари учун бир нечта мамлакат ёки бир динни айбламадик. Биз, дунё жамоатчилиги Флорида штатининг бир чеккасидаги битта унсурнинг хатти-ҳаракатига қараб АҚШни айбламайди, деган умиддамиз, деди Давлат департаменти расмийси.

Гейнесвилле шаҳарчаси расмийлари черковга муқаддас Қуръонни ёқишни таъқиқлаган.

Агар черков ўз қароридан қайтмаса, бу шаҳар расмийлари таъқиқига зид хатти-ҳаракат бўлиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG