Эрон расмийлари аёллар терма жамоасининг 3 июн куни Иордания миллий жамоаси билан ўйинга қўймаган ФИФАни судга бериш билан таҳдид қилмоқда. Ўйинда қатнаша олмаган Эрон жамоасига автоматик равишда 3:0 ҳисобида мағлубият ёзилди.
Уммонда ўйин бошланиши арафасида эълон қилинган ФИФАнинг қарори эронлик футболчи аёлларнинг Лондондаги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш умидларини пучга чиқарди, дея эътироз билдирди Теҳрон расмийлари.
Эрон футбол федерациясининг аёллар масалалари бўйича мутасаддиси Фарида Шожай Рейтерс ахборот агентлигига эронлик аёллар беллашувни давом эттиришига умид қолмаганини баён қилди.
- Бу нима билан тугашини олдиндан айтиш жуда қийин. Биз либосимизни ўзгартиришимиз эҳтимолдан йироқ чунки ўтган ўйинлар қайта ўйналмайди. Шу ҳафтада финал ўйинларида иштирок этадиган жамоалар маълум бўлади. Шу сабаб иккинчи давра ўйинлари учун вақт ва пул сарфлаган давлатлар ўйинларни қайта ўтказишни истамайди,- деди Эрон расмийси.
Шожай Олимпиада саралаш ўйинларида иштирок этиш учун янги қоидалар жорий қилингани тўғрисида Эрон расмийлари аввалдан огоҳлантирилмаганини қўшимча қилди.
Унга кўра, ФИФА ўтган йили ўйинчилар формасига оид қоидага тузатиш киритганидан кейин Эроннинг аёллар терма жамоаси ўз формасини ўзгартирган.
Эрон расмийси янги формани ФИФА президенти Зепп Блаттер маъқуллагани ва кейинги ўйинларда футболчи қизлар майдонга ўша формада тушганларини иддао қилди.
- Биз ФИФАга электрон мактуб йўллаб, тушунтириш берилишини сўрадик. Улар эълон аввалроқ берилганини айтишди. Аммо ўйинлардан олдин биз улардан ҳеч қандай мактуб олмадик. Балки улар ўтган йилги мактубларни айтаётгандир. Биз ўшанда ҳамма талабларни бажардик ва ўйин ўтказдик. Кейинги даврада иштирок этишимизга қаршилик бўлмади. Бу Олимпиада ўйинларида иштирок этишимизга қаршилик йўқлигини англатади,- деди Эрон расмийси.
Айни пайтда ФИФА расмийлари ҳам Эрон, ҳам Иордания футбол федерацияларини соч, қулоқ ва бўйинни ўраб турадиган ҳижоб хавфсизлик нуқтаи назаридан таъқиқлангани борасида аввалдан огоҳлантирилганини таъкидламоқда.
7 июнги қарор аёл футболчилар либоси билан боғлиқ ФИФАнинг биринчи мунозарали қарори эмас.
2004 йилда ФИФА президенти Зепп Блаттер аёл футболчилар аёлларга хос либос, жумладан торроқ шортик кийишини таклиф қилганида кескин танқидларга учраган эди.