Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Ўзбекистон Туркманистон орқали Форс кўрфазига чиқмоқчи


Айрим сиёсатшунослар Ўзбекистоннинг Туркманистон орқали Форс кўрфазига чиқиши истиқболига шубҳа билан қарамоқдалар.
Айрим сиёсатшунослар Ўзбекистоннинг Туркманистон орқали Форс кўрфазига чиқиши истиқболига шубҳа билан қарамоқдалар.

Ислом Каримов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан Ашхободда бўлган учрашувда айтган бу таклифи, яъни Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари орқали ўтадиган транспорт йўлаги ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сиёсатшунослар турли хил фикр билдирмоқдалар.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ашхободда қилган чиқишида бу лойиҳани истиқболли лойиҳа, деб атади:

- Бу ўринда гап Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари орқали ўтадиган транспорт йўлагини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида бормоқда. Бу масалани биз Туркманистон президенти билан муҳокама қилдик ва мен бу лойиҳа, бу йўлак мамлакатларимиз катта эҳтиёж сезаётган коммуникация йўналишлари, жаҳон бозорига чиқиш учун улкан имкониятлар яратиши мумкинлигини Туркманистон президенти тўлиқ маъқуллаганидан мамнунман, - деди Ислом Каримов 20 октябр куни Ашхободга қилган расмий ташрифи чоғида.

Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, бу оддий лойиҳа эмаслигини, бундан бошқа мамлакатлар ҳам манфаат кўришини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов бу лойиҳани ишлаб чиқиш учун вазирларига топшириқ берганини айтди.

Ислом Каримовнинг бу таклифи сиёсатшунослар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Чунки Ўзбекистоннинг Форс кўрфазига чиқиш орзуси неча йиллардан буён ушалмай келаётган армонларидан бири эди. Бундай таклиф Туркманистоннинг собиқ президенти Сапармурод Ниёзов ҳаётлиги давомида ҳам кўтарилган эди. Лекин 2002 йилги Ашхободда туркманбошига нисбатан суиқасд уюштирилганидан ва туркман томони бу суиқасд ташкилотчилари сифатида Ўзбекистонни айблаганидан ва бу воқеа ортидан Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчиси мамлакатдан чиқариб юборилганидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашган эди.

Сапармурод Ниёзовнинг вафотидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқлашди. Туркманистоннинг янги президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов расмий ташриф билан Тошкентга келди. Ислом Каримов ўзининг жавоб ташрифида яна Форс кўрфазига чиқиш лойиҳасини ўртага ташлади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Комрон Алиевнинг айтишича, бундай транспорт йўлагининг қурилиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга:

- Агар бу лойиҳа амалга ошса, Ўзбекистон учун жуда қулай бўларди. Ҳозир Ўзбекистон ўз пахтасини Болтиқбўйи давлатлари портлари орқали экспортга чиқаради. Агар бу лойиҳа амалга ошиб, Покистоннинг Карачи ёки Эроннинг Бандар Аббос портига чиқиш имкони пайдо бўлса, иқтисодий жиҳатдан анча фойда олинган бўларди. Шунингдек, Ўзбекистонга кириб келадиган импорт товарларининг ҳам таннархи анча арзонга тушган бўларди, - дейди Комрон Алиев.

Бироқ яна бир ўзбекистонлик сиёсатшунос Малик Абдураззоқ бу лойиҳани истиқболи йўқ, деб ҳисоблайди. Сиёсатшунос бундай фикрга келишига сабаб бўлган омилларни келтиради:

- Биринчидан, бозор деймиз, ўша Яқин шарқ мамлакатлари ҳудудида жойлашган бозорда қайси маҳсулотимизга талаб бор? Бу йўл очилса, пахта тўғрисида гап кетадиган бўлса, бу ўзини оқламайди. Чунки бошқа мамлакатлар ҳам бу ҳудудга пахтасини экспорт қилади. Бу мамлакатлар ҳудудида нуфузли текстил саноати йўқ.

Иккинчидан, нефт-газ маҳсулотининг ҳам истиқболи йўқ. Чунки бу ҳудудда жойлашган мамлакатлар нефт-газ заҳиралари бўйича Марказий Осиë мамлакатларини орқада қолдирган. Ҳозир газ маҳсулотига талабгор Европа мамлакатларида, жанубий Европада бўлса, ана шулар бизга стратегик ҳамкор бўлади. Бу бозор стратегик нуқтаи назардан қизиқ. Фақатгина океанга чиқишни эмас, океанга чиққандан кейин қаëққа қандай маҳсулот сотишни ўйлаш керак. Марказий Осиë мамлакатлари Япония эмас-ку машина, электротехника, информацион технология сотадиган. Бизларда асосан газ ва пахта. Буни тан олиш керак, дейди Малик Абдураззоқ.

Учинчидан, сиёсатшуносга кўра, транспорт йўлагининг Эрон орқали ўтиши лойиҳада кўрсатилган. Ана шу биргина омил ҳам бу лойиҳанинг истиқболсиз, деб аташга сабаб бўлади:

- Бунинг истиқболи йўқлигининг яна битта сабаби бор. Эроннинг тақдири тўғрисида баҳслар кўп. Ҳозирча Эрон бу ëпиқ мамлакат. Унга нисбатан санкциялар қўлланилган. Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам шу санкцияларга қўшилган. Чунки БМТнинг аъзоси.

Тўртинчидан, Форс кўрфазида жойлашган мамлакатларнинг бир-бирига қарама қаршилиги ҳам бор. Араб амирликлари бир томондан, иккинчи томондан Эрон ва ҳоказо. Шунинг учун қанақадир янги лойиҳа орқали уларни бирлаштиришни мен гумонсираяпман. Шунинг учун бу бозорнинг истиқболи йўқ, - дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Малик Абдураззоқ.

Туркманистонлик жамиятшунос Аманмират Бугаев ҳам бу лойиҳанинг амалга ошишига шубҳа билан қарайди.

- Аслида бу жуда хом лойиҳа. Бу ҳақда аввал кенгашиб ўйлаб кўриш керак эди. Менимча, икки давлат раҳбарлари учрашувида гуманитар ҳамкорликдан бошқа бирорта ҳам иқтисодий ҳужжат имзоланмади. Аслида бундай ҳужжатни вазирлар даражасида ҳам имзоласа бўларди. Бунга икки давлат раҳбарининг расмий учрашуви шарт эмас эди. Менимча, учрашув қуруқ бўлмаслиги учун бу лойиҳани шунчаки айтиб қўйишган бўлса керак. Ёки Россия президентининг Туркманистонга ташрифидан олдин, икки қўшни мамлакатлар раҳбарлари ўз позицияларини ўзаро келишиб олган бўлишлари ҳам мумкин, - дейди Ананмират Бугаев.
XS
SM
MD
LG