Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 07:15

Қозоғистондан яна бир қочқин экстрадиция қилинди


Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларининг яқинлари уларнинг Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.
Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларининг яқинлари уларнинг Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.

Июн ойидан буён Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинлардан яна бири - Расул Раҳмонов ўтган ҳафта Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Озодликка Қозоғистонда вақтинча яшаб турган ўзбекистонлик қочқинлардан бири маълум қилди.

Расул Раҳмоновнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини Олмаотадаги Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси ходими Денис Живаго ҳам тасдиқлайди.

- Ҳозир унинг [Расул Раҳмоновнинг демоқчи – таҳр.] экстрадиция қилинганини прокуратурадан ҳам тасдиқлашди. Албатта бу ўта қўпол қонунбузарликдир. Моҳиятан уни эстрадиция қилмасликлари лозим эди. Бизнинг қонунчилигимиз қочқинни у хавф-хатарга дучор бўлиши мумкин бўлган мамлакатга қайтариб юборишни маън қилади, - деди Денис Живаго.

Расул Раҳмонов шу йил 9-11 июн кунлари Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинганди. 30 нафар ўзбек қочқини қаторида қарийб беш ойни Олмаота ҳибсхонасида ўтказган Раҳмоновнинг 10 ноябр куни Ўзбекистонга бериб юборилгани айтилмоқда.

Расул Раҳмонов 2008 йилда Ўзбекистон талаби билан Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, ҳибсхонада уч ой сақланганидан сўнг қўйиб юборилган Рафиқ Раҳмоновнинг ўғлидир. Ҳозирда Швецияда истиқомат қилаётган асли қўқонлик Рафиқ Раҳмонов ўша пайтда Андижон воқеаларига алоқадорликда гумонланиб ушланганди.

Расул Раҳмонов сўнгги пайтларда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ягона қочқин эмас.

Шу йилнинг 8 сентябр куни Қозоғистон расмийлари Олмаота ҳибсхонасида сақланган асли ўшлик Хуршид Комилов Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида эълон қилгандилар. Аммо Хуршиднинг яқинлари Ўзбекистон қамоқхонаю ҳибсхоналаридан унинг дараги чиқмаётганини айтмоқдалар.

30 октябр куни эса Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманидан бўлган 35 ёшли ўзбек йигити Умарали Абдураҳмонов Қозоғистондаги етти ойлик ҳибсдан сўнг Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Айни пайтда Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган бошқа ўзбек қочқинларининг яқинлари уларнинг аҳвол-руҳиясидан хавотирланмоқдалар. Маҳбус қочқинлардан бирининг рафиқасига кўра, ҳибсхоналардаги қочқинлар кўп асабийлашганлари учун айни кунда улардан айримларининг ҳатто ҳаракатланишга ҳам мажоли қолмаган.

Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари тақдири жаҳондаги кўплаб нуфузли ташкилотлар диққат марказида турибди. Ўтган ойлар мобайнида бу қочқинларнинг Ўзбекистонга бериб юборилишига қарши хориждаги ўзбекистонлик фаоллар томонидан қатор мамлакатларда бир неча марта намойишлар уюштирилди.
XS
SM
MD
LG