Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:29

Ўзбекистондаги ўшлик қочқинлар - ҳолингиз нечук?


Ўқ ëмғиридан жон сақлаш илинжида ўн минглаб ўшлик ўзбек паноҳ излаб Ўзбекистон чегараси томон қочган эди.
Ўқ ëмғиридан жон сақлаш илинжида ўн минглаб ўшлик ўзбек паноҳ излаб Ўзбекистон чегараси томон қочган эди.

Ўш қирғини кунлари 100 мингдан ошиқ қирғизистонлик ўзбекка ўз ҳудудидан бошпана берган расмий Тошкент¸ орадан 10 кун ўтиб-ўтмай¸ уларнинг барини яна Қирғизистонга чиқариб юборди. Қирғизистон жанубида нотинчлик сақланиб қолар экан¸ ўшлик ўзбеклар Тошкентнинг ўзларига нисбатан сиëсати ўзгаришига умид қилмоқда.

Ўзбекистон расмий идоралари мамлакатда қанча қирғизистонлик қочқин борлиги ҳақидаги маълумотларни ошкор этгани йўқ. Ўш ва Жалолободга туташ Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлигидан ҳам бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли, айни пайтда ўзи ҳам қочқинликда бўлган Муҳаммадқодир Қорабоевнинг Uznews.net интернет нашрига билдиришича, айни пайтда Фарғона водийсида 3000 дан ортиқ қирғизистонлик қочқин бор ва уларнинг келажак тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Андижон вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош бир неча туманларида яшовчи суҳбатдошларимизга кўра, айни пайтда улар яшаётган ҳудудда қирғизистонлик қочқинлар қолмаган:

- Бир келган ўша тўполонда. Вақти-соатида жўнатиб юборишгану. Бизда йўқ, ҳозир йўқ¸ дейди марҳаматлик суҳбатдош.

-Ўшлик қочқинларнинг ҳаммасини мажбурий тарзда ўтказиб юборишган. Уч-тўрт кун турганда, жўнатиб юборишган. Ҳамма ëқни облава қилиб, ҳатто ўшаларни жўнатиб юборгандан кейин маҳалла комитети, участковойлар маҳаллама маҳалла юриб, ҳаммасини кетказиб юборишган. Энди туриб туришса бўлардию, чунки бизнинг раҳбариятлар қўрқди шекилли ë халқимизни айнитиб бузиб қўяди¸ деб ўйладими, билмадим¸ дейди олтинкўллик суҳбатдош.

- Қирғизистондан аввал Ўш-Ўзган уруши пайтида келиб қолган ўзбеклар бор. Яшаяпти. Кейинги урушдан кейин ҳеч кимни қўйишмади. Қариндошлариникига ҳам келтиришмаган¸ дейди шаҳрихонлик суҳбатдош.

Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Мунаввар опанинг айтишича, Ўш қирғинидан сўнг шаҳардаги қариндошларининг уйларига юзлаб қирғизистонлик ўзбек қочиб келган, бироқ кўп ўтмай милиция ходимлари уларни битта ҳам қолдирмай Қирғизистонга чиқариб юборган:

- Биз Андижоннинг микрорайонида турамиз. Биласизми, бизда деярли ҳар куни проверка бўлади. Қирғизистонликлардан ҳеч ким қолмаган, барини чиқариб юборган, дейди Мунаввар опа.

Яна бир андижонлик Муҳаммад аканинг сўзларига кўра, қирғизистонлик ўзбек қочқинлари Фарғона вилоятида кўпроқ:

- Қочқинлар Фарғонада кўпроқ экан. Мен Фарғонага борган эдим. Ўша ерда яшашаяпти. Уларга Фарғонада биров тегмас экан. Милициялар ҳам уларнинг ўшлик эканлигини билар экан. Тегмас экан. Андижонда тегади лекин, ёмон қисиб қўйдику, бизда, дейди Муҳаммаджон ака.

Бу суҳбатдошгага кўра, Фарғона вилояти Ўш ва Жалолобод чегарасидан узоқроқда бўлгани учун ҳам бу ҳудуд қочқинлар учун бирмунча тинч жой ҳисобланади ва маҳаллий милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳам уларни кўп тергамайди. Исми сир сақланиши шарти билан Озодлик саволларига жавоб қайтарган ўшлик қочқин ҳам милиция ходимларининг ўзларига яхши муносабатда бўлаётганлигини айтади:

- Яхши Оллоҳга шукур. Бола-чақа мана шу ерда эди, мана шу ерда юрибман. Бошқа қочқинларни мен билмайман. Мен битта ўзим бу ерда. Ҳар икки ойда янгитдан прописка қилиб турибмиз, дейди қирғизистонлик қочқинлардан бири.

Ўшлик қочқинларнинг¸асосан ўз қариндошлари уйларида яшаëтганини айта туриб бу суҳбатдош¸ уларнинг Қирғизистонга қайтиб бориш ниятлари йўқлигини қўшиб ўтади.

Қирғин кунлари Ўзбекистондаги қочқинлар лагеридан вақтинча бошпана топган ўшлик Муниса опа ҳам¸ ўз ихтиëрига қўйилганда¸ ҳали-вери Қирғизистонга қайтмаган бўлишини айтади:

- Ўзбекистондан ихтиëримиз билан келдик¸ десак ëлғон бўлади. Хулласи калом¸ референдум муносабати билан чиқинглар¸ деди. Биласизми, бизлар ўша ерда яшадик 12 кун. Бизни боқишди, эл боқди, одамлар ëрдам берди ҳар томонлама. Оч қолганимиз йўқ. Ҳамманинг политикаси ўзи биланку. Бизга ҳозиргача “Сен сартлар Каримовга ҳам керак эмассан. Ҳеч кимга керакмас халқсан. Ўлишинг керак” дейди. Биз Ўзбекистонга ҳам керак эмасмиз. Биз умуман ҳеч кимга керак эмасмиз. Калтак есак ҳам, бизни шу ерда хор қилишса ҳам уйимизга кириб уйимизни титиб чиқиб кетса ҳам бизнинг ëнимизни оладиган одамнинг ўзи йўқ¸ дер экан Муниса опа¸ агар Каримов чегараларни яна очса¸ яна Ўзбекистонга ўтишга тайëрлигини яширмайди.

- Бўлмасамчи. Майли¸ жон деймиз, агар бизни Ўзбекистон қабул қилса. Жон деб¸ ўтиб кетамиз. Нимагаки ҳар қалай ўзимизнинг ҳавомиз. Ўзимиз яшаëтган жой билан шароитимиз бир хил. Лекин бунинг иложи йўқку, дейди ўшлик Муниса опа.

Ўзбекистон Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати қочқинларни чиқариб юбориши ортидан, уларни жуда танг аҳволга солиб қўйди:

- Қочқинларни ҳеч ҳам чиқариб юбориш керак эмас эди. Уларнинг хавфсизликлари бўйича муаммо ҳал қилинмагунча, буни қилмаслик керак эди. Давлатнинг олдида турган мажбуриятлар бор. Ўзбекистон ташлаб қўйди ўз миллатдошларини. Қарагани йўқ. Улар инсон. Уларнинг ўрнига ўзимизни қўйиб тасаввур қилиб қўйишимиз керак. Тарихий нарсалар билан бўлиб Ўшдаги ўзбеклар Қирғизистон қарамоғида бўлиб қолди.

Тарих шунақа қилган экан¸ деб бунга индамасдан бўйсуниш керак эмас. Уларни ҳимоя қилиш керак. Ана боринг Қирғизистонда қолсин, Ўшни бизларга қайтариб бергин¸ деган гап билан эмас, Ўшдаги ўзбекларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиб Ўзбекистон ҳукумати жуда қаттиқ туриши керак эди. Аммо Қирғизистон давлатининг ҳам инсонларнинг олдида вазифаси бор. Ана ўша вазифаларни бажаришни Ўзбекистон ҳозир ҳам қаттиқ талаб қилиши керак. Чунки бу миллатдошларимизни биз сўрамасак бошқа ҳеч ким сўрамайди, дейди Ўзбекистон Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов
XS
SM
MD
LG