Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:29

"Шоҳидийлар" ким?


Ўзбекистон суд залларини тўлдирадиган навбатдаги айбланувчиларга энди "шоҳидийлар" тамғаси босиладими?
Ўзбекистон суд залларини тўлдирадиган навбатдаги айбланувчиларга энди "шоҳидийлар" тамғаси босиладими?

Ваҳҳобийлар¸ ҳизбчилар¸ акрамийлар¸ нурчилар¸ салафийлар¸ таблиғчилар... Ўзбекистон ҳукумати томонидан конституцион тузумга тажовуз қилувчи эстремистик диний гуруҳ деб баҳоланаëтган бу оқимлар рўйхатига янгиси қўшилди ва бу диний секта "Шоҳидийлар” деб тақдим қилинмоқда.

Декабр ойи аввалида Андижон вилоятида 19 киши шу диний оқимга аъзоликда айбланиб, 2 йилдан 6 йилга қадар озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистонда йиллардан буён диндорларнинг пешонасига тамға қилиб урилаётган тақиқланган диний оқимлар сони анчагина.

Ўзбекистон суди ана шу оқимлар сафига қўшаётган “Шоҳидийлар” жамоати қандай жамоат ва у аслида борми ёки йўқми?

Агар бу гуруҳ ҳақиқатда мавжуд бўлса, улардан ўзбекистонликларларга таҳдид борми?

Ана шу саволларга имкон қадар жавоб топишга уриндик.

Шу йил ноябр ойининг биринчи ҳафтасида Андижоннинг Жалабек мавзесида маҳаллий имомлардан бири Ҳабибулла Каримов оламдан ўтди, дея хабар қилди Озодлик билан суҳбатда андижонлик ҳуқуқ фаоли ва “Шоҳидийлар” деган оқим мавжудлиги-ю, унда айбланиб 19 киши қамалгани ҳақида хабар берган ягона одам Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Зайнобиддиновга кўра, маҳаллий аҳоли томонидан мунофиқликда айбланган бу киши ўз вақтида “Қуръон”ни ўзбек тилига ўгирган уламо бўлган ва ўз мустақил таржимасини у киши “Қуръондан маъруф” деб атаган.

- "Қуръондан маъруф" деган китоби бор буларнинг. Ўзбекчага таржима қилган. Ҳабибулла Наби дейишар экан. Бу энди пайғамбар деганида. Бу ҳам сизга достоверний информация. Нимага кўмдиришмади қабристонга? Икки кун туриб қолди жасад. Рухсат берилмади. “Бу мунофиқ, у-бу” деб, ноябрнинг бошларида эди¸ биринчи ҳафтасида эди. Булар Андижонга қўшилиб кетган ҳозирги кунда. Жалабек қишлоқ деймизда ҳозир ҳам. Шаҳарларда ҳам бор. Шаҳарнинг у ер бу ерларидан ҳам бор. Кўпчилиги Жалабекдан, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Ана шу китоб атрофида бирлашган кичиккина давра эса Ўзбекистондаги анъанавий йўл – Ҳанафийлик мазҳабида тақиқланган баъзи амалларни ўз ичига олган айрича йўлда ибодатни бошлаган, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳозирча бирор ахборот воситаси билан суҳбатга рози бўлмаган, аммо, ҳуқуқ фаоли билан суҳбатлашган жамоат вакиллари сўзларига таяниб.

- Мен ҳам расмий манбалардан ўрганганим йўқ буни. Фақат ўзларининг суҳбатларидан ўргандим. Радикал бир нималари йўқ. Анча сизнинг ҳам фикрингизни ҳурмат қиладиган, ўзининг позициясини ҳам аргументированний тушунтирадиган одамлар. "Қуръондан маъруф” деган китоб ëзилган экан. Шу ҳақда сўраган эдим. “Тўғри. Биз фақат Қуръондаги ëзувга амал қиламиз” деяпти. Мен “Ароқ ичиш мумкин эканку” десам, “Қуръонда ароқ ичишни тақиқламаган. Маст бўлмасдан ичса бўлаверади” дегандай жавоб қилаяптида. Маст қиладиган нарса жуда кўп, деяпти. Бошқа овқатлар қаторида меъëри билан истеъмол қилса бўлаверади, деб тушунтиришди, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг сўзларидан¸ марҳум имом Ҳабибулла Каримов теграсида йиғилган давранинг кейинчалик алоҳида жамоатга айлангани ва бу жамоатга аъзо бўлишнинг тартиби ишлаб чиқилгани англашилади.

- Қасам ичиш урфи бор экан, бешта нимаси бор экан. Биринчиси¸ Оллоҳга иймон келтириш ва унга ширк келтирмаслик.

Иккинчиси, ўғирлик қилмаслик, бировнинг ҳақига хиëнат қилмаслик.

Учинчиси, ноҳақдан одам ўлдирмаслик.

Тўртинчиси, зино қилмаслик ва охиргиси туҳмат қилмаслик. Бу бор нарса. Буларнинг ўзларидан ҳам сўрадим, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Ҳуқуқ фаоли сўзлари мазмунидан¸ ўзларини “Шоҳидийлар” деб атай бошлаганидан кейин бу даврани Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тақиқланган диний жамоа, деб айблай бошлаган.

- Давлат буларни жамоа деб айбдор қилаяптида. Булар ўзлари ҳам тан олишаяпти.

Озодлик: Буларнинг бор аъзоси 25 киши экан холосми?

- Буларнинг аëлларига тегилмаган. Лекин аëллар ҳам терговга тортилган эди. Буларга 244-модда иккинчи прим борку, шу қўйилган асосан кўпчилигига, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра, “Шоҳидийлар”, деб аталаётган бу жамоадан 2005 йил Андижон воқеаларни уюштиришда айбланган “Акромий”лар каби бир оқимнинг ўсиб чиқишидан ташвиш қилган вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари уларнинг пайини қирқишга киришган. Жами терговга тортилган 25 кишидан 19 нафари 2 йилдан 6 йилгача бўлган қамоқ жазосига тортилган.

Шу тариқа, Ўзбекистонда майитни кафансиз кўмиш, намозни ўзбек тилида ўқиш, оқ матога ўнг қўлини қўйиб қасамёд қилиш – хуллас, ўзбекистонликлар кўпроқ хориж кинофилмларида кўрадиган яширин секталарда бўладигани каби ички қонунларини ишлаб чиқиб, унга қатъий амал қиладиган бир жамоа — “Шоҳидийлар” жамоаси пайдо бўлган.

Бу хабарни айтаётган ўзбекистонлик ягона манба Саиджаҳон Зайнобиддинов, афсуски, фақат у билангина суҳбатлашишга рози бўлган “Шоҳидийлар” билан суҳбатлашиш имкони йўқ эканини айтди.

Андижон вилоят Жиноят ишлари суди эса бирор маълумот беришдан бош тортди.

Аммо “Шоҳидийлар”, деган оқимнинг мавжудлиги ва Андижон шаҳар ҳокимлиги бу гуруҳга қарши огоҳ бўлиш ҳақида маҳалла имомларидан тортиб, оқсоққолларию фуқаролари йиғинлари раҳбарларига ҳам уқдиргани ҳақидаги маълумотни шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан бири овозини бермаслигимиз шарти билан тасдиқлади.

Бу кишининг сўзларига кўра, Андижон шаҳри Жалабек мавзесидан “Шоҳидийлар” оқимига аъзоликда гумонланиб ҳибсга олинган эркаклар сафида бўлган 3 аёл ҳануз ҳибсда.

Аммо “шоҳидийлар”данман деб очиқ гапирган бирор кишини учратмаган бу суҳбатдош ҳам мазкур оқимга мансубликда айбланган ва гумонланган кишиларнинг шахсига оид маълумот бера олмади.

“Аслида шундай оқим ҳақида эшитганмисиз?” деган савол билан боғланганимиз андижонлик таниган-билганларимиз ҳокимият йиғинидаги огоҳлантирувдан ташқари бирор жойда бу ҳақда эшитмаганларини билдиришди.

Хусусан, Андижон шаҳрининг “Шоҳидийлар” оқими пайдо бўлган, дея тақдим этилган Жалабек мавзесига кунда-шунда қатнаб турадиган андижонлик суҳбатдошларимиздан бири Озодлик билан суҳбатда “Бу мавзега ундаги ҳовли-жойлар менинг ҳовлимдан кўриниб турадиган даражада яқин яшайман”, дер экан шундай деди:

- Мана шу ердан 800 метр келмайди. Биз унақа гапни эшитганимиз йўқ. “Шунақа экан. Йиғилишар экан” деб билардикда. Нимагадир шунақада энди ҳозир. Янги-янгилари шунақа деб номлаяптида энди. Энди шунақа қилиб гапиришаяптида, дейди андижонлик суҳбатдошларимиздан бири.

Бу суҳбатдош шу ўринда Ўзбекистон "тарқалаяпти ва жамиятга таҳдид солаяпти", дейилган диний оқимлар ҳақидаги расмий маълумотларга шубҳа билан қараши ва бу ҳақда ўз кузатувлари борлигини билдирди.

- Чунки йўқда. Мен аниқ биламан ваҳҳобийлар ҳам йўқ эди. Мен ваҳҳобийларни неча марта истадим. "Мен ваҳҳобийман" демадида биров. Ваҳҳобий деб қанчасини тергов қилди, бошқа қилди. “Пул олар экан чет элдан” деди. Бунақа нарсалар чиқмадида, билмадикда.

Озодлик: Мен Ҳизбут-Таҳрирман деганини кўрганмисиз?

- Кўрганман. Мен Ҳизбут-Таҳрирман деб варақа тарқатганини кўрганман.

Озодлик: Акромий деганничи?

- Акромийни ҳам кўрганим йўқ. 13 май воқеасидан кейин чиқди бу гап. Биласизку¸ жиндай бир нарса бўлса, фалончи деб ном қўйиб юбораверишади. Тушуниб бўлмайдиган сиëсат юргизилаяптида ҳозир, дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Дастурни ҳозирлаш давомида Ўзбекистон суди тақиқланган диний оқим, дея топган “Шоҳидийлар”оқимига аъзо кишиларни юзма-юз кўрган Саиджаҳон Зайнобиддиновдан бошқа фақатгина бир кишини топа олдик.

Бу Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур бўлди.

- Улар билан икки йил олдин суҳбатлашганимизда, улар бизга суҳбатда “Биз фақат Қуръонга амал қиламиз. Қуръонда нима келган бўлса, шундан бошқасига ўтмаймиз” деб, Қуръонни ўзларича тафсир қилишиб, тўрт мазҳаб эгалари қилган тафсирдан бошқача тафсирлар қилишиб гапиришганда биз “Сизлар Қуръонни сал бошқача тафсир қилаяпсизлар. Унинг устига жуда кўп нарсалар Қуръонда йўқ¸ ҳадисда бор. Ҳадисдан оламиз баъзи нарсаларни” десак, “Биз ҳадисни олмаймиз. Ҳадисга амал қилмаймиз. Биз Қуръонга амал қиламиз” дейишган. “Қуръонда жаноза йўқ, жаноза ўқилиши керак эмас. Қуръонда кафанлаш йўқ, кафанлаш мумкин эмас. Қуръонда ўликни ювиш йўқ, ўликни ювмаймиз. Ўлса, кийими билан кўмиб қўяверамиз” деб биттаси онасини шундай кийими билан кўмиб қўйган экан.

Ана шундан кейин мен улардан “Ҳадисни тан олмайсизларми?” деб сўрадим. “Ҳа, тан олмаймиз. Бизга фақат Қуръон бўлса бўлди” дейишди. “Бўлмаса шу ерда нуқта қўямиз. Қуръонга ишонсаю ҳадисни инкор қилса, у мусулмон бўлмайди, диндан чиқади. Сизлар билан гаплашмасак ҳам бўлаверар экан. Агар Қуръонни ҳам, ҳадисни ҳам тан олганларингда, ижмо қиëс, ҳамма арконни тан олганларингда, сизлар билан баҳс-мунозара қилсак бўларди” деб нуқта қўйиб кетаверганмиз. Кейин ҳеч қанақа садо, ҳеч қанақа улар тўғрисида маълумот эшитмадик. Мана ҳозир сиздан эшитиб турибман. Ўшаларми, бошқаларми қамалибди¸ деган гапни энди эшитаяпман.

Озодлик: Сиз булар ҳақида қандай хабар топгансиз ва улар ўша пайтда кўпчиликмиди?

- Диний идорамиз раҳбарияти¸ диний қўмитадан бизга кўрсатма бўлган “Шунақа оқим чиқибди. Бориб баҳс-мунозара қилингларчи, қанақа экан. Уларга тўғри йўл кўрсатиб келинглар” деган. Шунинг учун биз борганмиз. Раҳбариятнинг кўрсатмаси билан борганмиз. Биз билмас эдик. Улар унчалик кенг ëйилмаган эди. Бор эдию буларга ўхшаганлари. "Шоҳидий"маску “Қуръонни ўзбекча ўқиш керак. Намозни ўзбекча ўқиш керак” деган тоифалар чиққан эди.

Озодлик: Намозни ўзбекча ўқиш деганда¸ ичидаги сураларини ҳам ўзбекча ўқишадими?

- Ҳа. “Ҳаммасини ўзбекча ўқиш керак. Ўзбекча таржимасини ўқиш керак. Арабчасини араблар ўқисин. Ҳамма миллат ўзининг тилида ўқисин” деган назарияни булар олға суришган.

Озодлик: Бизга айтишларича¸ уларнинг намозни ўзбекча ўқиш керак, оқ матога қўлини қўйиб иккита имом олдида қасам ичиш¸ деган қоидалари бор экан.

- Ҳозир эсимда йўғу, лекин бизнинг анъанавий Ҳанафий мазҳабимиз¸ ҳатто бошқа мазҳабларга ҳам тўғри келмайдиган жуда кўп қоидаларни ўзларича чиқариб олишган. Шунинг учун уларни тўғри йўлга солмоқчи бўлдик, даъват қилдик. “Адашманглар. Барибир сизларнинг бу нималарингни кўпчилик қабул қилмайди. Оддий мусулмон ҳам қабул қилмайди. Чунки ота-боболаридан ҳанафий мазҳабда Қуръон, ҳадис, ижмо қиëс асосида амал қилиб келишган. Сизларни ҳеч ким қабул қилмайди” десак ҳам “Ҳеч ким қабул қилмаса ҳам, озчилик бўлсак ҳам, биз Қуръондан ташқарига чиқмаймиз. Пайғамбарни Худо Қуръонни етказгин деб жўнатган. Қуръонни етказиб бердими, омонатни амал қилди пайғамбар” деб ўзларича мана шунақа ақида қилиб олишган улар.

Озодлик: Ҳозир 19 киши шоҳидийликда айбланиб қамалди. Сиз қандай муносабат билдирасиз?

- Энди мен уларга нима айб қўйган, ....

Озодлик: 159-модда конституциявий тузумга тажовуз, тақиқланган диний экстремистик сепаратистик ташкилот тузиш.

- Энди билмадик, исботланган бўлса қилишгандир. Исботланмаган бўлса, қила олмайдию. Бекордан бекор 159-моддани қўйиб қўймайдику. Ундан менинг хабарим йўқ. Мана сиздан эшитаяпман.

Озодлик: Мана сиз бориб улар билан суҳбатлашиб келган экансиз. Улардан хавф борми жамоатчиликка?

- Диний томондан бор эди. Чунки чалғитаяптида одамларни. Ўша маҳалласидагилар ҳам жанозасиз кўмаверса, кафанламаса, ювмаса маҳалладан ажралиб қолади. Бундан ташқари бошқаларга таъсир ўтказиши, диний томондан бор эди, сиëсий томондан ҳеч қандай нимасини кўрганим йўқ. Лекин диний томондан чалғитади. “Ислом динида нотўғри ишни кўрганда, тўғрилаб қўйинглар” деган пайғамбаримиз алайҳиссалом. Ношаръий ҳаракат қилаëтган бўлса, мункар ишни қилаëтган бўлса, қўлларинг билан қайтаринглар, бўлмаса сўзларинг билан, жуда бўлмаса дилларинг билан деган кўрсатмалари бор. Шунинг учун эшитдикми, ҳеч ким айтмаса ҳам қайтаришимиз керакда.

Озодлик: Қайтаришга уриндинглар¸ қайтмади. Исломда зўрлик йўға?

- Шунинг учун биз “Сизлар Қуръондан бошқасини тан олмасанглар, музокарани тўхтатамиз” деб кетганмиз, дейди Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур.

Шайхнинг бир фикрини эътиборингизни тортмоқчи эдик.

Борлигига гувоҳлик келтирган “Шоҳидийлар” гуруҳидан шайх Абдулазиз Мансур фикрича, ўзбекистонлик мусулмонлар эътиқодига таҳдид бор, аммо, давлат сиёсатига улардан бирор таҳдид йўқ.

Шу тариқа Ўзбекистонда ўзларига майитни кафансиз кўмиш мумкин, маст қилмайдиган миқдорда ароқ ичиш мумкин, дейилгани каби фатволарини чиқариб олгани айтилаётган мусулмонлар — “Шоҳидийлар” гуруҳи ҳақида шундай маълумотларни топа олдик, холос.

Очиқ айтиш керак, шунча суҳбатлардан сўнг ҳам бу гуруҳ ҳақида аниқ тасаввур шаклланмади ва ҳозирча, фақат расмийлар ва биргина ҳуқуқ фаоли тилга олаётган бу гуруҳ ҳақида Андижон шаҳрининг Жалабек мавзесидан ҳам тузук-қуруқ маълумот ололмадик.

Аммо суҳбатлашганимиз андижонликларнинг баъзиларида “Шоҳидийлар”, деган оқимга аъзоликда айбланиб, қамалган 19 кишилик гуруҳ Ўзбекистон ҳукуматининг йиллар давомида диндорларга нисбатан давом этиб келаётган репрессиясининг навбатдаги қурбонимикин, деган хавотирлар борлигига гувоҳ бўлдик.
XS
SM
MD
LG