Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:32

Ўзбекистонда янги ëнилғи кашф этилди?!


Бу хабарни ўзингиз таниган яна 100 одамга юбормасангиз, бошингизга кулфат тушиб, энг даҳшатлиси - машинангиз бузилиб қолиши мумкин.


“Ўзбекистонда экологик хавфсиз дизел ёнилғиси - солярка - кашф этилди."

12.uz ахборот порталига бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон Давлат патент идорасига кўра, бу ёнилғини ҳам совуқда, ҳам иссиқда ишлатиш мумкин. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари янги соляркани нефт ва газ конденсати қоришмасидан тайёрлашди.

Янги ихтиролар тўғрисидаги сўнгги хабарларга қараганда, Ўзбекистон Давлат патент идораси кетмон сопининг янги турига ҳам патент бериши мумкин.

Демак, “Омадли жентлменлар” киносидаги Василий Алибабаевич ўзи ихтиро қилган биоёнилғига шу кунда патент сўраганда эди, унга ҳам берворган бўлишарди патентни (Василий Алибабаевич туя сийдигини бензинга қориштириб сотгани учун қамоқда жазо муддатини ўтаганди)

Ўзбек “кимёгарлари” ҳам умуман олганда тўғри йўналишда фикрлай бошладилар

Ўзбекистонда ниҳоят англаб етдилар-ки, мамлакатдаги ёнилғи тақчиллигининг асосий сабаби ёнилғининг ўзидир.

Нефтни қайта ишлашни тўхтатиб, уни ишсиз ўтирган муҳандис-ихтирочиларга бериб янги экологик тоза ёнилғи кашф этилишини зудлик билан рағбатлантириш керак.

Бундан ташқари замонавий транспорт воситаларининг энг асосий камчилиги уларнинг 200 йил аввал кашф этилган ички ёнув двигатели экани ҳам сир эмас.

Узоқни кўрадиган Ўзбекистон раҳбарияти бутун дунё муқаррар юзлашадиган экология ҳамда ёнилғи тақчиллиги муаммосини ҳозирданоқ сунъий равишда яратиб бўлган. Заправкаларда бензин йўқ. Бу Ўзбекистон ҳудудида бошлаб юборилган ижтимоий-иқтисодий тажрибадир.

Бу тажриба натижасини эса ҳозирданоқ башорат қилиш мумкин. Бир кун келиб Ўзбекистон кўчалари атроф-муҳитни мутлақо заҳарламайдиган машиналарга тўлиб кетади. Келажакда ёнилғи қуйиш шаҳобчаларига ҳам эҳтиёж қолмайди. Чунки олимлар экологик хавсиз ёнилғини янада хавфсизроқ қилиш устидаги ишларини тўхтатмайдилар.

Ўшанда биргина муаммо қолади. У ҳам бўлса, автоуловларга қўшилган эшак, от ва ҳўкизларнинг жуда тез чарчаб қолишидир.
XS
SM
MD
LG