Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2023, Тошкент вақти: 14:29

Тожикистонда боласини мактабга юбормаган ота судланди


Моддий қийинчиликлар туфайли тожикистонлик ўқувчиларнинг айримлари бозорда аравакашлик қилишга мажбур бўлмоқдалар.
Моддий қийинчиликлар туфайли тожикистонлик ўқувчиларнинг айримлари бозорда аравакашлик қилишга мажбур бўлмоқдалар.

Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туман суди Нормаҳмад Ғафуров исмли кишини фарзандларини мактабга юбормаганлиги учун маҳкамага тортди. Суд ҳукмига кўра, унга 3500 сомоний (тақрибан 800 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида жарима белгиланди.

Ўн фарзанднинг отаси Нормаҳмад Ғафуров ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқда ва суд ҳукми қайта кўриб чиқилишини сўрамоқда.

Тергов материалларида ёзилишича, олий маълумотли Ғафуров еттинчи синфда ўқийдиган ўғли ва олтинчи синфда ўқийдиган қизини мактабга боришга қўймаган ва уларни хўжалик ишларига жалб қилган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда қарийб олти минг нафар мактаб ёшидаги бола мактабга бормайди. Бу борада Тожикистон Маориф вазири Абдужаббор Раҳмонов ҳам яқинда ўтказилган мажлисда хам гапирган эди. Республикада амалда бўлган "Таълим тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, мактаб ёшидаги барча бола таълим олиши шарт, бу қонунни бузганлар эса жазога тортилади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, кўпчилик болаларнинг мактабга бормаслигига уларнинг оилавий шароити сабаб бўлаётир. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ақлини танибоқ пул топиш илинжида кўчага чиқиб арава тортмоқда, гадойлик қилмоқда, бошқалари эса машина ювмоқда.

Матлуба эндигина 15 ёшга қадам қўйди. У Ўзбекистоннинг Бешариқ туманига чегарадош бўлган Тожикистоннинг Конибодом шаҳрида яшайди. Қизалоқ чегара постида юк ташийди.

- Шароитимиз оғирлигидан мана шу ерда юк ташийман. 20-25 килограммлик юкларни, гоҳида эса эллик килогача кўтарамиз. Ташишга мажбурман. Печенье ташийман, мева ташийман. Оғир албатта, шароит оғирлигидан кўтарамиз, ташиймиз, - дейди Матлуба.

Хўжанд бозорларида арава тортиб юрганларнинг асосий қисмини ҳам ёш болалар ташкил этади. Улар орасида чекка қишлоқдан келган Гадойбой ҳам бор.

- Ҳаёт оғир. Оиламизда энг каттаси менман. Онам ишламайди. Дадам Россияга кетганига бир неча йил бўлди, пул жўнатмайди, телефон ҳам қилмайди. Ҳар куни 20-25 сомон (3,5-5,5 АҚШ доллари – таҳр) ишлайман, - дейди Гадойбой.

15 ёшли Қамарбек эса Истарафшан туманидан келган экан. У икки йилдан буён мактабга бормайди.

- Дадам йўқ, ташлаб кетган. Онам касалманд - bшлай олмай колди. Учта укам бор, улар жуда ёш. Шунинг учун мажбур бозорда аравакашлик қилаяпман. Ҳар ҳафта уйга 80—90 сомоний (18-20 АҚШ доллари – таҳр.) пул олиб бораман, - дейди Қамарбек.

Қолган суҳбатдошларимиз ҳам асосан оиладаги иқтисодий қийинчилик сабаб катта шаҳарда пул топиш илинжида аравакашлик қилаётгани хақида гапирдилар. Сўғдлик суҳбатдошларимиздан бирининг сўзларига кўра, балоғат ёшига етмаган болалар ҳатто Россияга ҳам иш излаб кетмоқда.

- Шундай оилалар борки, улардан бирданига икки-уч бола Россияга мардикорчиликка кетган, - дейди у.

Кузатувчиларнинг айтишларича, меҳнати кепак баҳосида бўлган болалар шаҳарларда ўзига дарслик ё кийим-кечак олиш ёки уйига бир тишлам нон олиб кириш мақсадида ҳаммоллик қилишга мажбур бўлмоқда. Қишлоқлардаги болалар эса баҳор ва куз фаслларида далага чиқиб ишлашади.

- Баъзи ўқувчилар оғир иқтисодий камчилик сабаб шанба-якшанба кунлари арава тортиб пул ишлашмоқда. Чунки бозор куни - ҳордиқ, шанба куни ҳам. Назаримда, мана шунақа ўқувчиларга мактаб томонидан имконият бериш керак. Душанба куни мактабга келганда шанба кунги дарсларни ўзлаштиришга имкон берилса, яхши бўлади. Бу билан ўшандай тирикчилиги оғир бўлган болаларга енгиллик яратилади, - дейди конбодомлик зиёли Эътибор Ахмедова.

Тожикистон қонунчилиги 14 ёшга етган боланинг кунига 4 соатдан ортиқ ишлашини таъқиқлайди. Лекин бугунги кунда балоғат ёшига етмаган болалар саҳардан то шомгача вилоят бозорларида ишлаб юрибдилар.
XS
SM
MD
LG