Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:16

ҲРУ: Қирғизистонда маҳбуслар миллатига кўра таҳқирланган


Ҳюман райтс уотч ҳисоботида айтилишича, 2010 йил июн воқеаларидан кейин Қирғизистон жанубидаги маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг барчасида қийноқларнинг ваҳшиёна усуллари қўлланилган.
Ҳюман райтс уотч ҳисоботида айтилишича, 2010 йил июн воқеаларидан кейин Қирғизистон жанубидаги маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг барчасида қийноқларнинг ваҳшиёна усуллари қўлланилган.

8 июн куни Бишкекда Ҳюман райтс уотч халқаро ташкилотининг Ўшдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид ҳисоботи тақдим этилди.

“Бузуқ адолат” деб номланган 86 саҳифали бу ҳисоботда Ўш қирғинига оид жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида қўлланилган қийноқлар ва судланувчиларга нисбатан холис ҳамда адолатли судлов масаласи ўрганилган.

“Ўш қирғини юзасидан ўтказилган терговлар ва суд жараёнлари жиддий қонунбузарликлар билан ўтган ва бу адолатли судлов бўлганини шубҳа остига қўяди”, дейилади Ҳюман райтс уотч ташкилотининг ҳисоботида.

- Маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланиши ва тергов пайтида қонунбузарликлар содир этилиши жуда кенг тарқалганини аниқладик. Қийноқлар барча ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қўлланилган, - деди Ҳюман райтс уотч ташкилоти тадқиқотчиси Уле Солванг.

Халқаро ташкилот ҳисоботида ёзилишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қийноқларнинг ваҳшиёна усулларини қўллаганлар, қийноқлар қўлга олиш жараёнидан бошлаб қўлланилган.

- Маҳбусларга нисбатан қийноқларнинг турли кўринишлари қўлланилган. Масалан, жуда узоқ вақт мобайнида аёвсиз ва давомли калтаклашлар, газниқоб кийдириб, нафас йўлларини тўсиш, сувқоғоз билан бўғиш ва димлаш ҳамда бошқа ваҳшиёна усуллар қўлланилган, - деди Уле Солванг.

Ташкилот ҳисоботида ёзилишича, Ўш қирғини пайтида қотиллик содир этганликда айбланиб қўлга олинган 124 одамнинг 115 нафари ўзбек миллатига мансуб, шу нуқтаи назардан қаралганда, қийноқларга солинган маҳбусларнинг 85 фоизи ўзбеклардир.

“Тергов пайтида бу маҳбуслар миллий мансубияти назарга олинган ҳолда таҳқирланган. Бу маълумотлар июн воқеаларини тергов қилишда миллий мансубиятига қараб иш тутилгани тўғрисидаги шубҳаларни кучайтиради”, деб билдирилади Ҳюман райтс уотч ҳисоботи юзасидан матбуотга тарқатилган баёнотда.

Ташкилот ҳисоботида Қирғизистон расмийлари, Бош прокуратура маҳбусларнинг қийноқлар юзасидан судларда берган баёнотлари ва аризаларини кўриб чиқишдан бош тортаётгани ёки эътиборсиз қолдираётгани қайд этилади.

Масалан, Қирғизистон Бош прокуратураси 2011 йилнинг май ойигача қийноқлар юзасидан берилган бирорта ариза юзасидан жиноят иши очмаган, барча аризаларга рад жавоби берилган.

Фақат 2011 йилнинг май ойидагина халқаро ташкилотлар босими остида Бош прокуратура жабрланувчи Фаррух Гапиров аризаси бўйича жиноят иши очишга мажбур бўлган. Ҳолбуки, Қирғизистон суди 2010 йилнинг декабрида Фаррух Гапировга нисбатан қамоқда қийноқ қўлланилгани тўғрисида қарор чиқариб, уни суд залидан озод қилган эди.

Бироқ Қирғизистон Бош прокуратураси халқаро ташкилот ҳисоботида берилган бу каби маълумотларни асоссиз эканини билдирмоқда. Бош прокуратура расмийси Сумар Насизага кўра, ҳар битта ариза диққат билан ўрганилмоқда:

- Июн воқеаси бўйича прокуратурага берилган ҳар бир ариза диққат билан текширилиб, бу борада Бош прокуратура ўз хулосасини бермоқда. Халқаро ташкилот фактларни гапирсин! Фактсиз гапирмасин, - деди Сумар Насиза.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ҳюман райтс уотч ҳисоботида ҳар бир маълумот далиллар билан тақдим этилади. Айни пайтда ҳисоботда Бош прокуратуранинг мазкур халқаро ташкилот мурожаатига қайтарган расмий жавоби ҳам ўрин олган. Бош прокуратуранинг расмий хатида қийноқлар тўғрисидаги 14 та ҳолат кўриб чиқилгани, 13 ҳолат бўйича жиноят иши очиш рад этилгани, 1 ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани ва бу жиноят иши маҳбусга қийноқ қўллаган милиция ходими аниқланмагани туфайли тўхтатилгани айтилади.
XS
SM
MD
LG