Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:43

Олой бозори янги қиёфаси умрбоқийми?


Тошкентнинг Олой бозоридаги буюм бозори ва дўконлар ўрнида яшил майдон ва машиналар учун тўхташ жойи барпо этилди. Бир ой муқаддам пойтахт марказидаги бозорнинг саноат моллари сотиладиган қисмида дўконлар ва бошқа савдо нуқталари шошилинч тарзда кўчирилган эди.


Тошкент марказидаги Олой бозори директори ўринбосари Алишер Дўстматовнинг Озодликка айтишича, бу тадбирлар мустақилликнинг 20 йиллиги олдидан, шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилган. Бозор маъмури бу ўзгаришлардан кейин бозорга кириш-чиқиш қулайлашгани ва бозор атрофи чиройли бўлганлиги ҳақида гапирди:

- Бузилган жойларнинг ўрнига зелен бўлди, кўкаламзор қилдик. Йўллар кенгайтирилди, стоянкалар бўлди. Бозорга кириш қулайлашди, йўллар кенгайди. Одамларга қулай шароитлар яратилди. Кириб чиқишлар кенгайиб, ҳамма ëқни ўт қилиб арчалар экилди, дарахтлар экилди, гуллар экилди. Биласизу централний бозор, делегация кўп келади. Делегация келганда уялмайдиган бўлиб олдиндан ҳаракат қилиб мана шунақалар қилиб қўйдик.

Олой бозори маъмурияти ходими А. Дўстматов бозор ҳудудидан кўчириб ташланган савдо дўконлари, ошхоналар ва бошқа иншоотлар эгаларига бошқа ердан жой берилди, дейди.

- Кадастри бор частнийларга ҳокимият томонидан менимча ер ажратилди, жойлар берилди. Бузилган жойларнинг ҳаммаси чистка қилиб, бошқа қилиб штаб тузилди. Штабга келиб ҳаммаси рўйхатга ëзилиб ҳаммаси ер билан, жой билан таъминланди,- дейди Олой бозори директори ўринбосари Алишер Дўстматов.

Тошкентлик Нозимжон ака бозор-ўчарини Олой бозорида қилади. У кишининг фикрича, ўзгаришлар ҳақиқатан бозорнинг кўринишини очган ва харидорлар машиналари учун қарийб 800та машинага мўлжалланган тўхташ жойининг қурилгани ҳам анча қулайлик яратган:

- Чиройли қилаяпти. Бузилган жойларга ўтларни экиб, чиройли қилаяпти, ободонлаштираяпти. Дарахтлар экаяпти, ўтлар экиб чиройли қилаяпти.. Мен учун йўллар бемалолда. Бемалол кириб борасиз. Машина тўла бўларди бозорнинг олдида. Ҳозир тўғри кириб борасиз. Машина йўқ. Йўллар очиқ. Юриш учун бемалол бўлиб қолди,- дейди Нозимжон.

Бироқ, дейди Нозимжон ака, Олой бозоридаги кийим-кечак дўконлари ва ошхоналарда ишлаган юзлаб одамлар бир куннинг ўзида ишсиз қолгани чакки бўлди:

- Лекин кўп одам ишсиз қолди. Кўп одам тирикчилик қиларди у ердан. Ошхоналар ишларди. Олтита ошхона кетди. Магазинлардан бештаси кетди. Умумий ҳисоблаганда 150-200 киши ишсиз қолди,- дейди Нозимжон ака.

Олой бозоридан кўчирилган дўконларидан бирининг эгаси Озодлик билан исми сир қолиши шарти билан гаплашишга рози бўлди. "Янги дўконлар учун шаҳарнинг бошқа бозорларидан жой ажратишни ваъда қилишди, лекин Ўрикзор бозоридан ваъда қилинган жойни ҳанузгача ололганим йўқ", дейди у.

Тошкентлик савдогар Жаҳонгир Шосалимов ҳам бозор кўриниши чиройли тус олганини айтар экан, тез суръатларда ва "ҳайбаракаллачилик шиорлари билан" олиб борилаётган қурилиш ишларида сифат даражаси иккинчи планда қолиб кетган кўринади, дейди:

- Ҳа, албатта, бозор кўриниши чиройли бўлган. Лекин нафақат бу қурилиш, балки Тошкент шаҳридаги бошқа қурилишларни олиб кўрсангиз, усти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб қоляпти. Мустақилликка қуриб битказишимиз керак, деб ура қилиб бир куннинг ўзида бузиб, бир куннинг ўзида қуриб қўйишяпти,- дейди тошкентлик савдогар Жаҳонгир Шосалимов.

Бундан аввал пойтахтнинг бошқа бозорларида ҳам дўконлар бузилган эди.
Бундан аввал шаҳарнинг Навоий кўчасидаги ярмарка ҳам бузилган эди ва у ердаги дўконлар шаҳардаги Ўрикзор бозори ва собиқ “Малика” тикув фабрикаси биносида очилган савдо мажмуасига кўчирила бошлаган.

Шунингдек, сўнгги ҳафталар ичида Юнусобод, Паркент бозорлари ҳамда Тошкент шаҳри метрополитенининг “Машинасозлар” бекати устида жойлашган бозорнинг айрим қисмлари бузилди.

Пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган Фарҳод савдо ярмаркаси ер билан текисланди.

Шунингдек, чоршанба куни Самарқанднинг Ургут туманидан Озодликка қўнғироқ қилган савдогарлар туман ҳокмилиги уларни бошқа жойга мажбуран кўчираётганини айтган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш ҳақидаги қарорига биноан бу бузилган жойларда янги имроатлар мустақилликнинг 20 йиллигигача қуриб битказилиши лозим.
XS
SM
MD
LG