Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:27

Ўзбекистонлик ҳайдовчиларни нима қийнайди?


Ўзбекистонлик ҳайдовчилар йўлнинг ўнқир-чўнқирию тамшанган нозирлардан безор бўлганларини айтадилар.
Ўзбекистонлик ҳайдовчилар йўлнинг ўнқир-чўнқирию тамшанган нозирлардан безор бўлганларини айтадилар.

Ўзбекистонда йил бошидан хусусий автомактаблар тугатилди. Шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта олиш тартибига ҳам ўзгартишлар киритилди. Ўзбекистонлик ҳайдовчининг ўзи қандай муаммолари ҳақида гапиришни истайдилар?

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида истиқомат қилувчи катта ҳайдовчилик стажига эга суҳбатдошимиз Шаҳриёр ака ёш ҳайдовчилардан шикоят қилади:

- Мана бу “Дамас” автомашиналарида ўқиб-ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳономаси олган фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида ниҳоятда кўпайиб кетган. Иккинчидан, бойваччаларнинг, мансабдорлар, орган ходимларининг, прокурор, судьяларнинг болалари, кейин пул топиш учун чиққан “Дамас” ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларини ниҳоятда кўп бузади. ДАН ходимлари кўп тадбир ўтказишади, лекин буларга бас кела олмайди ёки қўрқади. Йўлда автомобил бошқаришда йўлнинг бузуқлиги биринчи холат бўлса (йўлларимиз талаб даражасида эмас, ниҳоятда уйдим-чуқурлар кўп), “Дамас” ҳайдовчилари қизил чироққа ўтади.Белгиланмаган жойдан ўтади, кесиб ўтади, машинани қисади. Мана шу муаммога кўп дуч келаман, - деди китоблик ҳайдовчи Шаҳриёр ака.

У депутатлар ўз эътиборини бошқа масалаларга ҳам қаратишини исташини айтади:

- Ичиб тушганлик бўйича 1 миллион жарима тўлаш кабилар кучга кирди. Иккинчи масала, автоавария. Автоаварияда “эҳтиёткорсизлик оқибатида” дейди, 266-модда билан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо кўришади. Бу ерда бир нечта одам ўлишига сабаб бўлади, ваҳоланки у эҳтиёткорсизлик оқибатида эмас. Ҳали ҳайдовчилик ҳуқуқи бўлмаган бойваччанинг болалари бўлади. Ана шунга нисбатан Сенатдаги мартабаси улуғ инсонлар, юқори, қуйи кенгашлари бор - мана шулар одамлар ўлимига сабабчи бўлганларга оғирроқ жазо беришларини ишлаб чиқишини сўрар эдим, - деди китоблик ҳайдовчи Шаҳриёр ака.

Автобус ҳайдовчиси Одил ака Бухоро-Тошкент автотрассаси бўйлаб кўп қатнашини айтади Унинг муаммоси йўлларнинг яроқсизлиги ва йўл нозирларининг "пул шилиш”идир.

- Йўллар энди ҳозир бутунлай дабдала бўлган. Постга чиқасиз, 100 мингдан ҳар бир машинадан йўлда ўтирган нозирлар олади. Баҳона, сабабларни рўкач қилиб олади. “Шу қонунни буздинг” дейди, йўл-йўриғини қилиб олади, - деди автобус ҳайдовчиси Одил ака.

Фарғоналик Аҳмаджон ака ҳам олдинги суҳбатдошимиз Одил ака гапларига қўшилади. Унга кўра, Ўзбекистонда йўл сифати ва ДАН ходимларининг пора олишидан бошқа долзарб муаммо йўқ.

- Очиғини айтсак, уларнинг ҳар битта постда тургани юқоридаги хўжайинига пул йиғиб, маълум бир қисмини беради. Бу аҳмоққа ҳам аён нарса. Ўзбекистонда ҳайдовчилардан йўл учун пул олинади, адашмасам, Лекин у пуллар йўлга сарфланмайди. Мен бир нарсани эсладим. Бизнинг округ ҳудудимизда депутатлар сайлови бўлган эди. Бир номзод: “йўлга сарфланмади”, деди, депутат сарфланганлигини айтди. Хуллас, бир-бирларининг карталари очилди. Кейин бу иш ёпилиб кетилди. Жуда катта пуллар йўлга сарфланмас экан. Нариги депутат: “Магистрал йўлларни тиклашимиз керак”, деган эди. У собиқ суд ходими эди, нафақага чиқиб, депутатликка номзодини қўйган эди, - дея эслайди фарғоналик ҳайдовчи суҳбатдошимиз Аҳмаджон ака.

Андижон вилоятининг Асака туманидан бўлган ҳайдовчи Расулжон ака бир неча йил бадалида қўли машина рулини ушламаган ҳайдовчиларнинг қайта имтиҳон топшириши тарафдори.

- 3-4 йил машина минмаган бўлса, қайта имтиҳон топширса, яхши. Ҳеч бўлмаса, назарий билиб олсин. Кўчага чиқаяпти техника бошқариб, 3-4 йил минмасдан кўчага чиқсангиз, қўлингиз келмайди-ку, - деди асакалик ҳайдовчи Расулжон ака.
XS
SM
MD
LG