Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 10:23

Ишонч телефонларига ишонч қолмади


Шикоят ва арз билан телефон қилиб¸ рисоладагидай жавоб олинмагач¸ оддий одамлар ишонч телефонларини "лағмон" телефонлари деб аташмоқда экан.
Шикоят ва арз билан телефон қилиб¸ рисоладагидай жавоб олинмагач¸ оддий одамлар ишонч телефонларини "лағмон" телефонлари деб аташмоқда экан.

Қорақалпоғистоннинг Манғит туманидан Озодликка сим қоққан нафақахўр Баҳодир аканинг айтишича, у яшаётган ҳудудда аҳоли шикояти учун очилган ишонч телефонларининг бирортаси ишламаяпти ва бу одамларнинг ишонч телефонларига бўлган ишончини сўндирмоқда.

“Ишонч телефоними ёки “лағмон” телефон?”

Пенсияси 7 ойдан буён ўзининг рухсатисиз пули пластик карточкага ўтказилаётган ва бу пулни ишлатолмай қийналаётган қорақалпоғистонлик пенсионер Баҳодир ака аҳоли шикояти учун ишлаши керак бўлган ҳукуматнинг ишонч телефонлари қулоққа “лағмон” осадиган ёлғон телефонлар эканлигини айтади:

- Пенсия олишга борсанг, пластик карточка, дейди. Пластик карточкаларни олиш қаттиқ қийин. Пластик деб озор бериб қўйибди. Ўзбекистонда пластик дегани ишламайдими, дейман. Солиққа телефон қилсак, олмайди. Рақам нотўғри берилган, дейди.

Озодлик: Ишонч телефонигами?

- Ишонч телефони ҳам, Ëшлар телефони ҳам, Очиқ мулоқоти ҳам ҳеч биттаси ишламайди. Қорақапоғистонда учта телефон бериб қўйган. Тўхтатмай телефон қилиб кўрдим. Биттаси ҳам кўтармайди. Рақам нотўғри, дейди. Телефонлар керак бўлмаса, йиғиштириш керак.

Озодлик: Сизнинг пенсияларингизни 100 фоиз пластик карточкага ўтказаяптими?

- 50 фоиз. Керак эмас, десам ҳам мажбурий ўтказаяпти. Қаердан билсак бўлади буни? Мен тушунмасам.

Озодлик: Пластик карточка ўзи ишлаяптими бирор жойда?

- Ишламайди. Қорақалпоғистонда умуман ишламайди. Манғитни-ку айтмай қўя қолай. Банкларда 15 фоиз билан алмаштириб берар экан. Банкларда "банкомат" деган нарса бор экан. У нарса умуман ишламайди. Умуман нол, Манғитда ишлайдиган нарса йўқ.

Озодлик: Неча ой бўлди пластик карточкага ўтказганига?

- Август ойидан бошланди, деди. Лекин май, июн ойларини ҳам ўтказиб ëтибди. Олти-етти ойдан бери пенсия олинмай ëтибди. Мен май ойининг пенсиясини ҳам олганим йўқ ҳали, дейди Қорақалпоғистоннинг Манғит туманидан қўнғироқ қилган пенсионер Баҳодир ака.


“Олигархга ҳеч кимнинг кучи етмаяпти”

дейди Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан қўнғироқ қилган муштарий. У ўз исмининг сир қолишини илтимос қилди:

- Бобоқул бобо деган бир олигарх бор бизнинг районда. Ҳамма территориядан ер олган. Ҳамма жойлардан ер олиб, талон-тарож қилганлиги учун вилоят Адлия бошқармаси хўжалик судига бериб, 1044 гектар сувли ернинг ижарасини бекор қилган. 2010 йил 15 июнда ижара шартномасини бекор қилган. Мана, бугунгача ушбу ерни на туман ҳокими ололади, на бошқага тендер қилиб бера олади. Бу олигархдан туман ҳокими қўрқадими ë бошқалар ҳам қўрқадими - ҳеч ким бир нарса дея олмайди. Бу ерларни талон-тарож қилишда давом этаяпти.

Қонун устуворлиги бўлмаса, давлат Адлия бошқармасининг аризалари ҳам қабул қилинмай, судларда бир бало қилиб, ижара шартномаси бекор қилинган эди. Шунга қарамасдан, бугунги кунгача 1044 гектар ерни “ер оламан” деган фермерларга ва фуқароларга беришни пайсалга солиб, бермай юрибди. Ҳеч кимдан ариза ҳам қабул қилдирмайди, ерни у одамдан олиб бера олмайди. Агар қонун устувор бўлмаса, республикада мана шундай зўравонлар бор бўлса, оддий фуқаролар қандай ишлаши мумкин? Ишсизлар ҳар қадамда. Тўда-тўда ëшлар ишсиз. Четга чиққани билан пул ололмай сарсонликда юрибди. Мана Қозоғистонга, Россияга бориб келаяпти пул ололмай. Биз нима қилишимиз керак? Бир одамдан қўрқиб на вилоят ҳокими таъсирини кўрсата олса, на Адлия бошқармаси таъсир чорасини кўрсата олса, ижро қилолмаса суднинг ижросини... Вилоят ҳокими Жўраев жуда қаттиққўл инсон, деб эшитамиз. Шу одам бир киришиб, шунинг ижросини қилиб, ерга талабгор инсонларга олиб берса, ҳамма ишласа, деган умидимиз бор. Президентга ҳам етсин шу гаплар. Буни прокуратура ҳам текширмайди, ҳеч ким текширмайди, дейди қумқўрғонлик суҳбатдошимиз.


“Ё 10 кило пахта ё 20 минг сўм!”

дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган Абдуманнон Холжўраев. У ўзи гувоҳ бўлган пахта терими билан боғлиқ ҳангомалардан бирини айтиб берди:

- Мен Чиноз тумани Бирлик ва Сутбулоқ хўжаликларига бордим. Шунақа хўжаликлар бор. Тошкент-Термиз бетон йўлининг ëқасида. Бирлик билан Сутбулоқ қишлоқларига киришларида милиция турибди. Адашмасам, олти-еттита киракаш машиналарни ҳам ушлаб турибди. Ëнида 20 та одам ҳам бор. Ана шу Бирлик ва Сутбулоқ қишлоқларидаги пахтани териш учун ўтган-кетган одамларни тутаяпти. Масалан, мен Тошкентдан бордим. Мени тутиб оладида “10 кило пахта териб берасиз” дейди. Ë 10 кило пахта териш бериш керак экан ëки 20 минг пул бериш керак экан. 20 тача одам турибди дедим-ку, ўшалар мардикорлар экан. Ўткинчи одам мардикорларга 20 минг пул беради-да. Бирорта мардикорга 20 минг беради. У бориб, 10 кило пахта териб беради. Анавинда сиз: “Жиззахда келин-куëвларнинг тўйидагиларни олиб бориб, пахта тердирибди”, дейсиз. Мана ҳангомалар. Кейин ҳатто мен: “Бу йўлтўсарлик эмасми?” деб сўрасам, “Катта лейтенант Эргашевман” дегани “Энди ака, бизга берилган буйруқ” деди, дейди тошкентлик Абдуманнон Холжўраев.


“Пахта нарх-навони осмонга ўрлатди”

Пахта терими мавсуми бошланиши билан бозорлардаги нарх-наволар икки бараварга қимматлашди, дейди ўз исмини ошкор этмаган гулистонлик муштарий:

- Бизда Гулистон деҳқон бозори 15-20 кундан бери ëпиқ пахта муносабати билан. Озиқ-овқат магазини ҳозир ëпиқ. Тошкент-Термиз йўлидаги буюм бозори очиқ. Ҳамма буюм бозорига келиб ëтибди. Асосий нарса бўлган озиқ-овқат сунъий равишда ошиб кетаяпти. Масалан, узумлар 700-800 сўм эди. Ҳозир 2500-3000 бўлиб кетган. 300 сўмлик помидор 800-1000 сўм. Бодринглар 2000-3000 сўмга чиқиб кетаяпти. Олмалар 500 сўм эди, ҳозир 1500-2000 сўм. Бозорни иккидан кейин очтиради. Иккидан олти-еттигача бўлади. Фермерлар буғдойни давлатга 150 сўмдан топширган. Ўзимизда иккита-учта ун комбинати бор. Ўзимиз чиқарган уннинг килоси 900 сўм. Пахтадан олдин 500-600 сўм эди. Қозоқ унининг 50 килолиги 60 минг бўлаяпти. Комиссия келади деган гап бўлиб қолса, мол гўштлари сунъий равишда 6000-7000 деб ëзиб қўйилади, қўй гўшти 1000 сўм ошиқроқ ëзилади. Лекин унақа савдо қилинмайди. Комиссия “Гўштлар арзон экан” деб, хурсанд бўлиб кетади. Аслида эса 11-12 минг бўлиб ëтибди, дейди гулистонлик суҳбатдош.


“Ўзбекистон ватаним маним...”

дейди Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидан қўнғироқ қилган Ғайрат. У Озодликнинг Эркин микрофонида эфирга кетган, ўзбекистонлик Ислом Каримов фикрларига муносабат билдиради:

- Бир Ислом Каримовман деган инсон чиқиб туриб: “Мен Ўзбекистонни тан олмайман, кўчиб кетаман”, деди. Ана ўшанга ўз фикримни билдирмоқчиман. У одам ҳали мусофирчиликни кўрмаган шекилли. Мана мусофирчиликда бизлар ишлаб ҳам келдик. У ëқда меҳр-оқибат ўзимиздагидай эмас. Ўзбекистоннинг нонини, тузини еб туриб, озгина қийинчиликка чидамасдан: “Кўчиб кетаман, умуман Ўзбекистонни эсламайман” деган гаплари менга алам қилиб кетди. “Кўчиб кетаман” демасинда, “Бориб беш-олти йил ишлаб келаман” деса, бошқа гап. Ишлаб келса ҳам ўзи тушунади ўзбек халқининг меҳрибонлигини, кўнгли очиқлигини. Ўйлаб кўрсин ҳали ҳам бўлса. У калта ўйлаган жуда. Ëш шекилли. Мана мен ҳам чет элда вақтида ишлаб келганман. Биламан, Ўзбекистон тупроғининг қадрига етаман, дейди сайхунободлик Ғайрат.


“Юлдуз Усмоновани тинглаганга жазо”

Қирғизистонда Юлдуз Усмонованинг ўзбеклар ҳақида айтган қўшиғини тинглаганларга катта миқдорда жарима солиняпти, дейди ўшлик тингловчи.

- Юлдуз Усмонованинг ўзбекларга атаб бир ашуласи чиққан экан. Шу ашуласини эшитган одамларни қирғиз милициялари, маҳаллий ҳокимият келиб, битта ашулани эшитганлиги учун, телефонига запис қилиб олгани ëки бошқаларига 7 мингдан 15 минггача штраф олиб, ундан кейин қўйиб юборди. Бундан ташқари, мана шу Ўш шаҳри, Қорасув, бу ëғи Жалолобод, Ўзган ҳозиргача йигитларни олиб бориб қийнашиб, ҳатто аëлларни ҳам аяшмаяпти. Нимага десангиз, “Ўш жанжалида, тўполонида иштирок этгансан” деб бу бир баҳона. Хуллас, бундай олиб қараганда, ўзбек миллатини булар қисиб чиқаришмоқчи Қирғизистондан¸ дейди ўшлик суҳбатдош.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG