Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шариповнинг айтишича, бу галги парламент сайловлари аввалгиларидан икки жиҳати билан фарқланади.
Биринчи жиҳати: сайловолди тарғиботи жараёнида ўзбек лидерлари иштирокининг йўқлиги.
- Авваллари ўзбеклар Ўзбек миллий маданий маркази раҳбарлари, ўзбек лидерлари тарғиб қилган шахслар ва партиялар учун овоз бергани боришар эди. Ўзбек лидерларининг йўқлиги туфайли партиялар тарғиботда қийналиб қолишди. Улар ҳар бир маҳалла, мавзе ва қишлоққа бориб, аҳоли ўртасида ўзлари тарғибот юритишга мажбур. Бунинг учун уларда маблағ ва куч етишмайди. Шунинг учун партиялар тарғибот ишида масжид имомларидан фойдаланиши мумкин,-дейди Абдумалик Шарипов.
Иккинчи жиҳати: Бу галги сайловларда миллатчилик руҳидаги партияларга ҳам парламентда ўрин эгаллаш имконияти пайдо бўлиб қолди:
- Қирғизистон жанубида миллатчи партиялар позицияси жуда кучли. Июн воқеалари Қирғизистон учун фожеа бўлди. Аммо миллатчи партиялар бу фожеани фожеа сифатида қабул қилмайди. Уларнинг ғоясига кўра, мамлакат жанубида бир миллат иккинчи миллатга қарши уруш очди ва бу миллатлардан бири иккинчи миллат устидан ғалаба қозонди. Аҳолининг айрим қатлами бу ғояни қўллаб-қувватлайди,- деди Абдумалик Шарипов.
Ўшлик журналист Хулкар Исомова ўшлик ўзбеклар ҳам миллатчи партиялардан ташвишда эканини айтади:
- Ўзбек аҳолиси орасида миллатчи партиялар парламентга сайланиб қолишидан қўрқинч мавжуд. Бунга йўл қўймаслик учун аҳолининг кўпчилик қисми парламент сайловларида иштирок этишини айтмоқда,- дейди Хулкар Исомова.
Ўшлик Аваз ака ўзи яшайдиган маҳалла аҳли тўлиғи билан парламент сайловида иштирок этишга қарор қилганини айтади. Улар қайси партияга ва айнан ким учун овоз беришларини ҳам аниқлаб олишган. Бироқ Аваз ака ва унинг маҳалладошлари ҳужжатлари Ўш воқеалари пайтида ёниб кетган. Улар парламент сайловига қадар янги ҳужжатлари қўлларига етиб келмаслигидан ташвишдалар.
- Ҳукумат одамлари битта мошинада маҳалламизга келиб, одамларни суратга олган, анкеталарни тўлдиришган. Бунга ҳам бир ярим ой бўлиб қолди. Лекин янги паспортлардан ҳали ҳам дарак йўқ. Улар паспортни ва бошқа ҳужжатларингларни қайта тиклаш пулини давлат тўлайди, деб айтишган эди,-дейди Аваз ака.
Қирғизистон жанубида истиқомат қиладиган ўзбеклар билан қилган мулоқотимиз чоғида маълум бўлдики, ўзбек аҳолиси сайловда миллатчи партиялар ғолиб бўлмаслиги учун овоз беришда иштирок этишмоқчи. Бироқ уларга бундай имкониятни берувчи ҳужжатлари йўқ. Бу масала ҳал этиладими? Бу савол билан Қирғизистон марказий сайлов комиссияси аъзоси Абдумўмин Мамараимовга мурожаат қилдик.
- Марказий сайлов комиссиясида аҳолига паспорт берадиган Рўйхатга олиш агентлиги ва бу ишга масъул бошқа ташкилотлар ишитирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Рўйхатга олиш агентлиги раҳбари тез кунларда ҳужжатсиз қолган одамларнинг паспортларини қайта тикланишини ва бу борада тезкор иш олиб борилаётганини маълум қилди. Лекин очиғини айтиш керакки, барча одамларни паспорт билан таъминлаш оғир масала,-деди Абдумўмин Мамараимов.
Қирғизистон қонунчилигига кўра, сайловда иштирок этаётган партиялар ўз номзодларининг 15 фоизини миллий озчилик вакилларидан танлаб олиши керак. Абдумўмин Мамаримовга кўра, 10 октябрда ўтадиган парламент сайловларида иштирок этаётган 29 партиянинг барчаси қонунчиликнинг бу талабини бажарган. Аммо Марказий сайлов комиссияси раиси номзодлар рўйхати миллий мансубликка қараб таҳлил қилинмагани, шунинг учун ҳам депутатликка номзодлар орасида қанча ўзбек борлигини билмаслигини айтди.
Шундан сўнг бу ҳисоб-китобни ўзимиз қилишга жазм этдик. Сайловда иштирок этаётган 29 партиядан 5 тасининг номзодлар рўйхати билан танишдик. Жами 5 партиядан 600 номзод кўрсатилган экан. Уларнинг орасида ўзбеклар 25 кишини ташкил қилади.