Тадбиркорлар ҳомийлиги тўғрисида қарор
Бу ҳақдаги хабарни Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи тарқатди. Ташкилот раҳбари Суҳроб Исмоилов тарқатган пресс-релизга кўра, танлов доирасида Тошкент шаҳрида 22 маҳаллани “намунали маҳалла” даражасига етказиш учун, у ерда “ободонлаштириш” ишларини амалга ошириш тўғрисида пойтахт ҳокими шу йилнинг 29 март куни 175-сонли қарор қабул қилинган.
Бу қарорга биноан, туман ҳокимликларига “Намунали маҳалла” лойиҳасини амалга ошириш чораларига оид режаларни ишлаб чиқиш топширилган.
Айни режалар эса, пойтахтлик тадбиркорларга босим ўтказиб, улардан пул ундириш орқали амалга тадбиқ этиляпти, дея маълум қилади эксперт ишчи гуруҳи.
Бунда ҳомийлик қилишга зўрланганлар асосан оддий тадбиркорлар бўлиб, орқасида нуфузли амалдорлар турган ёки бизнеси давлат мулозимларига алоқадор тадбиркорлар “намунали маҳаллалар”га ҳомийлик қилиш мажбуриятидан озод этилмоқда, дейилади “Намунали маҳалла – тадбиркорлар учун мажбурий хайрия” номли хабарномада.
Республика Маҳалла жамғармаси мутассадилари Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида “Энг обод ва намунали маҳалла” танлови ўтказилаётганини тасдиқлашди, лекин Эксперт ишчи гуруҳи эълон қилган хабарни изоҳлашдан бош тортишди.
Вилоятларда ҳам "наъмунали маҳаллалар" бор
Айни пайтда, маълум бўлишича, “Намунали маҳалла” лойиҳаси доирасида нафақат Тошкент, балки бошқа вилоятларда ҳам айрим аҳоли пунктлари тадбиркорлар ҳисобидан ободонлаштирилмоқда.
Исмини келтирмасликни маъқул кўрганимиз, вилоят марказларидан биридаги маҳалла фаолининг айтишича, “Намунали маҳалла” танлови доирасида уларнинг маҳалласи ҳам ободонлаштирилмоқда.
“Ҳар бир байрам олдидан ҳокимиятда маҳалла раислари йиғилиши бўлади. Шунда фалон, фалон маҳаллада, фалон иш қилинсин дейилади. Бу сафар ҳам “Намунали маҳалла” танлови учун маҳалламизда болалар майдончаси, спорт майдончаси, ҳовуз қурилиши ва дарахтлар экилиши айтилди. Шундан кейин ҳокимият берган топшириқ бўйича маҳалламиз ҳудудидаги йирик тадбиркорлар бирма-бир маҳалла қўмитасига чақиртирилиб, бундан хабардор қилинди. Улар кейин қилинадиган ишлар учун маҳалла ҳисобига пул ўтказиб бердилар”, дейди суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича, нафақат мустақиллик, балки Наврўз каби байрамда ҳам маҳаллий тадбиркорлардан “ҳомийлик” қилиб бериш илтимос қилинади. “Ўтган Наврўз байрамида ҳам маҳалламиз ҳудудидаги дўконлар хўжайинларига байрам дастурхонини бекаму-кўст безаб бериш топширилган эди”, дейди маҳалла фаоли.
Фарғоналик 25 ёшли тадбиркор Абдулазиз ҳозирча “ҳомийлик”ка мажбурланмаган. Лекин зўрланмаган тадбиркорлардан ҳам, йўқ деганда байрам кунлари ўз дўкони айвонига “мустақиллик”ни улуғловчи шиорларни осиб қўйиши кутилади, дейди тадбиркор.
Маълум бўлишича, мустақиллик олдидан ўзбекистонлик тадбиркорларга таклиф қилинаётган ва асосан президентдан иқтибос келтирилган шиорларнинг энг арзони 200-250 минг сўмдан пулланмоқда.