Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:42

Каримов Медведевга нега сим қоқди?


Иккала президент ўртасида 23 май куни бўлиб ўтган телефон суҳбати мавзуи турли тахминларга сабаб бўлмоқда.


“Мунтазам ўтказиб туриладиган фикр алмашув доирасида Дмитрий Медведев ва Ислом Каримов икки томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар¸ халқаро муаммолар ҳамда истиқболдаги алоқалар режасини муҳокама қилдилар.

Телефон суҳбати ўзбек томони ташаббуси билан ўтказилди”¸ дейилади Россия президентининг расмий саҳифасида ëзилган икки энлик хабарда.
Бу икки энлик хабар¸ турли ахборот воситаларида турлича шарҳ ва тахминларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасида бўлиб ўтган навбатдаги телефон суҳбати¸ хусусан бу суҳбатни тақозо қилган сабаблар хусусидаги шарҳлар муносабати билан Озодлик Россия Стратегик тадқиқотлар институтининг етакчи таҳлилчиси Аждар Куртовга бир неча савол билан мурожаат қилди.

Озодлик: Аждар Аширович¸ Ислом Каримов Кремлга кўп ҳам тез-тез сим қоқадиган президентлардан эмас. 23 май куни Каримовни қандай муаммо¸ қандай эҳтиëж Медведевга сим қоқишга ундади¸ деб ўйлайсиз?

Аждар Куртов: Кремл ва Оқсарой бу суҳбат ҳақида аниқ бир хабар бермаëтган бир кезда¸ унда кўтарилган масалалар юзасидан ҳар хил тахминларни илгари суриш мумкин.

Менинг тахминим¸ МДҲ ичига постсовет ҳудудидаги яна бир интеграцион тузилмани тиқиштиририш юзасидан яқинда бўлиб ўтган мажлис билан боғлиқ. Мен дипломатик манбалардан олган маълумотга кўра¸ МДҲ нинг сўнгги йиғилишида Эркин савдо ҳудуди яратишга оид Москва ташаббуси яна қабул қилинмаган. Бунга эса¸ икки давлат – Туркманистон ва Ўзбекистоннинг қўшилмагани сабаб бўлган.

Туркманистон вакили Ашхобод позициясини очиқламай туриб¸ бу тузилмаган қўшилмаслигини билдирган бўлса¸ МДҲ йиғинидаги Тошкент намояндаси бу тузилмага кескин қаршилик билдирган ва Россия ва Украина томони таклиф қилган муросавий ечимни мутлақ қабул қилмаган.

Йиғилиш арафасида Москва расмийлари Эркин савдо ҳудудига оид келишувнинг имзоланиш учун ҳозирлиги ва МДҲ аъзоларининг бу борада муросага келганини билдираëтган эди. Аммо Тошкент¸ ўз эски одатига кўра¸ яна Москва режасини чиппакка чиқарди ва афтидан Ислом Каримов ана шу воқеа ортидан кескинликни бир оз юмшатиш мақсадида Медведевга сим қоққан бўлиши мумкин. Зотан ўтмишда ҳам Россиянинг МДҲ ҳудудларидаги режаларини кўп бор барбод қилган Тошкент раҳбари ўзини шу зайлда тутганига гувоҳ бўлганмиз.

Озодлик: Аждар Аширович¸ Ислом Каримов Дмитрий Медведевга сим қоқди¸ деган хабар ортидан¸ бу суҳбатга ундаган омилларга оид турли тахминлар пайдо бўлди. Uzmetronom.com интернет газетаси илгари сурган шундай тахминлардан бирига кўра¸ Россия Думасининг собиқ депутати Алексей Митрофановнинг Ўзбекистонда Каримовга қарши халқ исëни бошлангани ҳақида “Эхо Москвы” радиоси орқали тарқатган асоссиз хабари гўëки Ислом Каримовнинг ғазабини қўзғаган ва бу масалада Кремл расмий позициясини аниқлаш мақсадида¸ Оқсарой раҳбари Медведевга сим қоққан. Сиз бу тахминга нима дейсиз?

Аждар Куртов: Шубҳасиз¸ Ўзбекистон президенти атрофидаги шахслар¸ қолаверса бунинг учун махсус ваколат берилган тузилмалар Ўзбекистон ҳақида хориж оммавий ахборот воситалари¸ хусусан Россия ахборот дунëсида билдирилаëтган маълумот ва мулоҳазаларни мунтазам таъқиб этиб борадилар ва бу ҳақда Каримовни хабардор қилиб турадилар. Бошқа давлат матбуотинингЎзбекистон ҳақида ëзадиган ҳар бир танқидий хабари тошкентдагиларнинг кескин эътирозига сабаб бўлиши ҳам бор гап. Бунга Каримовнинг кўп маротаба Ғарб ва Россия мухбирларини Ўзбекистонга қарши ахборот хуружи уюштираëтгани ҳақидаги қаҳрли баëнотлари далил. Шу боис Алексей Митрофановнинг Тошкент ва Андижонда Каримов режимига қарши ўн минглаб одам исëнга чиққани ҳақида тарқатган хабарининг Оқсаройда эътироз уйғотганини тушуниш мумкин ва мен Каримов ана шу мақолага норозилигини билдириш учун Кремлга сим қоқди¸ деган тахминда жон бўлиши мумкинлигини инкор қилмайман.

Озодлик: Тошкент раҳбарининг кўп ҳам сиëсий вазнга эга бўлмаган Митрофановнинг чиқиши учун Кремл жавоб бериши керак¸ деган иддао билан Медведевга сим қоқиши¸ бир оз эришдек туюлмаяптими сизга?

Аждар Куртов: Дарҳақиқат¸ жаноб Митрофанов Россия расмийси эмас¸ бугун у Россия Давлат думасининг ҳам¸ ЛДПР нинг ҳам вакили эмас. У бугун расман “Справедливая Россия” партияси аъзоси саналади. Аммо жаноб Митрофанов ўз устози Жириновскийдан олган сабоқларига содиқ қолган ҳолда¸ вақт-вақти билан хаëлига келган бўлар-бўлмас гапни гапириб юради. Бундан мақсад¸ ўз шахсига эътибор қаратишдан бошқа нарса эмас.

Афсуски¸ тошкентдагилар бу каби енгил-елпи сиëсатчиларнинг енгил-елпи¸ асоссиз баëнотларига Россия ҳукуматининг расмий қараши ифодаси¸ деган шубҳа билан ëндашади. Аммо ишончим комил¸ Митрофановнинг Ўзбекистонда қўзғолон бошланди¸ деб тарқатган хабарига Кремлнинг алоқаси йўқ. Агар бўлганда эди¸ кремлдагилар бундай дезинформацияни сал тоши оғирроқ одамлар орқали қилган бўларди.

Шундай бўлса-да¸Тошкент Митрофанов баëнотини “Ҳа¸ ўзимиз билган каби¸ Москва Ўзбекистонни беқарорлаштиришга қаратилган ëвуз режалар устида ишлаяпти¸ Кремлда режимни ўзгартириш ҳаракати бор”¸ деган қабилда кутиб олган бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Шу боис¸ Каримов телефон суҳбатида бу борада ҳам Медведевдан гап олишга уринган бўлса¸ бордир.

Озодлик: Ўзбекистон-Россия муносабатлари мустақилликдан бери бирда илиб¸ бирда совуб давом этиб келмоқда. Тошкент-Москва муносабатларининг бугунги даври ҳавосини қандай баҳолайсиз?

Аждар Куртов: Шубҳасиз¸ ҳозирги алоқалар даври совуқчиликдан бошқа нарса эмас. Бугун Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг бирор жабҳасида алоқаларни яхши ëки илиқ деб бўлмайди. Иқтисодни оласизми¸ ҳарбий-хавфсизлик соҳасини ëхуд сиëсий муносабатлар¸ уларнинг барида деярли бир хил совуқчилик кузатилмоқда.

Ўзини ҳамма томондан иҳоталашни давом эттираëтган Тошкент режими Москванинг ҳар қандай таклиф ва ҳаракатига кучли шубҳа билан қарайди ва унда кўпинча ëвуз ниятни кўради. Шу боис¸ у Москвадан чиқадиган ҳар қандай ташаббус йўлини тўсишга уринмоқда. Аммо Москва-Тошкент муносабатларида бундай фасл ўзгариши ҳам янгилик эмас.
XS
SM
MD
LG